Линклар

ОТБдан Ўзбекистонга ҳомийлик қилишни тўхтатиш сўралмоқда


Ўзбекистонда болалар ва катталар мажбурий меҳнатига қарши курашувчи халқаро ташкилотларни бирлаштирувчи Глобал коалиция Осиё Тараққиёт банкини Ўзбекистон пахта саноатини қўллаб-қувватловчи лойиҳаларни тўхтатишга чақирди.

“Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистон ҳукумати болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан воз кечиш мажбуриятини олмагунча Ўзбекистондаги Аму Бухоро Ирригация тизимини модернизация қилиш ва такомиллаштириш лойиҳасини тўхтатиши керак” дейилади 38та инсон ҳуқуқлари, бизнес, сармоя ва диний ташкилотни бирлаштирадиган тузилма ОТБ президенти Такеҳико Накаога юборган мактубда.

Мактубни имзолаган Инсон ҳуқуқлари учун Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова “ОТБ инсон ҳуқуқларини бузувчи секторга ҳомийлик қилиш ўрнига, Ўзбекистон ҳукуматидан мажбурий меҳнатни тўхтатишни талаб қилиши керак”, дея таъкидлади.

Глобал коалиция мактубида 2013 йилги пахта мавсумида Ўзбекистон ҳукумати 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ва катталарни систематик тарзда пахта теришга мажбурлагани қайд этилади.

Ўтган йилги пахта мавсумини мониторинг қилган Халқаро меҳнат ташкилоти ҳам Ўзбекистон пахта секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш давом этаётганидан ташвиш билдирди, дейилади яна баёнотда.

Ўзбекистон пахта етиштиришда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиши ўзбек пахтасининг 100дан ортиқ хориж ширкати томонидан бойкот қилинишига сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG