Линклар

logo-print

Тошкент сўраëтган Эрик Кокини яна икки ҳафта Москва ҳибсхонасида қоладиган бўлди


Эрик Кокини Гулнора Каримова билан бирга.Сурат Гулнора Каримованинг расмий сайтидан олинди.

Эрик Кокини Гулнора Каримова билан бирга.Сурат Гулнора Каримованинг расмий сайтидан олинди.

30 январь куни Москва судида Ўзбекистон прокуратураси томонидан оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ халқаро қидирувга берилган Франция фуқароси Эрик Кокини устидан дастлабки эшитув бўлиб ўтди. Ўзбекистон ҳукумати ўз ихтиëрига топширилишини талаб қилаëтган Кокини 14 февралга қадар Москвада ҳисбда сақланадиган бўлди.

Бу ҳақда Озодликка дипломатик қоидалар боис ўз исми келтирилишини истамаган француз дипломати хабар берди.

Озодликнинг бу манбасига кўра¸ ҳозирча Эрик Кокини Франция Республикасининг Россиядаги бош консуллиги ҳимоятида¸ айни пайтда унга адвокат тайинланган.

Кокини ҳибсда қоладиган икки ҳафталик муҳлат ичида уни ушлаш ҳақида ордер берган Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари маҳбусга қўйилаëтган айбларни қувватлайдиган далил-ҳужжатларни маҳкама тақдим этиши керак бўлади.

Агар Россия адлия ҳокимиятидагилар¸ бу далилларни жиддий деб топса¸ бундай ҳолда¸ Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшуносларга кўра¸ Кокинини Ўзбекистонга экстрадиция қилишнинг ҳуқуқий йўлларини асослаш учун маҳкама томонидан вақт тайинланади.

- Бу икки ҳафта ичида Ўзбекистон Бош прокуратураси кўк давлат муҳри билан тасдиқланган экстрадиция ҳақидаги расмий сўровни Россия тегишли тизимларига жўнатади. Бу сўровга Кокинига қўйилаëтган расмий айблов ва уларни қувватловчи ҳужжат-далиллар илова қилинади. Шунингдек¸ ўзбек расмийлари сўралаëтган шахснинг бошқа айбловлар бўйича тергов қилинмаслиги ва унга нисбатан қийноқ қўлланилмаслигини кафолатловчи дипломатик ҳужжатларни ҳам юбориши лозим бўлади. Шу асосда Россия Бош прокутураси Кокинини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш-қилмаслик ҳақида қарор беради¸ дейди россиялик ҳуқуқшунос Илларион Васильев Озодлик билан суҳбатда.

Россия икки ўт ўртасида

1993 йилда имзоланган Минск келишуви аъзоси сифатида Россия Ўзбекистон (ва келишувга имзо чеккан бошқа аъзо давлатлар) томонидан жиноятда айбланаëтган шахсларни¸ улар фуқаролигидан қатъий назар¸ (Россия фуқаролари бундан мустасно) ўз ҳудудида ушласа¸ айбланувчиларни Тошкентга экстрадиция қилиш мажбуриятидадир.

Айни пайтда¸ Европа Кенгаши аъзоси сифатида Россия ҳукумати ўз ҳудудида ушланган бирор шахсни қийноқ қўлланиладиган давлатга топширмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олган. Ўзбекистон эса¸ халқаро ташкилот ва тизимлар¸ хусусан¸ БМТ ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди томонидан маҳбус ва маҳкумларга қийноқ қўлланиладиган давлат деб эътироф этилган.

Бундай келишувлар билан ҳуқуқий жиҳатдан икки ўт орасида қолган Россия¸ тортишув боиси Ўзбекистон фуқаролари бўлган вазиятларда¸ уларни очиқчасига¸ ëхуд яширин тарзда Ўзбекистонга бериб келмоқда.

Аммо ҳуқуқшуносларга кўра¸ Франция консулхонаси ўз ҳимоясига олган Эрик Кокинини Ўзбекистонга бериб юбориш¸ ўзбек гастарбайтерини экстрадиция қилиш каби осон кўчмайди.

Илларион Василевга кўра¸ икки ҳафта ўтиб¸ Россия прокуратураси Кокинини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарган тақдирда ҳам¸ унда бу қарор юзасидан судга шикоят қилиш ҳаққи қолади ва бу жараëн 18 ойга қадар давом этиши мумкин.

