Линклар

Украина парламенти мухолифат норозилигига сабаб бўлаётган намойишларни чекловчи қонунни бекор қилиш учун овоз берди. 16 январь куни тасдиқланган бу қонунни бекор қилиш таклифини 361 депутат маъқуллади, икки нафари рад этди. Сешанба куни парламент йиғилишида Бош вазири Микола Азаров ҳам истеъфо берди.


Украина парламенти мамлакатда икки ойдирки давом этаётган норозилик чиқишларига барҳам бериш йўлларини қидириб, сешанба куни навбатдан ташқари сессияга йиғилди.

Сессияда депутатлар қарийб бир овоздан баҳсларга сабаб бўлаётган қонун - Украинада норозилик чиқишлари ва кўча юришларини чекловчи қоунни бекор қилиш учун овоз берди. Депутатларнинг 361 нафари таклифни ёқлади, фақат икки нафари бунга қарши чиқди.

Бу натижа парламент биноси ҳамда Евромайдонга йиғилган норозилик чиқиши иштирокчилари томонидан гулдирос қарсаклар остида қабул қилинди.

Ушбу сессия аввалида Бош вазир Микола Азаров ҳам истеъфога кетишини маълум қилди. Эндиликда собиқ бош вазир истеъфо сабабини юзага чиққан "зиддиятни тинч йўллар билан ҳал қилиш учун томонлар ўртасида сиёсий муросага эришиш йўлида қўшимча имкон яратиш мақсади" билан изоҳлади.

Ўтган ҳафтада президент Виктор Янукович бу лавозимни мухолифат етакчиларидан бири Арсений Яценюкка таклиф қилган, Яценюк эса буни рад этган.


Live streaming video by Ustream

Парламент йиғилишдан аввал мухолифатнинг уч етакчиси билан учрашган президент Янукович норозилик намойишларини чеклаш тўғрисидаги баҳсли қонунларни бекор қилишга рози эканини билдирди.

Душанба кунги учрашувда Янукович, шунингдек, агар намойишчилар биноларни эгаллаб олиш ҳамда Киев бош майдонида намойиш ўтказишни бас қилмасалар, ҳибсга олинганларга нисбатан амнистия қўлланилмаслигидан ҳам огоҳлантирди.

Сешанба кунги парламент йиғилиши аввалида матбуотга сўзлаган Адлия вазири Елена Лукаш норозилик чиқишларидаги зўравонликлар учун парламент зиммасидаги жавобгарлик масаласи ҳам бугунги йиғинда муҳокама этилишини айтган.

Душанба куни Украина иқтидоридаги Минтақалар партияси мамлакат бош прокуратурасини намойишчилар томонидан амалга оширлаётган ҳар қандай “аксилконституциявий” ҳаракатларни тергов қилиб, қонунбузарларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Иқтидордаги партия мамлакат бўйлаб минтақавий кенгашлар ва бошқа ҳукумат биноларини эгаллаб олган норозилар ҳаракатларини назарда тутмоқда. Президент Виктор Янукович дохил партия душанба куни эълон қилган баёнотида “ёш фашистлар давлат тўнтаришини ясашга уринмоқда”, дея иддао қилинди.

Баёнотда шунингдек, Киевдаги мухолифат етакчилари минтақаларда ҳокимиятни ўз назоратига олиш мақсадида ҳукумат биноларини эгаллаб олишга буйруқ берганликда айбланди.

Намойишчилар Украина ғарбидаги вилоятларда 10га яқин шаҳар кенгашлари ва ҳукуматлари биноларини эгаллаб олган. Киевда намойишчилар якшанба куни кечқурун Адлия вазирлиги биносини эгаллаб олди. Бир неча соатлик ишғолдан кейин намойишчилар бинони тарк этди.

Рейтерс агентлиги билан гаплашган намойишчилардан бири норозиларнинг бу ҳаракатини “рамзий” дея изоҳлади.

- Адлия вазирлиги биносининг ишғол қилиниши исёнкор халқнинг рамзий ҳаракатидир. Энди бу ҳокимият адолатдан маҳрум қилинди,- деди ҳукумат биносини эгаллаб олган намойишчи.

Украина Мудофаа вазири Павло Лебедев якшанба кунги чиқишида мамлакат қуролли кучлари вужудга келган можарога аралашмаслигини эълон қилди.

ИТАР-ТАСС агентлигига берган интервьюсида Лебедев “Армия Украина конституцияси ва қонунларига қатъий амал қилади”, дея таъкидлади.

Мухолифат етакчиларидан бири Виталий Кличко Германияда чиқадиган Bild am Sonntag газетасига берган интервьюсида Януковичнинг мухолифатга ҳукуматга қўшилиш, жумладан бош вазир лавозимини эгаллаш таклифини “норозилик ҳаракати ичида бўлиниш ясашга қаратилган заҳарли таклиф”, дея атади.

Кличко мухолифат ўз талаблари, хусусан, муддатидан аввал президент сайловини эълон қилиш талабидан воз кечмаслигини билдирди.

Ватиканда Рим Папаси Фарнцис Украинада зўравонликларни тўхтатиб, мамлакат ҳукумати ва мухолифати ўртасида “конструктив мулоқот” ўрнатишга чақирди.

Украинада аксилҳукумат намойишлари ноябрь ойида Янукович Европа Иттифоқи билан Ассоциацияга киришиш битимини имзолашдан бош тортиши ортидан келиб чиқди. Януковчининг кутилмаган бу қарорига Россия босими сабаб бўлгани тахмин қилинади.

Фаоллар ҳокимиятда коррупция, давлат ваколатларининг суистеъмол қилиниши ва инсон ҳуқуқларининг бузулиши норозиликни янада авж олдирди, демоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG