Линклар

logo-print

ОИТВ юққан андижонлик қизча учун хайрия ҳисоб рақами очилди


ОИТВ юққан андижонлик қизалоқ.

ОИТВ юққан андижонлик қизалоқ.

Андижонлик ОТА қизчасига ОИТВ (одам иммун тақчиллиги вируси) юққани аниқлангани учун ундан воз кечди. ОНА қизининг бедаво дардини жамиятга ошкор қилишдан чўчийди. Ўз дардидан бехабар яшаётган ҚИЗАЛОҚ эса келажакда шифокор бўлишни орзу қилади.

*** *** ** *** ** ** ** ** **

ОИТВ юққани учун ОТАси воз кечган андижонлик ҚИЗАЛОҚ ҳақидаги мақоладан сўнг қизчага моддий кўмак бериш истагини билдирган саҳоватпеша инсонлардан кўплаб мурожаатлар бўлди. Айни мурожаатларни инобатга олиб Чехиядаги нодавлат ташкилотларидан бири қизалоққа ёрдам бериш мақсадида махсус ҳисоб рақами очди:

Praha, GE Money bank: : 212055599/0600

IBAN: CZ8606000000000212055599

SWIFT: AGBACZPP


Пул жўнатаётган пайтингизда "САИДА учун" деб ёзишни унитманг.

Юқорида ёзилган рақамларни копия қилиб олинг ва ўзингизга яқин ҳудуддаги банк шохобчасига бориб, шу копияни кўрсатиб, пул жўнатмоқчи эканингизни айтинг!!


Ўзбекистондан жўнатмоқчи бўлсангиз фақат валюта операцияларини амалга ошириш ваколатига эга банклар орқали жўнатишингиз мумкин. (Линкни босинг)

Саида учун хайрия уюштиришга бел боғлаган Чехиядаги нодавлат ташкилотига Озодлик миннатдорчилик билдиради!!!

** ** ** ** ** ** *** *** *** ***

Касаллигидан бехабар қизалоқ


Ўн яшар Саида (исм ўзгартирилган- таҳр.)га тўрт яшарлигида ОИТВ (одам иммун тақчиллиги вируси) юққан. Саиданинг ўзи буни билмайди. Онаси бу ташхисни қизчасидан яширган.

Саиданинг орзулари кўп, энг асосийси, келажакда шифокор бўлиш.

- Шифокор бўламан. Чунки шифокор одамларни даволайди, одамларга ёрдам беради,- дейди қизалоқ.

Ҳозирда 3-синфда ўқиётган Саида мактабдаги барча фанларни ёқтиради. Баҳолари ҳам ёмон эмас: 5 ва 4 баҳога ўқийди. Расм чизишни ёқтиради. Уйда онасига кўмакчи. Уй супириши, онаси овқат пиширганда унга кўмаклашишини айтиб фахрланади қизалоқ.

Саида синфдошлари билан жуда иноқ. Мактабда яқин дугоналари сони ўнга яқин. Қўшнилари орасида ҳам дугоналари кўп.

Лекин на синфдошлари, на қўшнилари Саиданинг ОИТВ билан оғиришидан хабари йўқ. Саиданинг онаси Умида (исм ўзгартирилган-таҳр.) опа "СПИД ва ВИЧ билан оғриганларга ўзбек жамиятида ёмон муносабатда бўлиши боис қизининг оғир дардини ошкор қилишдан қўрқиши"ни айтади.

Касаллик тарихи


33 яшар Умида опанинг Саидадан ташқари яна икки ўғли бор. Саида ўртанчаси.

Умида опанинг айтишича, Саида бир яшарлик пайтида унга сил касаллигига қарши эмлаш қилинган.

- Чап қўлининг елка қисмига чекич дейилар экан, БЦЖ қилишган. Бир қанча касалликларга қарши қилинар экан,- дейди Умида опа.

“Шу эмлаш қизимнинг бошига бало бўлди”, дея сўзини давом эттирган Умида опага кўра, Саиданинг аҳволи эмлашдан сўнг ўнгланмаган.

Умида опанинг айтишича, қизини ҳар йили бир неча бор шифохонада даволатган ва 2008 йилга келиб, Саидада ОИТВ аниқланган.

Саида 2008 йилдан буён Андижон вилоят ОИТСга қарши кураш марказида рўйхатда туради.

Отаси қизидан воз кечди


Умида опанинг айтишича, қизида ОИТВ аниқланганидан хабар топган эри қизидан воз кечган ва ушбу шумхабар келганидан ўн кун ўтиб, эри у билан ажрашган.

Умида опага кўра, эри ажрашгач, 3 ойдан кейин уйланган, ҳозирда янги оиласидан бир фарзанди бор.

“Ажрашгандан кейин ёлчитиб алимент ҳам тўламади”, дея эрини ёзғиради Умида опа.

- 2013 йил май ойидан бери тўламаяпти десам ҳам бўлаверади,- дейди Умида опа.

