Линклар

Москвада Ўзбекистон томонидан қидирувга берилган Франция фуқароси қўлга олинди


Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг 28 январь куни тарқатган маълумотига кўра, Москвадаги Шереметьево аэропортида қатор иқтисодий жиноятларда гумонланиб, халқаро қидирувга берилган 48 ёшли франциялик фуқаро қўлга олинган.

Аввал бир муддат Ўзбекистонда яшаган бу одам шериклари билан бирга бир неча йил мобайнида хорижий давлатлар, молиявий тузилма ва банклар томонидан ажратилган ва йирик инвестицион дастур ва лойиҳаларни молиялаштиришга мўлжалланган маблағларни ўзлаштиргани иддао қилинмоқда.

Россия полициячилари исмини ошкор қилмаётган бу кишига нисбатан 2011 йили мазкур ҳодиса бўйича Ўзбекистон Республикаси тергов идоралари томонидан жиноят иши очилгани, у чет элга қочиб кетганидан сўнг эса халқаро қидирувга берилгани айтилмоқда.

Фергана.news ахборот агентлиги россиялик полициячилар томонидан қўлга олинган шахснинг исми Эрик Кокини экани ҳақида ёзди.

Айтилишича, франциялик тадбиркор Кокини яқин-яқинларгача Тошкентдаги юқори доираларда таниқли одам бўлган, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан атторлик соҳасида ҳамкорлик қилган. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Эрик Кокинини Франциянинг “БРЕФАК” ширкати раҳбари ва ҳатто Ўзбекистоннинг Франциядаги фахрий консули ўлароқ тақдим этиб келганлар.

Шу кунда Россия расмийлари Москвада қўлга олинган франциялик тадбиркорни Ўзбекистонга топшириш масаласини кўриб чиқмоқдалар.

“Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қидирувда бўлган шахс қўлга олингани ҳақида хабардор қилинди. Уни Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиш масаласи ҳал қилинмоқда”, дея маълум қилади Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ўзининг кечаги хабарида.
XS
SM
MD
LG