Линклар

Украина мухолифати етакчилари аксилҳукумат намойишчиларига эълон қилинган амнистия қонунини қоралади. Амнистия эълон қилиниши учун намойишчилардан улар эгаллаб олган ҳукумат биноларини тарк этиш шарт қилиб қўйилмоқда.

Мухолифат етакчиси Виталий Кличко мазкур қонун “жамиятдаги ҳароратни тушириш ўрнига баттар ошириб юборади”, дея таъкидлади. Бу қонун, деди Кличко, ҳукумат бинолари бўшатилгунига ҳокимият вакилларига ҳибсдагиларни “гаровда” ушлаб туришларига имконият беради.

Намойишчилар ҳам қонунни номақбул дея қоралади. Парламент чоршанба куни қабул қилган амнистия қонуни учун президент Виктор Януковичга доир Минтақалар партияси овоз берди. Мухолифатчи депутатлар овоз беришда иштирок этмади.

Аксилҳукумат намойишчилари Киевда бир нечта муҳим бино, жумладан шаҳар ҳокимиятини эгаллаб олган. Шунингдек Украина пойтахтида икки ойдан бери давом этаётган намойиш иштирокчилари шаҳар марказида баррикадалар қурган.
XS
SM
MD
LG