Линклар

Тошкентдаги Miran International Hotel маъмурияти ходимлар ва мижозларга меҳмонхона биносига жойнамоз билан киришни тақиқлади. Маъмурият вакили бундай қарор сабабини "ички сиёсат" деб изоҳлади. Бунга қадар Fergananews агентлиги меҳмонхона ходимларига жойнамоз учун 14 ярим миллион сўм жарима солинганини хабар қилган эди.



Тошкентдаги беш юлдузли Miran International Hotel маъмурияти ўз ходимлари ва мижозларига бино ичига жойнамоз олиб киришини тақиқлади.

26 январь куни Fergananews агентлиги ушбу меҳмонхона ходимларидан бирига бинодаги хоналардан бирида жойнамоз топилгани учун 14 ярим миллион сўм жарима солинганини хабар қилган эди.

Бу хабар ортидан боғланган Озодлик мухбири Miran International Hotel маъмуриятидан расмий жавоб олишга муваффақ бўлмади.

Аммо, сайёҳлик хизмати билан шуғулланувчи ширкат вакили сифатида боғланиб, Интернет нашрларида тарқалган хабарларнинг рост ёки ёлғонлигига қизиққан Озодлик мухбирга жавобан меҳмонхонанинг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасадди ходими бинога жойнамоз олиб кириш мумкин эмаслигини маълум қилди.

"Меҳмонхонанинг ички сиёсати шунақа. Раҳбарият томонидан бу қарор. Меҳмонхонадаги хоналар ичида ҳам намоз ўқиш мумкинмас. Жойнамоз олиб кириш мумкинмас, шу. Пиёда 15 минут юрсангиз, катта масжид бор. Мижозлар бемалол бориб, намоз ўқишлари мумкин", дея гапни қисқа қилди микрофонсиз суҳбат чоғида меҳмонхона ходими.

26 январь куни Fergananews агентлиги ўз манбаларига таяниб, январь ойи аввалида ҳуқуқ-тартибот идоралари фоҳишабозликка қарши кураш доирасида меҳмонхонага рейд уюштирилганини хабар қилди.

Хабарда айтилишича, бундай жиноят элементларини топмаган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари меҳмонлар учун мўлжалланган хоналардан бирида қолиб кетган жойнамозни топган. Меҳмонхона ходимлари эгаси чиқиб қолса, деган тахмин билан жойнамозни йўқолган буюмлар рўйхатига киритган.

Аммо орадан бир кун ўтиб, Miran International Hotel ходимларидан бири Миробод туманлараро суди томонидан энг кам иш ҳақининг 150 баробари миқдорида жаримага солинган. Меҳмонхона маъмуриятининг аппеляция судига киритган шикоят аризаси ҳам қондирилмаган.

Fergananews агентлигининг шахсини очиқлашни истамаган манбаси, 14 ярим миллион сўм (давлат курси билан тахминан 6 минг 540 АҚШ доллари) миқдоридаги жарима айнан эгасиз жойнамоз учун солинганини тахмин қилмоқда.

Бироқ манба суд қарори қайси қонуннинг қайси моддалари асосида чиқарилгани унга қоронғу эканини айтган. Айни пайтда рейд ўтказилган сана ва жаримага тортилган ходимнинг шахсига оид маълумотлар ҳам Озодликка номаълум.

Озодлик мухбирининг буни аниқлашга уриниши ҳозирча натижа бермади. Миробод туманлараро суди котибияти бу борада бирор маълумот беришдан бош тортди.

Miran International Hotel 2012 йилнинг 12 майида очилган. Меҳмонхона расмий сайтида унинг халқаро Miran Group (Ироқдаги қурилиш ширкати - Таҳр.) кўмагида очилгани айтилган. Меҳмонхонанинг кимга тегишли экани ҳақида эса маълумот берилмаган.

Меҳмонхонада 140та хона бор ва хоналарнинг шароитига қараб бир кеча учун 118 АҚШ долларидан 600 АҚШ долларига қадар нарх белгиланган. Мижозлари асосан хорижлик экани айтилган меҳмонхонанинг халқаро стандартларга тўлиқ жавоб бериши алоҳида таъкидланади.

Тошкентдаги 4 ярим юлдузлик меҳмонхоналардан бирида Мижозлар билан ишлаш бўлими бошқарувчиси бўлиб ишлайдиган ва исмини ошкор этмаётганимиз манбанинг айтишича, намоз ўқишга оид тақиқ асосан ходимларга тегишлидир.

У Miran International Hotel маъмуриятидан олинган жавобда тушунмовчилик борлигини тахмин қилди.

"Ўзи меҳмонхонада ходимларга овқатланиш учун озгина вақт берилади. Тамом, бошқа вақт иш ўрнини ташлаш мумкин эмас. Масалан, кассир ёки юк ташувчи, қабулхонадагилар иш ўрнини бир дақиқа ҳам ташлаб кетиши мумкин эмас. Намоз ўқишга вақти йўқ аслида. Лекин, мижозларга буни тақиқлаш мумкинмас. Сумкасида жойнамозини олиб кириб, хонасида ўқийверадида. Мижозни сумкаси ҳеч қаерда текширилмайди, Miranда ҳам", деди Тошкентдаги нуфузли меҳмонхоналардан бирининг Мижозлар билан ишлаш бўлими бошқарувчиси.

Шу кунга қадар Озодликка келган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қатор давлат идоралари ва бюджет ташкилотлари ходимларига иш жойи ва вақтида намоз ўқишни тақиқлашга оид ички тартиб ўрнатилган.

Аммо, бундай тартибнинг меҳмонхоналар, хусусан Miran International Hotel каби асосан хорижлик сайёҳларга мўлжалланган беш юлдузлик меҳмонхоналарда ҳам қўлланганига оид ҳолат Озодликка илк бор маълум бўлмоқда.

Бироқ, 2013 йилнинг октябрь ойида Тошкентдаги учта нуфузли меҳмонхона - Ramada Tashkent Hotel (собиқ “Парк Турон” меҳмонхонаси - Таҳр.) Dedeman Silk Road Tashkent ва Le Grande Plaza Hotel меҳмонхоналарида Ўзбекистон куч ишлатар тизими ходимлари тарафидан ўтказилган рейд акс этган видеофильм "WhatsApp" ва бошқа Интернет тармоқларида тарқалган эди.

Ўзбекистоннинг марказий телеканалларидан бирида тайëрланган ишониладиган, номаълум сабабларга кўра эфирга узатилмаган, аммо Интернет тармоқларига сиздирилган видеофильмда рейднинг фоҳишабозликка қарши кураш доирасида ўтказилгани айтилган эди.

Январь ойида Тошкентдаги беш юлдузли Miran International Hotel меҳмонхонасида ўтказилган рейдни, одатан Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати тезкор гуруҳлари ҳамкорлигида ўтказиладиган тадбирларнинг навбатдагиси, деб тахмин қилиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG