Линклар

Украина: Мухолифат президент билан музокараларни давом эттиришга тайёрлигини айтмоқда


Украина мухолифати президент билан музокараларни давом эттиришга тайёрлигини айтмоқда. Президент Януковичнинг Минтақалар партияси ҳукумат биноларини эгаллаб олган намойишчиларни жазолашга чақирмоқда. Украина Адлия вазирлиги биносини эгаллаб олган норозилар "ҳукумат адолатдан маҳрум қилинди", демоқда. Адлия вазири мамлакатда фавқулодда вазият жорий қилиниши билан қўрқитмоқда.



Душанба куни Украина мухолифатининг асосий партиялари президент Виктор Янукович билан музокараларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Шу билан биргаликда мухолифатчилар аксилҳукумат намойиши иштирокчиларининг сабр косаси тўлаётганидан огоҳлантирди.

Душанба куни эълон қилган қўшма баёнотда мухолифат етакчилари “ҳукуматнинг музокараларни тарк этиб, фавқулодда вазият эълон қилиш уринишларига қарамасдан” мухолифат музокараларни давом эттиришга тайёр дейилади.

Айни пайтда, душанба куни Украина иқтидоридаги Минтақалар партияси мамлакат бош прокуратурасини намойишчилар томонидан амалга оширлаётган ҳар қандай “аксилконституциявий” ҳаракатларни тергов қилиб, қонунбузарларни жавобгарликка тортишга чақирмоқда. Иқтидордаги партия мамлакат бўйлаб минтақавий кенгашлар ва бошқа ҳукумат биноларини эгаллаб олган норозилар ҳаракатларини назарда тутмоқда.

Президент Виктор Янукович дохил партия душанба куни эълон қилган баёнотида “ёш фашистлар давлат тўнтаришини ясашга уринмоқда”, дея иддао қилинади.

Баёнотда шунингдек, Киевдаги мухолифат етакчилари минтақаларда ҳокимиятни ўз назоратига олиш мақсадида ҳукумат биноларини эгаллаб олишга буйруқ берганликда айбланади.

Намойишчилар Украина ғарбидаги вилоятларда 10га яқин шаҳар кенгашлари ва ҳукуматлари биноларини эгаллаб олган.

Киевда намойишчилар якшанба куни кечқурун Адлия вазирлиги биносини эгаллаб олди. Бир неча соатлик ишғолдан кейин намойишчилар бинони тарк этди, лекин уни блок қилишда давом этмоқда.

Рейтерс агентлиги билан гаплашган намойишчилардан бири норозиларнинг бу ҳаракатини “рамзий” дея изоҳлади.

- Адлия вазирлиги биносининг ишғол қилиниши исёнкор халқнинг рамзий ҳаракатидир. Энди бу ҳокимият адолатдан маҳрум қилинди,- деди ҳукумат биносини эгаллаб олган намойичшчи.

Адлия вазири Олена Лукаш агар норозилар бинони тарк этмаса, фавқулодда вазият жорий этилиши тўғрисида мурожаат қилишини билдирди.

- Агар Адлия вазирлиги биноси озод қилинмаса, мен ҳамкасбларим – Хавфсизлик ва мудофаа кенгаши аъзоларига мурожаат қилиб, мамлакатда фавқулодда вазият режими жорий этилишини сўрашга мажбур бўламан,- деди Украина адлия вазири.

Кеча ўтган чоршанба куни зўравонликлар пайтида ўлдирилган уч намойишчидан бири Михаил Жизневскийнинг дафн маросимига минглаб одам тўпланди. Марҳум Беларусда дафн қилинади.

Украиналик тадбиркор ва собиқ ташқи ишлар вазири Петро Порошенко Жизневскийни “мазлум”, дея атади.

- Ўт очишни буюрган одамлар бунинг учун албатта жавоб беришларига ишонаман. Менимча, Михаил Украина мазлумидир. У православ инсон сифатида Украина келажаги учун жафокаш ўлимни қабул қилди. Ҳозир энг муҳими нафақат жавобгарларни жазолаш, балки у ҳалок бўлган мақсадга хиёнат қилмасликдир,- деди мухолифат вакили.

Украина Мудофаа вазири Павло Лебедев якшанба кунги чиқишида мамлакат қуролли кучлари вужудга келган можарога аралашмаслигини эълон қилди.

ИТАР-ТАСС агентлигига берган интервьюсида Лебедев “Армия Украина конституцияси ва қонунларига қатъий амал қилади”, дея таъкидлади.

Мухолифат етакчиларидан бири Виталий Кличко Германияда чиқадиган “Bild am Sonntag” газетасига берган интервьюсида Януковичнинг мухолифатга ҳукуматга қўшилиш, жумладан бош вазир лавозимини эгаллаш таклифини “норозилик ҳаракати ичида бўлиниш ясашга қаратилган заҳарли таклиф”, дея атади.

Кличко мухолифат ўз талаблари, хусусан, муддатидан аввал президент сайловини эълон қилиш талабидан воз кечмаслигини билдирди.

Ватиканда Рим Папаси Фарнцис Украинада зўравонликларни тўхтатиб, мамлакат ҳукумати ва мухолифати ўртасида “конструктив мулоқот” ўрнатишга чақирди.

Украинада аксилҳукумат намойишлари ноябрь ойида Янукович Европа Иттифоқи билан Ассоциацияга киришиш битимини имзолашдан бош тортиши ортидан келиб чиқди. Януковчининг кутилмаган бу қарорига Россия босими сабаб бўлгани тахмин қилинади.

Фаоллар ҳокимиятда коррупция, давлат ваколатларининг суиистеъмол қилиниши ва инсон ҳуқуқларининг бузулиши норозиликни янада авж олдирди демоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG