Линклар

Тошкент қидираётган француз Москвада ушланди


Москвада қўлга олинган франциялик тадбиркор Эрик Кокини, "Мир" телеканали лавҳасидан олинган ТВ-скриншот.

Москвада қўлга олинган франциялик тадбиркор Эрик Кокини, "Мир" телеканали лавҳасидан олинган ТВ-скриншот.

Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг 28 январь куни тарқатган маълумотига кўра, Москвадаги Шереметьево аэропортида қатор иқтисодий жиноятларда гумонланиб, халқаро қидирувга берилган 48 ёшли франциялик фуқаро қўлга олинган.


Аввал бир муддат Ўзбекистонда яшаган бу одам шериклари билан бирга бир неча йил мобайнида хорижий давлатлар, молиявий тузилма ва банклар томонидан ажратилган ва йирик инвестицион дастур ва лойиҳаларни молиялаштиришга мўлжалланган маблағларни ўзлаштиргани иддао қилинаяпти.

Россия полициячилари исмини ошкор қилмаётган бу кишига нисбатан 2011 йили мазкур ҳодиса бўйича Ўзбекистон Республикаси тергов идоралари томонидан жиноят иши очилгани, у чет элга қочиб кетганидан сўнг эса халқаро қидирувга берилгани айтилмоқда.

Фергана.news ахборот агентлиги россиялик полициячилар томонидан қўлга олинган шахснинг исми Эрик Кокини экани ҳақида ёзди.

Агентлик раҳбари Даниил Кислов Россия Ички ишлар вазирлиги Ниццадан учиб келган ва Шереметьевода қўлга олинган жаноб Коконининг шахсини нима учун очиқламагани ўзи учун тушунарсиз эканини айтди.

- Ички ишлар вазирлиги ҳам, кеча бу хабарни кўчириб босган Россия оммавий ахборот воситаларининг биронтаси ҳам бу одамнинг исмини очиқ ёзмагани жуда қизиқ. Аммо бизнинг Тошкентдаги манбаларимизга бу одамнинг Эрик Кокини экани дарров тушунарли бўлди. Гап шундаки, бу одамни ўзбекистонлик тадбиркорлар, журналистлар, дипломатлар ёки Ўзбекистон-Франция алоқаларига озми-кўпми дахли бўлган кишиларнинг ҳаммаси жуда яхши танийди. У 90-йиллар охири ёки 2000 йиллар бошларидан бошлаб Ўзбекистонда қарийб ўн йилча ишлаган ва у ерда Франциянинг турли фирмаларини тамсил этган. Агар Интернетни синчиклаб қараб чиқсангиз, унинг гоҳ у фирма, гоҳ бошқа фирма вакили сифатида намоён бўлади. Тошкентдаги манбаларимиздан бири бу киши аниқ Эрик Кокони экани ҳақида ёзди ва биз учун фақат бунга объектив исбот топиш иши қолди. Кеча оқшом уни “Мир” телеканали кўрсатганидан кейин биз унинг ўша одам эканига амин бўлдик, - дейди Даниил Кислов.

Дарҳақиқат, Интернет тармоғида Эрик Кокини исмли фаранг тадбиркорининг Ўзбекистонда турли ширкатлар тамсилчиси бўлганига оид кўплаб маълумотлар бор. Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидан айримлари эса аввалроқ бу одамни ҳатто Ўзбекистоннинг Франциядаги фахрий консули ўлароқ тақдим этиб келганлар.

Фарғона.news ахборот агентлиги раҳбарининг қайд этишича, жаноб Кокини яқин-яқинларгача Ўзбекистондаги юқори доираларда таниқли одам бўлган.

- Манбаларимиздан бирининг айтишича, Тошкентда Эрикнинг хонадонида меҳмон бўлиб, ундан совға-салом олмаган биронта ҳам дипломат ёки вазир йўқ. Биз Ўзбекистонда бизнес коррупцияга оид қандайдир моделларга асосланганини яхши биламиз. Аммо биз доим Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар коррупциянинг ошкор қилинмайдиган қоидаларига кўра ўйнашга мажбур экани ҳақида далил-исботларга эга бўлишни истардик. Эрик шулар ҳақида батафсил гапириб бериши мумкин бўлган одам эди, деб ўйлайман, - дейди Даниил Кислов.

“Фарғона.news нашрининг кечаги хабарида Эрик Кокини Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилганига оид айрим маълумотлар ҳам берилган, сиз Эрикнинг Гулнора билан алоқаларига оид нималарни биласиз?” деб сўраймиз Даниил Кисловдан.

Бу саволга жавобан суҳбатдошимиз Гулнора Каримова билан Эрик Конини ўртасидаги муносабатлар юзасидан ўз тасарруфида бирор ҳужжат йўқлигини, лекин бу маълумотлар ишончли манба сўзларига таянган ҳолда ёйинланганини маълум қилди.

- Манбаларимизнинг айтишича, Кокини Ўзбекистон президентининг қизи Гулнорага француз атирлари дунёси эшикларини очиб берган одамлардан бири ёки асосий одам бўлиб ҳисобланади. Биз Гулноранинг “Guli” бренди остида Франциядаги атир-упа фабрикаларида чиқарилган атирлар муаллифи эканини биламиз. Французларнинг олдига бориб, “мен ўз атирларимни чиқармоқчиман” деб айтиш билан бу иш осонгина амалга ошиб қолмайди. Бу ерда қанақадир лоббичи керак, сизни у ёққа олиб кирадиган одам керак. Биздаги маълумотларга кўра, Эрик айнан шунақа одам бўлган. Умуман олганда, ўзбек-француз бизнес алоқаларига келсак, бу бизнеснинг катта қисми сўнггги пайтларгача Гулноранинг назорати остида бўлган. Бир неча бутиклар, шу жумладан, француз бренд моллари сотиладиган бир қанча дўконлар шулар жумласидандир. Биздаги маълумотларга кўра, бу ишда Эрик Гулнорага жуда фаол ёрдам берган, унинг манфаатлари ёювчиси бўлиб хизмат қилган, - дейди Даниил Кислов.

Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг сешанба кунги хабарида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қидирувда бўлган шахснинг (яъни Эрик Кокинининг – таҳр.) Москвада қўлга олингани ҳақида хабардор қилингани, бу одамни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласи ҳал қилинаётгани айтилади.

Айни пайтда Фергана.news ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов Эрик Кокинининг Тошкентга топширилишига шубҳа билан қарамоқда.

- У Франция фуқароси, бундай шароитда уни Ўзбекистон талабига кўра экстрадиция қилиб юборишларига унча ишонмайман. Менимча, уни бериб юборишмайди. У Интерпол орқали қидирувга берилмаган бўлиши керак, акс ҳолда, уни Франциядан ҳам чиқаришмасди ёки бошқа бир жойда тутишган бўларди. У ҳатто Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги давлатлараро келишув асосида қидирувга берилган бўлса ҳам, уни бериб юборишмайди, деб ўйлайман, - дейди Даниил Кислов.

2011 йили Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Эрик Кокинини тақдирлаган Франциянинг Тошкентдаги элчихонаси вакиллари ҳозирча бу тадбиркорга оид бирор изоҳ берилмаслигини маълум қилишди.

Франциянинг Москвадаги элчихонаси матбуот хизмати вакиласи эса Шереметьевода қўлга олинган ниццалик тадбиркор ҳақида ҳозирча ҳеч нима билмаслиги, саволларимизга дабдурустдан жавоб бера олмаслиги, бу масала юзасидан кейинроқ изоҳ берилиши мумкинлигини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG