Линклар

Украина: Яценюк президент таклиф этган бош вазирликни қабул қилмади


Украина мухолифати етакчиларидан бири Арсений Яценюк "етакчиларни халқ сайлаши керак", дея президент таклиф этган бош вазирлик лавозимини қабул қилмаслигини айтди. Лекин Яценюкнинг таъкидича, Украина мухолифати Янукович таклифи бўйича ҳали бир қарорга келгани йўқ.


Украина мухолифати етакчиларидан бири Арсений Яценюк президент Виктор Янукович таклифларини рад этиб, курашни давом эттиражагини билдирди.





“Батькившчина” ҳаракати етакчиси Арсений Яценюк президент таклиф этган бош вазирлик лавозимини қабул қилмаслигини билдирди.

- Лидерларни халқ сайлайди, президент эмас, - деб ёзди у, шунингдек Твиттердаги саҳифасида.

Бир кун аввал мухолифат етакчилари билан учрашган Украина президенти Виктор Янукович намойишчиларни тарқатиш эвазига Арсений Яценюкка бош вазирлик, “Удар” ҳаракати етакчиси Виталий Кличкога бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимларини таклиф этганди.

Бундан ташқари, Янукович қамоққа олинган намойишчиларни авф этишни ва конституцияга ўзгартишлар киритишни ҳам ваъда қилди.

Лекин, Украина мухолифати Янукович таклифи бўйича ҳали бир қарорга келгани йўқ.

“Удар” ҳаракати етакчиси Виталий Кличко президент билан музакаралар давом этишини билдирди.

Киев майдонига йиғилган намойишчиларга қарата мурожаатида мухолифат талабларини яна бир бор такрорлади.

- Бизнинг талабимиз - президент сайловлари шу йилнинг ўзида ўтказилсин. Биз ортга чекинмаймиз, майдонда ва вилоятларда позицияларимизни ушлаб турибмиз, - деди Кличко.

Шунингдек, мухолифат етакчилари 28 январ куни бўладиган праламентнинг фавқулодда мажлисида намойишларни чекловчи қонуннинг бекор қилинишига умид қилмоқдалар.

Киевдаги норозилик акциялари ўтган ҳафта намойишларни қатъий чекловчи қонун тасдиқланиши ортидан кучайиб кетди.

Президент Виктор Янукович мазкур қонун келаси ҳафта парламентнинг фавқулодда мажлисида қайта кўриб чиқилишини ва қонунга ўзгартириш киритилишини ваъда қилган.

- Шармандали қонунга ўзгартириш киритиш керак эмас, уни бекор қилиш керак, -деди Яценюк.

Бугун Киевда полиция ва намойишчилар ўртасида яна тўқнашувлар рўй берди. Якшанбага ўтар кечаси намойишчилар Киевдаги Украина уйи деб аталувчи Конгреес маркази биносини ишғол этишди.

Мухолифат Украинанинг бошқа шаҳарларидаги тарафдорларини ҳокимиятни ўз қўлларига олишга чақирмоқда.

Айни пайтда Львов, Ивано-Франковск, Тернопол, Хмельницкий, Ровно ва Черкасс каби йигирмадан ортиқ вилоят ва шаҳар марказларида намойишчилар маҳаллий ҳокимият биноларини ишғол этган.

Мухолифат фаолларига кўра, Киевда полиция билан тўқнашувларда сўнгги бир ҳафта ичида беш намойишчи ҳалок бўлган. Ҳукумат эса икки нафар намойишчининг ўлимини тасдиқлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG