Линклар

Расмийлар “Флешка” савдо маркази кўчирилишини инкор қилди

  • Садриддин Ашур

Тошкентдаги асосий электротехника бозорларидан бири “Флешка” (собиқ "Малика" фабрикаси) савдо маркази

Тошкентдаги асосий электротехника бозорларидан бири “Флешка” (собиқ "Малика" фабрикаси) савдо маркази

Хўжалик ва электр-рўзғор буюмлари, аудио ва видеотехникалар билан савдо қиладиган Тошкент шаҳридаги “Флешка” техномаркази дўконларининг Чорсудаги “Тошкент”( собиқ “Туркуаз”) савдо марказига кўчиши ҳақидаги хабар расмийлар томонидан инкор қилинди. 27 январь куни ўзбек тилидаги Интернет нашрларида пайдо бўлган бу хабар ижтимоий тармоқлар ва дўкондорлар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди.


Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги "Флешка" (собиқ "Малика" фабрикаси) савдо марказидаги дўконларнинг собиқ “Туркуаз” савдо маркази биносида очилган "Тошкент” савдо марказига кўчиши мумкинлиги ҳақидаги дастлабки хабарни 27 январь куни Daryo.Uz сайти тарқатди.

Megamall.Uz порталининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасидан олинган бу хабарни ўзбек тилидаги бир қанча Интернет сайтлари кўчириб босганидан сўнг Facebook, WhatsApp каби ижтимоий тармоқларда ҳам бу мавзуда баҳсу-мунозара бошланиб кетди.

Озодликка бу хабарга аниқлик киритишни сўраб, мурожаат қилган тингловчи собиқ “Малика” тикувчилик фабрикаси биносига кўчган техномарказга ҳам қисқа фурсатда етиб борган бу хабар бинодаги юзга яқин тадбиркор кўнглига яна ғулғула солганини ёзди.

Бу тадбиркорлар 3 йил муқаддам Навоий шоҳ кўчасидаги савдо қаторидан собиқ фабрика биносига кўчирилган эди.

Озодлик мухбири аввало “Флешка” савдо марказидаги дўкондорлар билан боғланиб, бу хабарнинг қанчалик тўғри экани билан қизиқди.

“Флешка” савдо марказида мобил телефонлар ва аудиотехника билан савдо қилувчи тадбиркор кечадан буён тадбиркорларни бир оз саросимага солиб қўйганини айтди:

- Ҳозирча амалда ҳеч қандай кўчиш бўлгани йўғу, лекин шундай гап-сўз юрибди. Сал ташвишга тушиб қолдик, чунки Навоийдан бу ерга кўчганимизга ҳали уч йил ҳам бўлгани йўқ. Бунинг қанчалик тўғри ёки нотўғри эканини билмайман, - деди тадбиркор.

Ўзини Шавкат, деб таништирган яна бир дўкон сотувчиси эса савдо марказида қилинаётган баъзи ўзгаришлар шундай гап-сўзларнинг кўпайишига сабаб бўлган бўлиши мумкин, дейди:

- Ичкарида зонтиклар борку, баннерлар, ана ўшаларни олдиришяпти. Стоянкадаги мошинларни орқа стоянкага ўтказишяпти. Харид қилгани келган одамлар бемалол айланиб юрсин деган мақсадда қилиняпти. Лекин бошқа жойга кўчасизлар деган гап бўлгани йўқ, - деди сотувчи.

Хўжалик моллари билан савдо қиладиган дўкон мудири ҳам савдо марказининг кўчирилиши ҳақидаги хабарни инкор қилди:

- Ўзи кўчганимизга уч йил бўлди, яна қаёққа кўчамиз? Йўқ, йўқ, бўлмаган гап. Бу одамларнинг кўча гапи, деди дўкон мудири.

Озодлик мухбири “Флешка” савдо маркази жойлашган Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигидан ҳам бундай гап-сўз бўлмагани ҳақидаги жавобни олди.

Биргина “Тошкент” савдо уйининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда "Флешка" савдо марказидаги дўконларининг бу ерга кўчирилишини эҳтимолдан соқит қилмади:

- Битта иккита тадбиркорлар бизга келишяпти, жой олишяпти. Лекин оммавий кўчирилиши ҳақида ҳали ҳеч нарса деёлмайман, - деди мавҳум оҳангда жавоб берган “Тошкент” савдо уйининг мулозими.

Қизиғи, "Флешка" савдо марказидаги тадбиркорлар ва ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида баҳсларга сабаб бўлиб кетган бу хабар айни пайтда Megamall.Uz порталининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасидан ғойиб бўлиб қолди.

2011 йилнинг март ойида Тошкент шаҳри марказидаги Навоий кўчасида
жойлашган савдо дўконлари ер билан яксон қилинган эди.

Пул айланмаси бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил этган Навоий кўчасидаги савдо расталарида сотувчилик қилган ўзбек тадбиркорлари кутилмаганда кўчиш ҳақидаги буйруқни олган ва уч кун ичида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган собиқ "Малика" тикув фабрикаси ўрнидаги янги савдо марказига кўчирилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG