Линклар

Украина парламенти ҳибсдаги намойишчиларни авф этиш масаласини кўриб чиқмоқда


Украина мухолифати бош вазирнинг истеъфоси кифоя эмас дея, муддатидан аввал президентлик сайловлари ўтказилсин, деган талабда қатъий турибди.

Мухолифатдаги “Удар” ҳаракати раҳбари Виталий Кличко Украина мухолифати муддатидан аввал президент сайловларини ўтказиш талабидан воз кечмаслигини таъкидлади .

Киевдаги Мустақиллик майдонида йиғилган минглаб намойишчиларга қарата чиқишида Кличко ҳибсга олинган фаолларнинг озод этилиши учун ҳам мухолифат бор имкониятни ишга солишини айтди.

Бугун Украина Олий Радасида ҳибсга олинган фаолларни авф этиш ҳақидаги қонуннинг кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Раданинг кечаги мажлисида бу борада депутатлар келиша олмаган эди. Украина раҳбарияти намойишчилар ишғол этган маъмурий биноларни бўшатиб қўйганларидан сўнг ҳибсга олинган фаоллар авф этилишини таклиф этган эди.

Мухолифат эса қонун ҳеч қандай шартларсиз қабул қилинишини талаб этмоқда.

Кеча Украина президенти Виктор Янукович бош вазир Микола Азаров раҳбарлигидаги ҳукуматни тарқатиб юборди.

Азаров бош вазирликдан истеъфо берди. Украина бош вазири вазифасини вақтинча бош вазирнинг биринчи ўринбосари Сергей Арбузов бажариб турадиган бўлди.

Янги ҳукумат шакллантирилгунча эски ҳукумат аъзолари вазифаларида қолади.

АҚШ вице-президенти Жо Байден кеча Украина президенти билан ўтказган телефон мулоқоти чоғида бош вазир Микола Азаровнинг истеъфога чиқарилиши ва Олий Рада тарафидан 16 январ куни тасдиқланган намойишларни чекловчи қонуннинг бекор қилинишини олқишлади.

Байден Украина президентини мухолифат билан музокараларни давом эттиришга чақирди.

Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар комиссари Кэтрин Эштон бугун Киевда президент Виктор Янукович ва мухолифат лидерлари билан учрашади.

Айни пайтда Канада ҳукумати Киевга намойишчиларга нисбатан куч қўлланилишига масъул деб кўрилган украин амалдорларига нисбатан санкция жорий этди. Бундай амалдорларнинг Канадага киришига тақиқ жорий этилди.

Канадага кириши тақиқланган украин амалдорлари рўйхати ҳозирча эълон қилинмаган.
XS
SM
MD
LG