Линклар

logo-print

БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлигига кўра, Қирғизистон қочқинлар юзасидан халқаро мажбуриятларни бажаришда намуна кўрсатаётир. Бироқ бу мамлакатдаги ўзбек қочқинлари бунинг аксини айтмоқдалар.

Қирғизистон Меҳнат, миграция ва ёшлар вазирлигида ўтган учрашув чоғида БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги ваколатхонаси раҳбари Йохан Сиффоант “Қирғизистон қочқинлар масаласида халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича намуна бўла олади, деб билдиргани ҳақида қирғиз матбуоти хабар тарқатди.

Мазкур вазирликдаги учрашувда қочқинларга бошпана изловчи шахс мақомини бериш юзасидан қоидаларни мукаммаллаштириш, Қирғизистон ҳудудида рўйхатга олинган қочқинларга мамлакатда ишлаш ҳуқуқини бериш масаласи муҳокама қилингани хабар қилинди. Айни пайтда Қирғизистонга бошпана излаб келган шахсларга мамлакат ҳудудида меҳнат қилиш тақиқланган, шу билан биргаликда бошпана изловчиларга бериладиган бир мартабалик молиявий кўмак миқдори ҳам 30 доллардан ошмайди.

Қирғизистонда бошпана изловчи шахс мақомига эга бўлган ўзбекистонликлар БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги ваколатхонаси раҳбари Йохан Сиффоант фикрларига қўшилмасликларини айтадилар. Ўзини Каримжон деб таништирган ўзбекистонлик қочқиннинг айтишича, Қирғизистонда бошпана изловчиларнинг учинчи давлатга кўчирилиши йиллар давомида ҳал этилмай келинади, бунинг устига бу мамлакатда қочқинларнинг хавфсизлиги ҳам таъминланмаган. Бунинг оқибатида Қирғизистон ҳудудидан қочқинларни ўғирлаб Ўзбекистонга олиб кетиш ҳолатлари бўлган. Бу каби воқеалар Қирғизистон ҳудудида ўзбекистонлик қочқинларни қўрқувда яшашга мажбур қилмоқда.

-УВКБ ООНдан ҳеч қандай наф йўқ, ёрдам ҳам йўқ. Учинчи давлатга кўчирилишини уч йиллаб, тўрт йиллаб, беш йиллаб кутиб юрганлар бор. Улар хавотирда яшайдилар. Улар ўзидан эмас, оиласидан, уларнинг хавфсизлигидан хавотирланиб яшамоқдалар. Келажак ҳақида ҳеч ким ўйламай қўйди, ҳамма бугунги куни билан яшаяпти, -деди Каримжон.

Қирғизистонда сўнгги марта ўзбекистонлик қочқиннинг ўғирланиши 20013 йилнинг февралида содир бўлган эди. Бир неча йилдан бери оиласи билан Бишкекда яшаб келаётган ўзбекистонлик қочқин Шухрат Мусин номаълум одамлар томонидан ўғирлаб кетилган. Орадан бир неча ой ўтгач эса у Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида 8 йилга судлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Шуҳрат Мусиннинг айни пайтда Қирғизистонда яшаётган хотини Барно Гайбердиева бу хабарни Андижон судида эрини ҳимоя қилган адвокатдан эшитганини Озодлик радиосига билдирди.

-Менга адвокат телефон қилиб, шу гапни айтди. Лекин ўзимиз Ўзбекистонга бора олганимиз йўқ. Чунки чегаралар ёпиқ, у томонларга одамларни ўтказишмаяпти, -деди Барно Гайбердиева.

Мазкур масала юзасидан расмийлар ва БМТнинг Бишкек ваколатхонаси шарҳ беришдан тийлиб келмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда Қирғизистонда 137 қочқин бор. Уларнинг 122 нафари афғонистонлик, 15 нафари эса бошқа давлатлар фуқаролари экани айтилади.

Ўтган йили Қирғизистон ҳукумат органларига 249 фуқаро қочқинлик мақоми сўраб мурожаат қилган. Бироқ уларнинг 12 нафаригагина бошпана изловчи шахс мақоми берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG