Линклар

Украинада ўғирланган намойишчи Дмитрий Булатовнинг қулоғини кесишган


 Дмитрий Булатов.

Дмитрий Булатов.

22 январ куни ўғирлаб кетилган намойишчи Дмитрий Булатов жумага ўтар кечаси Киев яқинидаги қишлоқлардан бирига ташлаб кетилган.

Мунтазам калтакланганини айтган 35 яшар Булатовга кўра, уни ўғирлаб кетган шахслар намойишларни ким молиялаштираётганини билиш мақсадида уни қийнашган.

- Мени чормих қилишди. Қўлларимни тешишди. Қулоғимни кесиб ташлашди. Юзимни тилишди. Бутун баданимни илма-тешик қилишди. Худога шукур, тирик қолдим,- дейди Булатов.

Булатов ҳозирда Киевдаги “Борис” шифохонасида даволанмоқда.

Булатовни Киев яқинидаги Вишенки қишлоғига машинада олиб келиб, ташлаб кетишган. У Киевга ўзи етиб келган. Вишенки қишлоғи яқинидан Юрий Вербицкийнинг ўлиги топилган ва яна бир фаол Игорь Луценко ҳам ўғирлаб кетиб, шу ерга ташлаб кетилган эди.

Дмитрий Булатов Автомайдон автомобилчилар ҳаракатининг лидерларидан бири. У Киевда евроинтеграция тарафдорларининг акцияларида фаол иштирок этиб келаяпти. Дмитрий 22 январь куни йўқолиб қолди. Ўша куни "Беркут" аскарлари бир қанча намойишчиларни ҳибсга олганди. Булатовнинг йўқолиши бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Украинада камида 230 намойишчи қўлга олинди


Украинада оммавий норозилик намойишлари пайтида қўлга олинган 230 одамдан 140 нафари ҳибс қилинган. Бу ҳақда пайшанба куни Украина Бош прокуратураси маълум қилди.

Бироқ мухолифатнинг Миллий қаршилик кўрсатиш штаби норозилардан 300 киши ҳибсда сақланаётганини билдирмоқда. Мухолифат барча қўлга олинганларни ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан озод этилишини талаб қилмоқда.

Чоршанба куни Украина парламенти норозилик намойишларида қатнашганларни авф этиш тўғрисида қонун қабул қилган эди. Мазкур қонуннинг қабул қилиниш жараёнида мухолифат иштирок этмади. Қонун норозилар томонидан босиб олинган ҳукумат бинолари озод этилган тақдирдагина кучга киради. Аммо мухолифат қонун шартини бажаришдан бош тортмоқда. Мухолифат ҳокимият алмашган тақдирдагина биноларни бўшатишини эълон қилган.

Аксилҳукумат чиқишлари ўтган йилнинг ноябрида президент Янукович Европа Иттифоқи билан эришилиши керак бўлган ҳамкорлик битимини кутилмаганда имзолашдан бош тортиши ортидан келиб чиқди.

Ўтган ҳафта Украина парламенти аксилҳукумат намойишларини тақиқловчи қоунунни қабул қилгани норозиликларни янада авж олдирди. Янги қонун чоршанба куни кучга кирди.

Украинадаги вазиятга оид тафсилотлар билан кун давомида танишасиз.
XS
SM
MD
LG