ОИТВнинг юқиш сабаби номаълум


Саидага ОИТВнинг юқиш сабаблари номаълум қолаётганини айтган Умида опага кўра, прокуратурага берган аризаси ҳам натижасиз бўлган.

- Ариза берганимда, қизим нечта больницада ётган бўлса, ҳаммасини берганман. Аниқлаша олмади. Прокуратурага ариза бердим шу текшириш олиб бориши бўйича. Текшириш олиб боришди. Бир йил давом этди текшириш. Лекин ҳеч қанақа натижа бўл-ма-ди... Менга битта якуний хулоса келди: “Сизнинг фарзандингиз ётган больницада табиий қувур ёрилиб кетгани сабабли “История болезни” ўқиб бўлмас ҳолатга келган, яроқсиз” деб. Менга битта ҳам сабаб келтириб бера олишмади. Буларга бу керак ҳам бўлмади,- дейди надомат ила Умида опа.

Даволатишга пул йўқ


Саидада ОИТВ аниқлангач Умида бор пулини тўплаб, қизини Тошкентдаги шифохоналарга олиб бориб даволатди.

Қизалоқ онаси билан.

Қизалоқ онаси билан.

Онаизорнинг айтишича, Саидани бир йилда икки марта шифохонада даволатиб олиши лозим. Лекин Умида опага кўра, моддий етишмовчилик боис 2009 йилдан бери қизини даволата олмаяпти.

- Орада 4-5 маротаба енгил жарроҳлик операциясини ўтказди. Чунки қулоқ ости бези, линфа тугунлари катталашиши¸ нима десам бўлади, шамоллашга бу болада мойиллик борлиги сабабли шунақа нима бўлди. Тўғриси менинг шароитим, оилавий аҳволим умуман тўғри келмайди. 2009 йилда Тошкентга борган бўлсак, бу йил 2014 бўлса, 5 йилдан бери ҳеч қаëққа олиб бормадим ҳам. Даволатишим керак ўзи бир йилда икки марта. Лекин 2009 йилдан бери ҳали даволатиб, бирор бир жойга ҳаво алмаштириб ўйнатгани олиб боргани имконим бўлгани йўқ,- дейди Умида опа.

Унинг айтишича, қизини даволатиши учун маълум дориларни бепул олиши мумкин, лекин қолган ҳаражатларни ҳам унинг чўнтаги кўтара олмаяпти.

- 10 кун ëтадиган бўлса, лечениесига кунига 60-70 минг сўм атрофида кетади. 10 кун ëтадиган бўлса, 700-800 минг сўм атрофида кетади,- дейди Умида опа.

Саидага 2009 йили ногиронлик нафақаси тайинланган. Ҳозирда ойига 189 минг сўм нафақа олади. Умиданинг ўзи маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидан бирида ишлаб, 300 минг сўм ойлик олади. Лекин бу маблағ рўзғор ҳаражатларидан ортмаслигини айтади Умида опа.

Унинг айтишича, ҳар ойда бир неча турдаги дориларни қизи учун бепул олиб туради.

- Андижон вилояти СПИДга қарши кураш марказидан дорилар берилади. Энди ҳаммасига ҳар хил терапия қўлланилади. Мисол учун бизларда АРВ терапия, ҳар ойда бир марта бориб бир ойлик дорилар олиб келамиз,- дейди Умида опа.

Беэътибор ҳукумат


Умида опанинг айтишича, бир неча бор Андижон вилоят ҳокимлигига бориб моддий кўмак сўраган, бироқ қуруқ қайтган.

- Йўқ, ҳеч қанақа нима қилишгани йўқ. Mен ўзим ҳам уже ҳаракат ҳам қилмай қўйдим, чунки уже безполезний нарсада. Бордим, барибир арз-додингизни ҳеч ким эшитмаса нима кераги бор? Ҳокимиятга чиқасиз, ариза қиласиз¸ нима қилади¸ маҳалла комитетига юклайди. Бошқа нимаси йўқ,- дейди Умида опа.

Бетоқат жамият


Эри билан ажрашгач Умида болалари билан ота-онасининг уйига борди. Саиданинг касаллигидан хабар топган акалари алоҳида яшашни маъқул топиб, бошқа уйга кўчиб ўтишган.

“Кеннойиларим болаларининг Саида билан бир товоқдан овқат ейишига рухсат бермаган. Ҳатто болаларини қизим билан бирга ўйнатмасди”, дейди Умида опа.

- Ўша пайтда керак бўлса, ўзимнинг яқинларим кийимларини битта тоғорага солиб ювгиси келмайдиган ҳолатлари ҳам бўлди. Қизим ичган пиëлада чой ичмайдиган, қизим билан бирга овқат емайдиган пайтлари ҳам бўлдида,- дейди Умида опа.

Ушбу мақолани аудио форматда қуйида тинглашингиз мумкин:


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG