Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:54

Ўзбеклар ўтирган автобус 35 даража совуқда бузилиб қолди



Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида Тошкентдан Москвага кетаётган “Мерседес” русумли автобус чоршанба куни йўлда бузилиши оқибатида унинг ичида бўлган 66 нафар ўзбекистонлик совуқда қолиб кетди.

Тошкентдан 27 январь куни йўлга чиққан “Мерседес” русумли автобус Чимкент-Самара йўлининг 250-километрида, Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти, Аралтўғой посёлкаси яқинида бузилиб қолди.

55 йўловчига мўлжалланган автобус ичидаги йўловчиларнинг барчаси Москвага ишлагани кетаётган 66 нафар ўзбекистонлик эди.

Ҳаво ҳарорати 30-35 даража совуқ бўлган Ақтўбе йўлида бузилган автобус йўловчилари музлаб қолиш таҳликаси остида қолди.

Воқеадан хабар топган Аралтўғой ҳокимияти совуқда қолган ўзбекистонлик йўловчиларни маҳаллий мактаблардан бирига жойлаштирди ва ҳокимият расмийсининг Озодликка айтишича¸ уларни уч маҳал иссиқ овқат билан таъминламоқда.

- Уларни мактаб спортзалига жойлаштирдик. Ҳокимият ҳисобидан уч маҳал овқат бераяпмиз, дейди Аралтўғой ҳокими Раиля Сеитова.

Қозоғистонда бузилиб қолган автобусдаги 66 йўловчининг бири, тошкентлик Насиба опанинг айтишича, автобус йўлда тўхтаб қолганидан сўнг улар тўрт соат совуқда қолиб кетишган:

- Тўрт соатча совуқда қолиб кетдик. Ўша ердаги одамларга айтганимиздан сўнг маҳаллий ҳокимият вакиллари келиб, бизни мактаб биносига жойлаштирди. Кечадан бери шу мактабдамиз. Овқат беришaяпти. Автобус ҳозир турибди трассада. Шoферлар запчаст олиб келгани кетишган. Тузатишса, эртага йўлга чиқамиз, дейди автобус йўловчиларидан бири тошкентлик Насиба опа.

Қозоғистонда сўнгги бир ҳафта ичида ўзбекистонлик йўловчилар ўтирган бир эмас¸ уч автобус йўлда бузилиб қолди.

28 январь куни Олмаота-Екатеринбург йўлида 54 ўзбекистонлик йўловчи билан кетаëтган автобус бузилиб қолди. Совуқда қолиб кетган йўловчиларни Қарағанда вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари қутқаришди.

23 январь куни эса Тошкент-Нижний Новгород йўналишида бузилиб қолган автобус йўловчилари Ақсу-Аюли поселкасидаги спортзалга жойлаштирилди.

Ўзбекистонлик аксар меҳнат муҳожирлари Россияга иш излаб кетар экан¸ энг арзон транспорт воситаси бўлган автобус хизматидан фойдаланади:

- Самолётга кимнидир қурби етади, кимники етмайди. Автобус самолётга қараганда тўрт баравар арзон. Бу автобусга 300 минг сўм тўлаб йўлга чиққан эдик. Автобуслар яхши юраётган эди. Олдинлари ҳам автобусда борганмиз Россияга. Бу сафар бузилиб қолди, дейди Қозоғистонда қолиб кетган ўзбекистонлик Насиба опа.

Автобус ҳайдовчиларининг йўл-ҳаракати қоидаларига риоя этмаслиги оқибатида Қозоғистон йўлларида автоҳалокатлар ҳам тез-тез содир бўлиб туради.

Ўтган йили сентябрь ойида Ақтўбе вилоятида Москвадан Тошкентга қараб кетаётган “Мерседес” русумли автобус ағдарилгани оқибатида ўндан зиёд йўловчи жароҳат олган эди.

Ўшанда Ақтўбе вилоят Ички ишлар департаменти 55 кишига мўлжалланган автобус ичида 100га яқин йўловчи бўлганини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG