Линклар

Украина парламенти мамлакатда икки ойдирки давом этаётган норозилик чиқишларига барҳам бериш йўллари муҳокама қилинаётган навбатдан ташқари йиғилиши аввалида Бош вазир Микола Азаров истеъфога кетишини маълум қилди.

Эндиликда собиқ бош вазир истеъфо сабабини юзага чиққан "зиддиятни тинч йўллар билан ҳал қилиш учун томонлар ўртасида сиёсий муросага эришиш йўлида қўшимча имкон яратиш мақсади" билан изоҳлади.

Ўтган ҳафтада президент Виктор Янукович бу лавозимни мухолифат етакчиларидан бири Арсений Яценюкка таклиф қилган, Яценюк эса буни рад этган.

Парламент йиғилишдан аввал мухолифатнинг уч етакчиси билан учрашган президент Янукович норозилик намойишларини чеклаш тўғрисидаги баҳсли қонунларни бекор қилишга рози эканини билдирди.

Душанба кунги учрашувда Янукович, шунингдек, агар намойишчилар биноларни эгаллаб олиш ҳамда Киев бош майдонида намойиш ўтказишни бас қилмасалар, ҳибсга олинганларга нисбатан амнистия қўлланилмаслигидан ҳам огоҳлантирди.

Сешанба кунги парламент йиғилиши аввалида матбуотга сўзлаган Адлия вазири Елена Лукаш норозилик чиқишларидаги зўравонликлар учун парламент зиммасидаги жавобгарлик масаласи ҳам бугунги йиғинда муҳокама этилишини айтган.
XS
SM
MD
LG