Ким ўзи бу Эрик Кокини?

90-йилларда Ўзбекистонда яшаган Эрик Кокини Тошкент томонидан шериклари билан бирга бир неча йил мобайнида хорижий давлатлар, молиявий тузилма ва банклар томонидан йирик инвестицион дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида ажратилган катта маблағни ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Айни пайтда¸ “шериклар”нинг ким экани ҳозирча ошкор қилинмаëтир.

Россия матбуотининг ëзишича¸ 2011 йили мазкур айблов бўйича Ўзбекистон Республикаси тергов идоралари томонидан Кокинига нисбатан жиноят иши очилган ва у Францияга қайтиб кетганидан сўнг эса халқаро қидирувга берилган.

Аммо жаҳон полиция тизимлари уюшмаси – халқаро Интерпол расмий саҳифасида Эрик Кокини номи Ўзбекистон ҳукумати томонидан қидирувга берилган шахслар рўйхатида йўқ.

Бундан ташқари¸ Ўзбекистонда Кокинига жиноий иш очилган 2011 йилдан кейин у Россия ҳудудига бемалол саëҳат қилиш ва Татаристонда бизнес лойиҳаларини амалга оширишда ҳеч бир муаммосиз давом этган.

Хусусан¸ 2013 йилнинг 26 март куни Татаристон расмий ахборот агентликлари Қозондаги ИТ-паркка «София Антиполис»жамғармаси маслаҳатчиси Эрик Кокини ташриф буюргани ҳақида ëзди.

Бундан эса¸ кузатувчиларга кўра¸ Кокинини ҳибсга олиш Ўзбекистонда бу борада қарор берувчи шахс ва тизимларга 2014 йилга қадар у қадар муҳим бўлмаган¸ деган хулоса чиқади.

90-йилларда Ўзбекистонга бизнес қилиш учун борган Эрик Кокини¸ 1994 йил апрелида Франция президенти Франсуа Миттеран билан Тошкентга ташриф қилган француз ишбилармонлари даврасида Ислом Каримов билан учрашган.

Бу учрашувда “Мен Ўзбекистонни севиб қолдим. Бу мамлакатда доимий қолиб яшаш ва ишлашга тайëрман” деган гапи билан Каримов назарига тушган Кокини¸ уни шахсан таниган ўзбек тадбиркорининг Озодликка айтишича¸ дарҳол шахсан президент билан гаплашадиган хориж бизнесмени сифатида фаол ишга тушган.

Ўзбек расмийларидан бирининг қизига уйланиб¸ Тошкентда муқим яшашга ўтган Кокини¸ Озодлик манбасига кўра¸ мамлакатдаги аксар бизнес тизимларида тез орада каттагина таъсирга эга бўлган. “Кокини кўча билан¸ хусусан¸ жиноят олами авторитетлари Ғафур Раҳимов ва Салим Абдувалиевлар билан ҳам бизнес қилган”¸ дейди ўз исми очиқланишини истамаган Озодлик манбаси.

Ўзбек иқтисодининг аксар сердаромад соҳалари президент оиласига тегишли экани гумон этилган Зеромакс ширкати назоратига ўтгач¸ Uzmetronom Интернет газетасининг ëзишича¸ Кокини Зеромакснинг газ ва нефть соҳасидаги катта келишувларига ҳам воситачилик қилган.

90-йилларда Тошкентда илк француз атир-упа дўкони очган Кокини¸ айрим манбаларга кўра¸ Гулнора Каримованинг ушбу бизнесга кириб¸ ўз атирини чиқаришида муҳим рол ўйнаган яқин бизнес шериги бўлган.

“Каримованинг Кокини ëрдамида анча катта молиявий операцияларни амалга оширганини тахмин қилиш қийин эмас. Унинг Москвада қўлга олиниши¸ ўтган йил охирида Гулнорага қарши ҳужумга ўтган Ўзбекистон ҳокимиятидаги қудратли гуруҳлар ишига ўхшаяпти. Кокини Ўзбекистонга олиб келинса¸ ундан Гулнорага қарши кучли қурол сифатида фойдаланиш мумкин”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда француз тадбиркори билан бирга ишлаган тадбиркор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG