Линклар

logo-print

Санкт-Петербургда қарияларни тўнаганликда гумон қилинаётган жиноий гуруҳ аъзоларидан бири ўзбекистонлик эканлиги эълон қилинди. Маълум бўлишича, у қидирувга берилган. Шундай қилиб, кексаларга ҳужум қилганликда гумон қилинган бир ўзбек ўрнига бошқа бир ўзбек пайдо бўлди.

Санкт-Петербургда қарияларни тўнаганликда гумон қилинаётган жиноий гуруҳ аъзоларидан бири ўзбекистонлик эканлиги эълон қилинди. Маълум бўлишича, у қидирувга берилган. Шундай қилиб, кексаларга ҳужум қилганликда гумон қилинган бир ўзбек ўрнига бошқа бир ўзбек пайдо бўлди.

Россия Тергов қўмитаси Санкт-Петербургда қарияларга ҳужум қилганликда гумон қилинаётган 3 кишидан иборат гуруҳ аъзолари шахсини аниқлади.

Қўмитанинг Санкт-Петербург бошқармаси вакили гуруҳ раҳбари ва кексаларни калтаклаб, мол-мулкини олиб қочган шахс наркоман эканини Озодликка билдирди.

- Тергов давомида ҳужумларни 38 ёшли Санкт-Петербург фуқароси ташкил этгани маълум бўлди. Бу подъездлардаги камералардан олинган ёзувлар ва тергов давомида йиғилган бошқа далиллар билан исботланади. Шунингдек, бу жиноятларни содир этишга у 8 яшар ўғлини ҳам жалб қилган, деди Санкт-Петербург бўйича Тергов қўмитаси идораси расмий вакили Андрей Исаев.

У жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган петербурглик шахс куни кеча шаҳарнинг Индустриальная кўчасидаги ўз квартирасида ўлик ҳолда топилганини ҳам қўшимча қилди: полициячилар у наркотикларнинг ортиқча дозасидан ўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Айрим маълумотларга кўра, исми ошкор этилмаётган ва қидирувга берилган учинчи шахс Ўзбекистон фуқаросидир. Тергов қўмитасида у ҳам қўлга олинишини айтишди.

Жиноят содир этганликда гумон қилинаётганларга кўмаклашишга жалб қилинган 8 яшар бола психолог ва педагоглар ёрдамида сўроқ қилингани маълум.

Терговчилар гуруҳнинг камида учта жиноятга алоқаси борлигини тахмин қилишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 9 январ куни Петербургнинг Гражданская кўчасида эшикни ушлаб турган ёш бола ёрдамида подъездга кираётган иккита кекса аёлни бир номаълум шахс қаттиқ калтаклаган ва уларнинг 25 минг рублини олиб қочган эди.

Бундан ташқари, 8 январь куни, Петербургнинг Будапештская кўчасида номаълум кимса 81 ёшли қарияга ташланиб, 18 минг рубль пули ва паспортини ўғирлаб кетгани; 7 январь куни эса Осипенко кўчасидаги уйлардан бирида лифтдан чиқаётган кекса эр-хотинни бир эркак ва ёш бола калтаклаб, пули ва мобил телефонини олиб кетгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

7 январь куни дўппослаб кетилган 84 ёшли аёл икки ҳафта ўтиб, олинган жароҳатлардан Петербург шифохоналаридан бирида жон берди.
Нафақахўрларга қилинган ҳужумлар асосида РФ Жиноят Кодексининг 161 моддаси 2 қисми (талон-тарож) ва 111 моддаси 4 қисми (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан тан жароҳати етказиш) асосида жиноий иш очилди.

Олдинроқ, маҳаллий миллатчилар бу жиноятларни содир этганликда айблаб, наманганлик Илҳом Мирзакаримовни “Линч судига” тортишни талаб қилган эди.

Петербург ресторанларидан бирида ошпаз ва бармен бўлиб ишлаб келган Илҳомнинг ВКонтактедаги саҳифасида питерликлар бу шахсга очиқчасига таҳдид қилишган, унга фарзандларингни ўлдирамиз, деб таҳдид қилишган.
(Ҳозирда Илҳомнинг ВКонтактедаги саҳифаси тўлиқ ёпилган).

Санкт-Петербург ФМС бошқармаси бу айбловлар юзасидан олиб борган махсус текширув натижаларини очиқлади. Полиция 25 декабр куни Ўзбекистонга учиб кетгани ва жиноятлар содир этилган кунлари ўша ерда бўлгани тасдиқлангани боис, 25 ёшли Илҳом Мирзакаримовни қўйиб юборганини маълум қилди.

Айни пайтда, Петербургда қарияларни тунаган “жиноятчи-ўзбек” қидируви давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG