Линклар

Сарлавҳага чиқарилган саволни Озодлик ўз тингловчиларидан ҳар куни олади. Бу саволнинг вариантлари кўп: Россияга етиб келганимга 3 ойга яқинлашиб қолди, чиқиб кетишим керакми? Ўзбекистонга кетиб, бир ойдан кейин қайтсам бўладими? Патенти борлар ишлаб юрса бўлаверади, дейишаяптию тўғрими?

Бу саволлар Россия ҳукумати шу йил бошида жорий этган миграцияга оид янги қонунлар туфайли пайдо бўлмоқда.


Озодлик бу саволларнинг пайдо бўлиши муқаррарлигини сезиб, уларга ўз вақтида жавоб топиб беришга уринган, бу ҳақда бир неча мақола тайёрлаган эди.

Қуйида ўша мақолалардан бирини ўқишингиз, ундан саволларингизнинг баъзиларига жавоб топишингиз мумкин.

Уни ўқишга тутингунингизча, бир-иккита лўнда гапни айтмоқчимиз.

Мутахассислар Россия ҳукуматининг миграцияга оид қонунлари жуда чигаллашиб кетганини айтмоқда. Лекин шунга қарамай, энг тушунарли мана бу икки меъёр мажуд:

А) Агар Россия ҳудудида ишлашга рухсатномангиз (Разрешение на работу) ёки патентингиз бўлмаса, Россия ҳудудида 90 кунгина бўлишингиз мумкин. 90 кундан кўпроқ қолиб кетсангиз, қачондир бир кун чиқиб кетаётганигизда қайтиб келмас қилиб чиқариб юборишади. Демак, 89- ёки 90- куни чиқиб кетасиз ва 90 кун Россиядан ташқарида бўласиз. Шундан кейингина, яъни Россиядан чиқиб кетиб, бу мамлакатга 3 ойдан кейин яна қайтиб боришингиз мумкин. (“180 кун ичида 90 кун” деган қоида шудир.

Б) Агар Россия ҳудудида ишлашга рухсатномангиз (Разрешение на работу) ёки патентингиз бўлса, “180 кун ичида 90 кун” деган қоиданинг Сизга дахли йўқ. Мутахассисларнинг айтишича, бу ҳолатда Россияда бир йилгача тура оласиз.

Россиянинг миграция сиёсатига оид саволларингиз бўлса, уларни аниқ-тиниқ ёзиб, Озодликка жўнатишингиз мумкин.

Биз уларга жавоб топиб беришга ҳаракат қиламиз.

Мана энди ваъда қилганимиз мақолани ўқинг.

Патенти ёки ишлашга рухсати йўқ ўзбекистонлик Россиядан чиқариб юборилади


Янги - 2014 йил Россияда ишлаб юрган меҳнат муҳожирларига янги ташвишлар олиб келди.

Чет эл фуқароларининг Россия ҳудудида туришига оид янги тартиб ўн минглаб, балки юз минглаб меҳнат муҳожирини, жумладан ўзбекистонликларни Россиядан бу мамлакатга бир неча йил давомида қайтиб киролмайдиган қилиб чиқариб юборишга асос бўлади.

Айни пайтда Россия ҳукумати меҳнат муҳожирларининг Россияда бўлишини янада чекловчи янги чораларни режалаштирмоқда.


180 нинг ичидаги 90

2014 йилнинг 1 январидан кучга кирган янги тартибга биноан Россия билан виза тартиби жорий этилмаган давлатлар фуқаролари, хусусан Ўзбекистон фуқаролари Россия ҳудудида 180 кун давомида 90 кунгина бўлиши мумкин.

Масалан, Ўзбекистон фуқароси 1 январь куни Россияга кириб келди, дейлик. У 1 январдан тортиб 90 кун Россияда бўлиши мумкин ва кечи билан 90- куни мамлакатдан чиқиб кетиши керак. Кейин у Россияга 3 ойдан сўнггина қайтиб бориши мумкин.

"Боқибеғамлар"

Москвада ишлаб юрган ўзбекистонлик 24 яшар Ферузнинг бу тартибдан хабари йўқ.

- Бу тартиб тўғрисида шахсан мен эшитганим йўқ. Шерикларимнинг ҳам хабари йўқ, деди Феруз.

"Пайтавага қурт тушди"

Айни пайтда бошқа кўплаб ўзбекистонликлар Янги йил кириши биланоқ Россиядан чиқариб юборилмасликнинг чорасини излай бошлаган кўринади.

“Новий регион” нашрининг 8 январь кунги хабарига қараганда, шу кунларда Россия-Украина чегарасидаги ўтказиш-назорат пунктларида марказий осиёлик- лар, шу жумладан ўзбекистонликлар кўпайиб кетган.

“Чегарадан ўтаётганларнинг 90 фоизи осиёликлардир, деб хабар қилди нашр, улар чегарадан ўтгач, нейтрал зонага етибоқ ортга – Россияга қайтмоқда - 90 кунлик муддатни “янгилаб” олмоқчилар”.

Бу тартиб мутлақо ҳаммага тааллуқлими? Агар меҳнат муҳожирининг патенти ёки меҳнат шартномаси бўлсачи?

Ўзбекистонликларнинг Россиядаги “Ватандош” жамияти раҳбари Усмонали Баратовнинг айтишича, патенти ёки меҳнат шартномаси борлар 90 кунлик муддатни узайтириш ҳуқуқига эга.

- Агар патент ҳақини вақтида тўлаб турса, бир йилгача юриши мумкин, деди фаол.

Россия Федерал миграция хизмати Калининград бошқармаси масъул ходими Озодлик саволларига жавоб берар экан, "агар шахс патент олган ёки ишга рухсатнома олган бўлса, унинг Россияда туриш муддати узайтирилади", деди.

Қонуннинг "айтгани"

Бу меъёр “Россия Федерациясида чет эл фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Федерал қонуннинг 5- моддаси, 5-бандида акс этган. 2002 йилнинг 25 июлида қабул қилинган мазкур қонуннинг янги таҳрири 2014 йилнинг 10 январида кучга киради.

Кутилаётган янги чекловлар

Айни пайтда ахборот агентликлари Россия ҳукумати мигрантлар устидан назоратни кучайтиришга қаратилган янги чоралар устида ишлаётгани тўғрисида хабар қилди.

Россия ҳукумати матбуот хизматининг 9 январь кунги хабарига қараганда, Бош вазир Медведев Федерал миграция хизматига 30 июнгача Россия Федерацияси ҳудудида туриш қоидаларини бузган чет элликларни мамлакатга 3 йилдан 10 йилгача киритмаслик тўғрисида таклиф киритиш топшириғини берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG