Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:25

Хотинини пичоқлаган мардикор колонияга жўнатилди


2014 йилнинг январ ойида Нижний Новгород вилоятининг Кстов шаҳар суди 40 ёшли Ўзбекистон фуқаросини 11 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди. Ўзбек муҳожири ўтган йили рашк устида хотини пичоқлаб ўлдирганликда айбдор деб топилди.


Кстов шаҳар суди қарори билан ўз хотинини ўлдирганликда айбдор деб топилган 40 ёшли Ўзбекистон фуқароси қаттиқ режимли колонияда қамоқ жазосини ўташга юборилди.

Нижний Новгород вилояти бўйича прокуратурасида Озодликка ҳодиса тафсилотларини очиқлаб, айбланувчи ўз айбига иқрор бўлмаган бўлса-да, суд маҳкамасида унинг айби тўлиқ ўз исботини топганини маълум қилишди.

- Суд жараёни декабр охирлари-январ бошларида бўлиб ўтди. У Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105 моддаси – котиллик юзасидан айбдор деб топилди. Судда бу жиноятни айнан шу айбланувчи содир этганини қатор гувоҳлар тасдиқлади. У судда рус тилини мутлақо билмаслиги иддао қилиб, терговчи ва суд тафтишчилари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиб келди, деди Озодликка ҳодиса тафслотларини гапириб берган Нижний Новгород вилояти прокурори катта ёрдамчиси Жанна Мордовина.

Прокуратура вакиласи эр-хотин 2013 йилнинг апрел ойида вилоятнинг Кстов шаҳрига иш излаб келиб қолганини айтди.

Суд қарори тўлиқ кучга кирмагани муносабати билан исми ошкор этилмаётган 40 яшар ўзбекистонлик муҳожир тайинли жойда ишламаган, унинг турмуш ўртоғи эса Кстовнинг қурилиш ташкилотларидан бирида ўзига иш топган.

Терговчилар аниқлашича, бу оилада эр-хотиннинг жанжали доимий тус олган. Бу жанжалларга эрнинг доимий рашк қилиши, рафиқасини асоссиз калтаклаб келгани сабаб бўлган. Навбатдаги жанжалдан кейин 37 ёшли аёл ўз ҳаётидан хавотир олиб, уйдан чиқиб кетган ва ишхона қўриқчиларига эрини корхона ҳудудига киритмасликни сўраган.

6 август куни кетиб қолган хотиннинг “адабини бериб қўйиш” мақсадида, 1973 йилда туғилган эр махсус кийим кийиб олиб, тушлик пайтида Кстово шаҳридаги қурилиш объектига кириб боради ва ошхонада овқат тарқатувчи бўлиб ишлаётган хотинига ташланиб, ерга йиқитиб олади ва икки маротаба пичоқ солади.

Ҳодиса гувоҳи бўлган ўзбекистонлик ишчилар жиноятчини қўлга олади ва етиб келган полиция ходимларига топширади. Олинган оғир жароҳатлардан ўзбекистонлик аёл шифохонага олиб кетилаётганида йўлда жон беради.

Нижний Новгород вилояти прокурори катта ёрдамчиси Жанна Мордовинага кўра, эр-хотиннинг Ўзбекистонда иккита вояга етмаган фарзанди етим қолган.

Суд маҳкамасида келтирилган исбот-далилларни инобатга олган Кстов шаҳар судяси қотилликда айбланган 40 яшар Ўзбекистон фуқаросини 11 йилга қаттиқ режимли колонияга жазо ўташга жўнатиш тўғрисида ҳукм чиқарди.
XS
SM
MD
LG