Линклар

logo-print

Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотлари ва якка шахсларга бошқа ҳуқуқий ва жисмоний шахслар хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат кўрсатиш ҳамда қўриқчилик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.


Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 24 январь куни қабул қилинган 16-қарорида айтилади.

Узметроном сайтида эълон қилинган ҳужжат матнига мувофиқ, Ички ишлар вазирлигига Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда шу кунда фаолият кўрсатаётган хусусий қўриқчилик ташкилотларининг барчасини аниқлаш ҳамда янгиларини тузиш бўйича барча ҳаракатларнинг олдини олиш топширилган.

Қарорда айтилишича, эндиликда Ўзбекистонда хусусий қўриқчилик агентликлари аввал бажарган вазифаларни мамлакат Ички ишлар вазирлиги қошидаги “Қўриқчилик” бирлашмасигина адо этишга ҳақли.

Хусусий қўриқчилик агентликларининг тугатилиши доирасида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлигига бир ой ичида эҳтимолий мижозлар билан шартнома намунасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда “Қўриқчилик” бирлашмаси томонидан хизмат кўрсатиш тарифларини қайта кўриб чиқиш топширилган.

Қарорнинг бажарилиши устидан назорат бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов ва ички ишлар вазири Адҳамжон Аҳмадбоев зиммасига юклатилган.

Вазирлик қароридан қўриқчилик агентликлари хабардор


Тошкентдаги қўриқчилик хизмати билан шуғулланувчи ташкилотларнинг аксарияти мазкур қарор билан аллақачон танишганлари маълум бўлди.

- Бизга расмий буйруқ келди. 31 январь охирги иш кунимиз бўлиб ҳисобланади. Қўриқлайдиган объектларимизни топширяпмиз. Буюртмачини бу ҳақда хабардор қилганмиз. Энди объектини қўриқлаш учун буюртмачи кимни ёллайди – буни ўзи ҳал қилади, - дейди Тошкентда 2009 йилдан буён фаолият кўрсатиб келган “SB STELLA” МЧЖ қўриқчилик агентлиги директори Нўъмон Мансуров.

“Қўлингизда ишлаган қўриқчи ходимларнинг ҳоли нима кечади?” деган саволимизга Нўъмон ака: “Нима ҳам қилардик, энди уларни ишдан бўшатишга мажбурмиз”, дея жавоб берди.

- Иш бўлмаса, фаолият бўлмаса, мен уларни боқиб ўтиролмайман-ку, тўғрими? Бу иш бизнинг айбимиз билан бўлаётгани йўқ. Агар ишдан бўшатилиш бизнинг айбимиз билан бўлганида уларни эплаб боқишимиз, бирор иш топиб беришимиз мумкин эди. Энди эса шунча одам ишсиз қолди, - дейди Нўъмон Мансуров.

“Бозорга чиқиб, картошка сотамиз”


Ўзбекистонда фаолият кўрсатиб келган яна бир агентликнинг раҳбари (бу одам ўз ташкилоти номи ҳам ўз исми ҳам ошкор қилинишини истамади – таҳр.) Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 24 январидаги қарори туфайли қўлида ишлайдиган 50 чоғли қўриқчи ишсиз қолганини таассуф билан қайд этади.

- Охрана учун очгандик фирмани – специализированний. Қўлимизда элликтага яқин одам ишларди.

Озодлик: Энди уларнинг ҳаммасини ишдан бўшатасизлар, шунақами?

- Албатта, бошқа нима иложимиз бор? Бозорга чиқиб картошка сотамиз бундан буёғига, - дейди Ўзбекистонда қўриқчилик хизмати кўрсатувчи фирма раҳбарларидан бири.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, қўриқчилик хизматига асосан армияга бориб келган, келбати спортчиларникига ўхшаш, соғлом йигитлар олинган.

- Ўзимизнинг методикаларимиз бор. Методистларимиз ўшаларни ўргатишарди, инструкция беришарди. Қанақа қилиб туриш керак, нима қилиш керак, ким билан қанақа гаплашиш керак – ҳаммаси ўргатиларди, кейин объектга чиқариларди, - дейди қўриқчилик фирмаси раҳбари кейинги ойдан бошлаб ўзига таниш бўлган 200 га яқин қўриқчи ишсиз қолажагини тахмин қиларкан.

Ўзбекистондаги қўриқчилик агентликлар шу пайтгача турли ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини қўриқлаш билан шуғулланишган.

Милиса кирмасин!


Хусусий фирма қўриқчилари Тошкентдаги кўплаб элчихоналарни ҳам қўриқлагани ҳақида ёзган Узметроном нашри хорижлик дипломатлар ўз қароргоҳларига Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимларини киритишга рози бўлишига шубҳа билдиради.

“Уларни ичкарига қўймайдилар. Хорижий ваколатхоналар истиқоматдаги мамлакатда ёллаган қўриқчиларни дипломатик миссия штатига киритишга мажбур бўладилар. Бироқ бундай чора, АҚШ, Россия ва Исроил элчихоналарини истисно қилганда, аксар элчихоналар харажат сметасида кўзда тутилмаган”, деб ёзади Узметроном.

Қўриқчилик ваколатлари нима сабабдан айнан Ички ишлар вазирлигига ўтказиб берилиши борасида ҳам ёзган нашр ўз экспертлари фикрига таянган ҳолда бунинг “Ўзбекистонда бош ва асосий деб ҳисобланиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун махсус хизматлар ўртасида бошланган гизли кураш” эканини истисно қилмайди.

Озодликнинг Ўзбекистондаги воқеликдан хабардор манбаси эса бу тадбир ортида янги ички ишлар вазири Адҳамжон Аҳмадбоев муассасасини ҳам молиявий, ҳам сиёсий жиҳатдан кучайтириш ҳаракатини кўради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG