Линклар

Украина парламенти мамлакатда икки ойдирки давом этаётган норозилик чиқишларига барҳам бериш йўлларини қидириб, сешанба куни навбатдан ташқари сессияга йиғилди.

Сессияда депутатлар қарийб бир овоздан баҳсларга сабаб бўлаётган қонун - Украинада норозилик чиқишлари ва кўча юришларини чекловчи қоунни бекор қилиш учун овоз берди. Депутатларнинг 361 нафари таклифни ёқлади, фақат икки нафари бунга қарши чиқди.

Бу натижа парламент биноси ҳамда Евромайдонга йиғилган норозилик чиқиши иштирокчилари томонидан гулдирос қарсаклар остида қабул қилинди.

Ушбу сессия аввалида Бош вазир Микола Азаров ҳам истеъфога кетишини маълум қилди. Эндиликда собиқ бош вазир истеъфо сабабини юзага чиққан "зиддиятни тинч йўллар билан ҳал қилиш учун томонлар ўртасида сиёсий муросага эришиш йўлида қўшимча имкон яратиш мақсади" билан изоҳлади.

Киевдаги Евромайдонда мухолифат тарафдорларининг норозилик чиқишлари ҳамон давом этмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, чиқишлар чоғида тўқнашувлар кузатилмаяпти.
XS
SM
MD
LG