Линклар

“Дождь” телеканалининг “Ленинград шаҳрини фашистларга топшириш орқали юз минглаб ленинградликлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинмиди?”, деган савол билан ўтказган сўрови ҳукуматнинг мазкур телеканалга босим ўтказиши учун баҳона бўлгани айтилмоқда.

Петербург прокуратураси Россияда “Дождь” телеканалига нисбатан бошланган оммавий босимга қўшилди.

Шаҳар прокурорлари 26 январь куни “Дилетанти” дастурида “Юз минглаб шаҳарликлар ҳаётини сақлаб қолиш учун қамалда қолган Ленинградни нацистларга топшириш керакмиди?", дея томошабинларга берган саволи билан телеканал “рухсат этилган чегаралардан” ташқарига чиққани-чиқмаганини текширмоқда.

Бундан бир кун олдин, Россиянинг минтақавий кабел операторлари марказий ахборот воситаларидан ўзгароқ маълумотларни етказиб берувчи “Дождь” канали ретрансляциясини тўхтатди. Ҳозирга келиб телеканал Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Уфа, Воронеж, Курган, Чебоксари ва Самарадан узиб ташланди. Каналнинг ўз пакетларидан узилишини Дом.ru, “Акадо”, “НТВ+” ва “Ростелеком” маъқуллади.

Бунинг барчаси телеканал журналистларининг савол ноўрин бўлганини тан олиши ва мухлислар олдида расмий узр сўрашига қарамасдан содир бўлди.

“Дождь” телеканали бош директори Наталья Синдеева, айрим операторлар “юқоридан тушган буйруқ” асосида телеканални ўчиришга мажбур бўлгани тўғрисида маълумотга эга эканини айтди:

- Бу операторлар вакиллари бизга ҳар қандай – техник, тадбиркорлик, мафкуравий, шартномавий - баҳоналар асосида шартномамизни бекор қилиш тўғрисида кўрсатма келиб тушганини билдиришди. Барча ўчирганлар, расмий баёнот қилмасдан, бундай буйруқ бўлганини тасдиқлаб беришди, - деди “Дождь” эфирларидан бирида телеканал раҳбари.

Эфир давомида Наталья Синдеева каналга босим юқори лавозимли амалдорларнинг дала ҳовлилари тўғрисида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг “РосПил” жамғармаси олиб борган тергови натижалари эълон қилиниши ортидан бошланганини айтди.

Айни пайтда, “Дождь”нинг саволи устида бошланган можарога Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам муносабат билдирди. У журналистлар “аҳлоқий-маънавий чегаралардан ташқарига чиқиб кетди”, бироқ “каналнинг ёпилиши тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас”, деди.

Телеканал томонидан қўйилган савол ҳатто Давлат Думаси фракциялари йиғилишида ҳам муҳокама этилди. Депутатлар бу сўровни қоралаб, уни “Иккинчи Жаҳон уруши ветеранлари хотирасини ҳақоратлаш”, деб топди.

Шов-шувдан фойдаланиб қолган Жириновский партияси аъзолари “Улуғ Ватан уруши воқеалари хотирасини таҳқирлаш ва камситиш учун жавобгарликка” тортишни белгиловчи қонун лойиҳаси устидан иш бошлашини маълум қилди.

“Дождь” телеканалида дастур олиб борувчиси Павел Лобков бошланган босимни телеканалнинг Киевда бўлаётган ҳодисаларга Кремль тарқатаётган маълумотлардан фарқлироқ таҳлил бераётгани, ҳукумат марказий телеканалларни назорат остига олиб, эндиликда Интернетни ҳам ўз бошқаруви остига қўяётгани билан изоҳлади.

- Биз кўриб турибмизки, “Акадо”, “Билайн” ёки “Мегафон”ларнинг аксарияти Кремль билан боғлиқ бўлган олигархлар компанияларига қарашли. Бизда Интернет ҳам бошқариладиган бўлди... Яъни иқтисодий механизмлар, иқтисодий ричаглар капитал бирлашуви ва сиёсий эркинлик марказлашувига олиб келмоқда. Бу ерда гап Ленинград қамали ҳақида ҳам эмас: бундай ҳужумнинг бошланишига Пусси-Райот, “Болотная майдони” иши ёки Киевдан тўғридан-тўғри олиб берилган трансляциялар сабаб бўлиши мумкин эди, - дея фикр билдирди журналист Павел Лобков Озодлик билан суҳбатда.

Россия Журналистлар иттифоқи “Дождь” телеканали ретрансляцияси тўхтатилишини қоралади. Журналистларнинг Москва хартияси аъзолари бу борада ташвиш билдириб, жамоатчилик билан ошкора муҳокама этилиши тақиқланган мавзулар бўлмаслиги керак, деган фикрини эълон қилди.

Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш аъзолари каналнинг ўчирилишини цензура, деб атади. Телеканал ҳимоясига Федерация Кенгаши раисаси Валентина Матвиенко ҳам чиқиб, “Канални ёпиб бўлмайди. Журналистлар ўз хатоларини ўзлари англаб етиши ва кечирим сўраши керак”, деди.

Бунинг ортидан, “Дождь”га огоҳлантириш юборишини эълон қилишга улгурган Роскомнадзор ўз ниятидан қайтгани ва шунчаки “профилактика хати” билан чекланишини билдирди.
----------
Материал эфирга тайёрланаётганида, “Дождь” телеканали устидан бошланган текширув тўғрисидаги хабар Санкт-Петербург прокуратураси сайтидан олиб ташлангани аниқланди.
XS
SM
MD
LG