Линклар

logo-print

Украина мухолифати ҳукуматнинг амнистиясини рад қилмоқда


Украина мухолифати Виктор Янукович ҳукуматининг амнистияси шарти - ҳукумат биноларини бўшатиб қўйиш талабини бажариш ниятида эмас.

Украина мухолифати Виктор Янукович ҳукуматининг амнистияси шарти - ҳукумат биноларини бўшатиб қўйиш талабини бажариш ниятида эмас.

Украина мухолифати ҳибсга олинган намойишчиларни авф этиш тўғрисида ҳокимият таклиф қилаётган қонунни рад қилмоқда. Парламент чоршанба куни қабул қилган амнистия қонуни норозиларга қўлланиши учун улар эгаллаб олган ҳукумат биноларини тарк этиш шарт қилиб қўйилмоқда. Намойишчилар Киев ва мамлакатнинг бошқа минтақаларида ҳукумат бинолари ишғолини давом эттирмоқда.



Украина мухолифати етакчилари аксилҳукумат намойишчиларига эълон қилинган амнистия қонунини қоралади. Амнистия эълон қилиниши учун намойишчилардан улар эгаллаб олган ҳукумат биноларини тарк этиш шарт қилиб қўйилмоқда.

Парламент томонидан чоршанба куни маъқулланган қонун президент Виктор Януковичга оширилди. Кучга кириши учун Янукович қоннуни 15 кун ичида имзолаши керак.

Айни пайтда Янукович маъмуриятининг пайшанба куни маълум қилишича, президент “ўткир нафас йўли касаллиги билан оғриб қолглани ва иситмаси ошиб кетгани” туфайли касаллик таътили олган. Президент қачон ишга қайтиши аниқлаштирилгани йўқ.

Мухолифат етакчиси Виталий Кличко мазкур қонун “жамиятдаги ҳароратни тушириш ўрнига баттар ошириб юборади”, дея таъкидлади. Бу қонун, деди Кличко, ҳукумат бинолари бўшатилмагунча ҳокимият вакилларига ҳибсдагиларни “гаровда” ушлаб туришларига имконият беради.

- Амнистия қонуни аввал кучга кириши керак, шундан кейингина уни амалга тадбиқ қилиш мумкин бўлади. Лекин, бу қонун бошқа кўплаб қонунлар каби халқнинг манфаатларига мос келмайди. Қабул қилинган қонун Сомали қароқчиларининг қонунига жуда ўхшаб кетади. Бу қонунларга кўра, одамлар аввал гаровга олинади, кейин эса бир нарса эвазига озод этилади, дея қиёс келтирди Кличко.

Намойишчилар ҳам қонунни номақбул дея қоралади. Парламент чоршанба куни қабул қилган амнистия қонуни учун президент Виктор Януковичга доир Минтақалар партияси овоз берди. Мухолифатчи депутатлар овоз беришда иштирок этмади.

Пайшанба куни парламент вебсайтида чоп этилган қонун матнида намойишчилар қонун кучга киришидан 15 кун ичида эгаллаб олинган биноларни тарк этиши кераклиги шарт қилиб қўйилган. Яъни ҳисбга олинганлар авф этилиши учун намойишчилар Киев ва Украинанинг бошқа минтақаларида эгаллаб олинган ҳукумат бинолари ҳамда ўтган ҳафта зўравонликлар рўй берган пойтахтнинг Грушевский кўчасини тарк этишлари талаб қилинмоқда.

Аксилҳукумат намойишчилари Киевда бир нечта муҳим бино, жумладан шаҳар ҳокимиятини эгаллаб олган. Шунингдек Украина пойтахтида икки ойдан бери давом этаётган намойиш иштирокчилари шаҳар марказида баррикадалар қурган.

Амнистия қонуни жорий ҳафта Янукович томонидан илгари сурилган муроса таклифларидан бири бўлди. Сешанба куни у бош вазир Микола Азаровнинг истеъфосини қабул қилди. Бундан ташқари сешанба куни парламент намойишларни тақиқловчи мунозарали қонунни бекор қилди.

Янукович парламентнинг қонунни бекор қилиш тўғрисидаги қарорини ҳам имзоси билан тасдиқлаб бериши керак.

Бу қонуннинг икки ҳафта олдин қабул қилиниши ҳукуматга қарши норозиликларни авж олдирди. Оқибатда бир неча киши ҳалок бўлди ва юзлаб одам жароҳатланди.

Намойишларни ўтган йил ноябрида Янукович Европа Иттифоқи билан Ассоциацияга киришиш битимини имзолашдан бош тортиши келтириб чиқарди. Ўшандан бери намойишлар Янукович иқтидори даврида авж олган коррупцияга қарши оммавий норозилик тусини олди.

Чоршанба куни Россия Президенти Владимир Путин Москва Киевга ваъда қилган 15 миллиард долларлик молиявий ёрдамни бериш масаласини Украинада янги ҳукумат тузилгунига қадар кечитктириб туришини эълон қилди. 15 миллиард АҚШ долларига тенг ёрдам Киевга Януковичнинг Европа Иттифоқи билан битимни имзоламаслик қарори ортидан ваъда қилинган эди.

Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт Twitter саҳифасида “Кремль Украинага қарши иқтисодий чораларни яна кучайтираётган кўринади”, дея муносабат билдирди.

Украинага қўшни тўрт давлат Чехия Республикаси, Польша, Венгрия ва Словакияни бирлаштирувчи Вишеҳрад гуруҳи вазиятнинг янада кескинлашуви Украинада “тўлиқ беқарорликка” олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Хабар агентликлари АҚШ Конгресси вакилларига таяниб, зўравонликлар авж олишда давом этадиган тақдирда Қўшма Штатлар Украина расмийлари ва норозилик етакчиларига қарши молиявий санкциялар қўллаш масаласини кўриб чиқмоқда.
XS
SM
MD
LG