Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:47

Андижонда имтиҳон мавсуми 36 минг доллар пора олган декан ушланди


“Демократик партия қонунларга юзаки ёндашаётгани танқид қилинди”

Ўзбекистон либерал демократик партияси Ўзбекистон халқ демократик партиясини қонунларга юзаки ёндашишда айблади (“XXI аср”, 30 январь).

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, либерал партия вакили Нуриддин Муротовга кўра, халқ демократик партияси “Тижорат сири тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш жараёнида бозор иқтисодиёти шароитидаги ғирром рақобатни инобатга олмаётир.

Демократик партия тижорат сирига оид қонун лойиҳасига тижорат сиридан ўша ташкилотнинг меҳнат жамоаси ҳам хабардор бўлиши керак, деган қоидани киритишни таклиф қилмоқда. Либерал партия эса бу борада асосий ҳуқуқни мулкдорга беришни ёқламоқда.

Қонун лойиҳаси бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширувдан ўтказган ҳуқуқ идоралари ҳам тижорат сири ҳисобланган ахборот махфийлигини сақлаши зарур. Тижорат сири ошкор этилган ҳолатлар учун жавобаргарлик киритилиши кўзда тутилган.

“Наманганда уй талашган ука акасини чавақлади”

Наманган шаҳрида яшовчи, 57 ёшли Ином Иномов мулк талашиб ўз акаси Ҳабибулло Отахонов жонига қасд қилди (“Диёнат”, 30 январь).

И.Иномов чопқи ва пичоқ билан қуролланиб акасининг уйига бостириб боради. Оилавий овқатланиб ўтирган Ҳабибулло Отахонов ва укаси ўртасида уй-жой масаласида гап қочади. Жаҳли чиққан Иномов дастлаб жияни Жобирнинг орқа миясига чопқи билан уради. Кейин эса акасининг қорнига пичоқ санчади.

Тафсилотларга қараганда, оғир жароҳатланган ота-ўғилнинг ҳаёти сақлаб қолинган бўлса-да, улар ногирон бўлиб қолган. Жиноят кодексининг 97-моддасида айбланган Иномов эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Тўғри, мулк, бойлик ҳам керак. Бироқ у ҳеч қачон оға-ини, жигарлар ўртасидаги меҳр-оқибатдан аъло ва устун бўла олмайди” деб ёзади бош прокуратура катта прокурори Сарвар Бозоров.

“Имтиҳон мавсумида 36 минг доллар пора олган декан қўлга олинди”

Андижондаги олий ўқув юртларидан бирида декан лавозимида ишлаб келган мансабдор порахўрлик жинояти билан қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 30 январь).

Бу ҳақда Андижон вилояти прокуратураси вакили Оятилло Раҳимов маълум қилади. Деканнинг исми шарифи ва иш жойи ошкор этилмаган. Ошкор этилган тафсилотларга қараганда эса, декан абитуриентларни ўқишга жойлаш эвазига 2010 йилдан 2013 йилгача ота-оналардан катта миқдорда пора олиб келган.

Тўрт йиллик “сезон”да олинган пора миқдори 36200 АҚШ долларига етган. Тинтув пайти деканннинг ёнида ўқишга кириши керак бўлган абитуриентлар исми шарифи ва олинган поралар қайд этиб борилган ёндафтар ҳам топилган. Ушбу жиноий иш бўйича яна бир факултет декани ҳамда ўқитувчи айбланувчи сифатида жалб этилган.

“Харидорлардан “Нексия” ва “Дамас” учун устама ҳақ олган фирма раҳбари қамалди”

Тошкентда фаолият юритган “Тотал авто” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Собит Аҳроров 10 га яқин мижоздан машина учун устама ҳақ олгани учун қўлга олинди (“Бозор ва истеъмолчи”, 29 январь).

“Тотал авто” ширкати вакиллари “Матиз” учун 2750, “Дамас” учун 2500, “Нексия” учун 3000 АҚШ долларидан устама ҳақ йиғиб олган. Мижозларга айтилган муддатда автомобил етказиб берилмаган. Бундан ташқари, ширкат раҳбари Аҳроров Омон Рустамов исмли фуқаронинг 54,6 миллион сўм ҳамда 20 минг доллар пулини ўзлаштиришда ҳам айбланган. “Тотал авто” ширкати раҳбари 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган.

“Тошкентда ҳам пенсия олиш кечикмоқда”

Тошкентда ҳам пенсиянинг кечикиб берилиши одатий ҳолга айланмоқда (“Новий век”, 30 январь).

“Охирги марта пенсияни қачон ўз вақтида олганимни эслолмайман” дейди Лидия Сидорова. Нафақахўрга кўра, ҳар ойнинг 11-санасида пенсия етказилиши керак. Аммо амалда ўртача 8-10 кундан кечикиш кузатилмоқда.

“Пенсия кекса одамларнинг ягона тирикчилик манбаи саналади. Таъбир жоиз бўлса, бу биз учун ҳаёт-мамот масаласи. Биз бор-йўғи ўз ҳақимизни талаб қилмоқдамиз. Муттасил куттириш, ҳаммасидан ҳам кечикишнинг асл сабабини айтмаслик ҳақоратдан бошқа нарса эмас” дейди Л.Сидорова.

“Рухсатномасиз радиоалоқа воситалари мусодара қилинади”

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси қошидаги Электромагнит мослашув маркази мамлакат аҳолиси ва меҳмонларини огоҳлантирди (“Ўзбекистон овози”, 30 январь).

Бунга кўра, Ўзбекистон ҳудудига рухсатнома ва сертификатсиз олиб кирилган, сотилаётган ҳамда ишлатилаётган радиоэлектрон алоқа воситалари (узоқ масофали радиоузайтиргичлар, радиостанциялар ва бошқа радиоузатгич воситалар) мусодара қилинади ва айбдорлар маъмурий жавобгарликка тортилади.
XS
SM
MD
LG