Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:33

Диний китобларни Ўзбекистонга экспертизадан ўтказилганидан сўнггина олиб кириш мумкин


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 20 январь куни қабул қилган “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолият тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида” қарор билан шу масалага оид икки низомни тасдиқлади.

Бу ҳақда хабар қилган UzDaily.uz га кўра, низомларнинг биринчиси билан диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш тартиби белгиланса, иккинчиси билан диний мазмундаги материалларни давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш тартиби белгилаб қўйилгани хабар қилинди.

Биринчи низомга биноан диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, мамлакатга олиб кириш ва тарқатишга ўша материаллар давлат диншунослик экспертизасидан ўтганидан кейингина рухсат берилади.

Диний материалга қўйиладиган талаблар

Айтилишича, диний мазмундаги материалларда (масалан, китобнинг унвонида) унинг тўлиқ номи ва мундарижаси, муаллифи тўғрисида маълумотлар, ношир, материал қачон ва қаерда чоп этилгани, адади ва бошқа маълумотлар давлат тилида берилган бўлиши лозим.

Эксперт ким?

Ўзбекистон ҳудудида диний мазмундаги материаллар юридик ва жисмоний шахслар томонидан тайёрланиши мумкин. Тайёрловчилар материалнинг синов нусхасини ва у ҳақдаги зарур маълумотлар экспертизадан ўтказувчи ваколатли идорага етказиши лозимлиги айтилган қарорда. Ваколатли идора қилиб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тайинланган.

Экспертиза қанча вақт олади?

Белгилаб қўйилишича, қўмита экспетриза учун топширилган материални 10 иш куни ичида ўрганиб чиқади ва ўз хулосасини беради. Хулоса ижобий бўлганидан сўнггина материалларни чоп этишни бошлаш мумкин.

Диний материални мамлакатга олиб кираётганда нима бўлиши мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва МХХ Давлат чегара қўмитаси давлат чегарасида олиб қўйилган материалларни экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга ўз вақтида жўнатилишини таъминлайди.
Тақиқланган адабиётлар рўйхатига киритилган материаллар экспертизадан ўтказилганидан кейин божхона ёки чегара қўмитаси органлари томонидан мусодара қилинади.

Шахсий эҳтиёж учун олиб кириш мумкинми?

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун ҳар бир номдагиси 3 нусхадан кўп бўлмаган материаллар, агар тақиқланган материаллар рўйхатида бўлмаса, экспертизадан ўтказилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритишга рухсат этилади.

Диний материални ким сота олади?

Диний мазмундаги материалларни Ўзбекистон ҳудудида тарқатиш билан фискал хотирали назорат касса машиналари, тўлов терминаллари мавжуд, кундалик савдо пулини банкка топшириш учун инкасса қиладиган юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади.

Диний мазмундаги материалларни стационар эмас савдо нуқталарида сотиш мумкин эмас.

Диний материаллар нима учун тақиқланиши мумкин?

Диний мазмундаги материалларни, агар улар:

кишиларни жинси, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи ёки бошқа ҳолатларига қараб камситса ёки бошқаларнинг маҳсулотини камситса;

таркибида Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тизимини, ҳудудий яхлитлигини ўзгартиришга чақириқлар бўлса;

таркибида диний эътиқодни ўзгартиришга чақириқлар бўлса ва шунга ўхшаш бошқа унсурлар бўлса, Ўзбекистон ҳудудида тарқатиш тақиқланади.

Шу пайтгача ҳам текширишар эдию?!

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов диний мотивлар билан озодликдан маҳрум қилинадиган ўзбекистонликлар устидан ўтказиладиган суд жараёнларини бир неча йиллардан бери кузатиб келади.

Унинг айтишича, ҳукуматнинг диний материалларга оид қарори катта янгилик эмас. Мазкур ҳужжат шу пайтгача амал қилиб келган амалиётни қонунийлаштириб қўйди холос.

- Ўзи 15 йилдан бери бу нарса (экспертизадан ўтказиш) бор. Шу пайтгача бу иш бир қоида сифатида, буйруқ асосида ўтказилиб келган. Мана энди ўша қоидани қонунлаштиришмоқда. Шу пайтгача судларда судланувчилар ёнларидан чиққан диний адабиётларнинг тақиқланган адабиёт эканлигини билмаганликларини айтиб келганлар. Бундан буён эса, у гапни айта олишмайди, деди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG