Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:28

Россия парламенти Ўзбекистоннинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши масаласини муҳокама этади


Ўзбекистоннинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши протоколи 2012 йилда МДҲ бош вазирлари учрашувида қабул қилинган.
Ўзбекистоннинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши протоколи 2012 йилда МДҲ бош вазирлари учрашувида қабул қилинган.

Россия Вазирлар Маҳкамаси мамлакат Давлат Думасига Ўзбекистоннинг МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилиши тўғрисидаги протоколни муҳокамага киритди. Россия ҳукумати расмий сайтида протокол 16 январ куни вазирлар томонидан муҳокама этилиб, тасдиқлангани хабар қилинади.



2014 йилнинг 25 январида Россия ҳукумати Ўзбекистоннинг МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилиши борасида тегишли протоколни мамлакат парламенти муҳокамасига киритгани хабар қилинмоқда.

“Протокол Россия томонидан 2012 йилнинг 28 сентябридаги МДҲ ҳукумат раҳбарлари Кенгаши қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасини МДҲ доирасидаги ҳамкорликка фаолроқ жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Божхона иттифоқига аъзо давлатлар савдо режимларини бир шаклга келтириш учун ишлаб чиқилган”, дейилади Россия Вазирлар Маҳкамаси расмий сайтидаги хабарномада.

Думага киритилган расмий ҳужжатда Божхона Иттифоқи мамлакатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдода импорт божи жорий этилмаслиги, бироқ икки тараф ўртасидаги шартнома “бир қатор шартлар асосида амал қилиши” белгилаб берилган. Хусусан, Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатлари ўзаро савдода миллий режим мажбуриятларидан 2020 йилнинг 31 декабригача ёки Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон Савдо ташкилотига қўшилиши муддатигача ҳоли этилиши кўзда тутилган.

Хабарномада Россия Федерацияси қонунчилиги томонидан белгиланган бошқа қоидаларни ҳам ўз ичига олгани айтилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов “2011 йил 18 октябрдаги Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномани унинг Томонлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қўллаш ҳақидаги Баённомани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунга имзо чеккан эди.

Бу билан Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилган тўққизинчи давлат бўлди.

Келажакда МДҲ маконида Европа Иттифоқига ўхшаш тузилма бўлади, деган ишончда Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ташкил топган ягона Божхона иттифоқи ўз фаолиятини 2010 йилда бошлаган эди.

Ўзбекистон МДҲ нинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши ҳақидаги шартномани 2013 йил 31 май куни Беларус пойтахти Минскда бўлиб ўтган МДҲ бош вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида имзолаган эди. Бу Протоколни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун Ўзбекистон Республикаси парламентининг Қуйи палатаси томонидан 2013 йилнинг 29 ноябр куни қабул қилинди, Сенат эса уни 13 декабрда ўз тасдиғидан ўтказди.

“Эркин савдо ҳудуди ташкил этиш” ҳақидаги битмига МДҲнинг саккиз давлати - Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Украина ва Қирғизистон имзо чеккан.

Ҳозирда Қирғизистон ва Тожикистон мазкур келишувни ратификация қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.
XS
SM
MD
LG