Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:49

Қирғизистонда 11 уйғурнинг ўлдирилиши ўрганилмоқда


Чегарани бузгани айтилаётган уйғурлар ўлдиргани иддао қилинаётган ўрмончи Александр Барикинни дафн этиш маросими.
Чегарани бузгани айтилаётган уйғурлар ўлдиргани иддао қилинаётган ўрмончи Александр Барикинни дафн этиш маросими.

Қирғизистон чегарачилари томонидан 24 январь куни қирғиз-хитой чегарасини бузганликда айбланиб отиб ўлдирилган 11 уйғур масаласи қирғиз паламентида ва жамиятида қизғин муҳокама этилди. Жаҳон уйғурлар конгресси эса қирғиз чегарачилари Хитой зулмидан қочиб бошпана сўрашга келган уйғурларни ўлдирганини иддао қилаётир.

Қирғизистон парламентининг мудофаа ва хавфсизлик қўмитасининг 27 январь кунги йиғинида депутатлар қирғиз-хитой чегарасини бузиб ўтишда айбланган 11 нафар уйғур миллатига мансуб одамнинг чегарачилар томонидан ўлдирилишидан норози эканликларини билдирдилар. Депутатлар фикрича, имкон бўлмаган тақдирда ҳам уларнинг бир қисмини тирик қўлга олиш лозим эди.

-Қуролсиз одамларнинг ҳаммасини ўлдириш бу тўғри эмас. Йўқ деганда уларнинг бир нафарини тирик қўлга олиш керак эди. Уларнинг ҳаммаси ўлдирилгани сабабли, бугунги кунда бу гуруҳ Қирғизистон ҳудудига нега ўтгани, бу ерда уларнинг қандай алоқалари борлиги ҳақидаги маълумотлар очилмай қолди, -деди депутат Исмаил Исақов.

Қирғизистонда 11 уйғурнинг ўлдирилиши ўрганилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:33 0:00
Бевосита линк

Депутатларнинг бу каби саволларига ҳукумат расмийлари чегарабузарларни жисмонан йўқ қилиш мажбурий чора бўлганини айтган. Ҳукумат расмийларининг билдиришича, воқеа бўлган куни об-ҳаво ёмонлиги туфайли вертолёт учмай қолган. Бунинг натижасида чегарага қўшимча куч жўнатиш имконияти бўлмаган. Шундан сўнг кечга яқин чегарабузарларни йўқ қилиш ҳақида буйруқ берилган. Қирғизистон Чегара хизмати раиси вазифасини бажарувчи Раимберди Дуйшенбиев, жумладан, мана буларни айтди:

-Уларнинг кимлиги, уларнинг қандай қуроллари борлиги бизга маълум эмас эди. Масалан, уларни ярадор қилиб қўлга олайлик десак, улардан бири бизнинг чегарачиларимизни ўлдириб қўйса нима бўлар эди?-деди Раимберди Дуйшенбиев.

Айтиб ўтиш лозимки, 24 январь куни Қирғизистон чегарасини қуролланган гуруҳ бузиб ўтгани, мазкур гуруҳ билан отишма бўлгани, отишма пайтида қуролланган гуруҳнинг барча аъзолари ўлдирилгани хабар қилинган эди. Бироқ дастлабки текширувлардан маълум бўлишича, чегарани Хитой томонидан бузиб ўтган гуруҳда пичоқ ва иккита болтадан ташқари ҳеч қандай қурол бўлмаган. Бу гуруҳни биринчи бўлиб кўриб қолган қирғизистонлик ўрмончи Александр Барикин бу ҳақда чегарачиларга хабар берган. Чегарачилар чора кўриш ўрнига унга мазкур гуруҳни кузатишда давом этишни топшириб, тез орада воқеа жойига етиб боришларини билдирганлар. Шундан сўнг, расмий маълумотларда айтилишича, Барикин уйғурлар гуруҳидаги икки кишини отиб ташлаган. Уйғурлар эса уни ўлдириб, қуролини тортиб олишган.

Оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилаётган бу расмий билдирувдаги воқеалар ҳақиқатга нақдар яқин экани қоронғулигича қолмоқда. Чунки бу маълумотларни тасдиқлай оладиган гувоҳлар йўқ, воқеага ойдинлик киритиши мумкин бўлган уйғурларнинг барчаси эса йўқ қилинган.

Жаҳон уйғурлар конгресси Қирғизистон-Хитой чегарасида 11 нафар уйғур миллатига мансуб қуролсиз одамларнинг жисмонан йўқ қилинишини халқаро меъёрларга зид ҳаракат деб баҳоламоқда. Конгресс томонидан 27 январда тарқатилган баёнотда айтилишича, бу уйғурлар Хитой зулмидан қочиб, Қирғизистонга бошпана излаб келаётган қочқинлар бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас эди.

27 январь куни “Озод Осиё” радиоси уйғур хизматига суҳбат берган Жаҳон уйғурлар конгресси раиси Робия Қодир бу ҳатти –ҳаракати учун Қирғизистон ҳукумати халқаро ҳамжамият олдида жавоб бериши керак деб ҳисоблайди:

-Бирлашган Миллатлар ташкилотидан Қирғизистоннинг қочқинларга нисбатан бундай муносабатига аралашишини, Америка ҳукумати ва Европа парламенти бу вазиятга аралашиб, Қирғизистон хато йўл тутганини билдиришини ва айбдорларни жазога тортишни мен дунё ҳамжамиятидан ҳамда Қирғизистондаги адолатпарвар сиёсатчилардан талаб қиламан, -деди Робия Қодир.
XS
SM
MD
LG