Линклар

logo-print

Тошкентда гаражларни бузиш вақтинча тўхтатилди


2013 йилги қарор асосида бузилсин¸ деб фармон чиқарилган темир гаражлар икки кун ичида бузилиб¸ металлоломга топширилган эди.

2013 йилги қарор асосида бузилсин¸ деб фармон чиқарилган темир гаражлар икки кун ичида бузилиб¸ металлоломга топширилган эди.

Тошкент ҳокими ўз қарорини ўзи бекор қилди

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2013 йил 8 апрелидаги 314-сонли қарорини бекор қилиш ҳақида 2014 йил 13 январь куни қабул қилинган 46-сонли янги қарори Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий саҳифасида эълон қилинди.

Сайтга қўйилган ҳужжатда ëзилишича¸ шаҳар ҳокими ўз аввалги қарорини Тошкент шаҳар прокуратураси 2013 йилнинг 31 декабрь куни киритган протест асосида бекор қилган.

13 январь куни пойтахт ҳокими имзо чеккан қисқа ҳужжат матнида “Тошкент шаҳрида автомототранспорт сақлаш қурилмаларини ободонлаштириш ва шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ тартибга келтириш тўғрисида”ги 314-сонли қарор бекор қилинсин” дейилган. Айни пайтда янги қарорда¸ туман ҳокимликлари¸ Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси¸ Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига тегишли ҳужжатларни мазкур қарорга асосан мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

Тошкент ҳокими темир гаражларга уруш эълон қилди

Шаҳар ҳокимининг 2013 йилнинг 8 апрелида қабул қилган қарори пойтахтдаги хусусий гаражларни бузиб¸ улар ўрнида замонавий стардартларга мос келиши иддао қилинган автомобил турар жойлари қуришни назарда тутади.

Мазкур қарор асосида Тошкент бўйлаб¸ асосан¸ металл гаражларни қисқа муҳлат ичида бузиш бошланди ва ҳокимлик берган муддат ичида гаражини бузиб¸ ерини тозалаб бермаган оилалар гаражи мажбуран бузилиб¸ металлоломга топширилди¸ гаражи бузилганларга ҳеч қандай товон пули тўланмади.

2013 йилда гаражи бузилган Нигора опа бу жараëнни шундай тасвирлайди:

- Икки кун ичида гаражларни бузинглар, бўлмаса суриб ташлаймиз, булдозер билан дейишди. Сразу бориб буздик. Гараж ўрнига жой берамиз деган гап бўлгани йўқ. Олиб кетинглар, гараж мумкин эмас, деди фақат¸ дейди икки кун ичида қиймати 3500 АҚШ долларига тенг темир гаражини бузиб ташлашга мажбур қолган шаҳарлик оила бекаси.

Шаҳар ҳокими қароридан туман ҳокимлиги бехабар ëхуд Тошкент ҳокимликларида Интернет йўқ...

31 январь куни Озодлик мухбири Тошкент шаҳридаги икки йирик туман ҳокимлигининг айнан 314-сонли аввалги қарори ижроси учун масъул бўлган расмийлари билан боғланиб¸ бу қарорнинг бекор қилинишидан сўнгги вазият юзасидан изоҳ сўради.

Аммо иккала туман ҳокимлиги расмийси¸ шаҳар ҳокими ўз эски қарорини бекор қилгани ҳақида эшитгани¸ аммо янги қарор ва унинг ижросига доир ҳужжатларни ҳали кўрмаганини билдирди:

- Мен ҳам эшитдим шунақа қарор чиққанини¸ лекин ҳали қўлимга олганим бор. Сизда бўлса¸ олиб келинг¸ бир кўрай. Ҳозир нима қилишни билмай бошимиз қотиб ўтирибди¸ деган Тошкент туманларидан бири ҳокимлигининг гаражлар учун масъул ходими¸ шаҳар ҳокимлигининг расмий Интернет саҳифасида бу қарор матни қўйилгани ҳақидаги гапга ажабланиш билан жавоб қайтарди.
-Олдимда компютер турибди¸ лекин Интернетга уланмаган. Шунинг учун ҳокимлик сайтига кира олмайман. Ўзи гаражлар бузилиши бошлангандан бери ҳеч ким пул тўламай қўйди ва биз ойликсиз ўтирибмиз¸ дея шикоят қилди туман ҳокимлигининг гаражлар бўлими мутасаддиси.

Бошқа туман расмийси эса¸ 314-қарорнинг бекор қилинганига оид қарор ижроси қандай бўлишига оид ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини таъкидлади:

- Биз ҳам буни эшитдик¸ Интернетда ўқидик. Лекин на бу қарор ва на унинг ижросига оид фармойиш бизга келмади ҳали. Шунинг учун ҳозиргача бузилмаган гаражлар бузилмайди¸ деб айта олмайман. 20 февралларда телефон қилсангиз¸ унгача балки аниқ гап бўлар¸ деди Тошкент шаҳри туманларидан яна бири ҳокимлиги расмийси.

"Қолган гаражлар бузилмайди!"

Туман ҳокимликларининг тегишли мутасаддидлари шаҳар ҳокимининг Ўзбекистон расмий Интернет сайтларида эълон қилинган қарорини кўрмаганини рўкач қилиб турган бир пайтда¸ Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийси¸ бу қарор расмий саҳифада эълон қилингани ва шу асосда гаражларни бузиш жараëни ҳам¸ янги автостоянкалар қуриш ҳам тўхтатилганини билдирди.

- Бузилишлар янги қарор билан вақтинча тўхтатилди. Лекин энди ҳар бир туман ҳокимлиги шаҳар ҳокимининг 46-қарори асосида бузиладиган гаражлар ва қурилиши режаланган стоянкалар рўйхатини қайта кўриб чиқади ва ўзининг қарорини чиқаради. Шаҳарда қолган гаражларни бузиш учун шаҳар ҳокими энди 13 январь кунги 46-қарорини бекор қилиши керак бўлади. Унгача¸ ҳеч ким гараж бузилсин¸ деган фармойиш бера олмайди¸ деди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган расмийси.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2013 йилги 314-сонли қарорига илова қилинган режага мувофиқ¸ 2013 йилда пойтахт бўйича 23 073 та¸ 2014 йилда эса 17753 та замонавий автомототранспорт турар жойлари қурилиши мўлжалланган эди.

Бу рақамлардан пойтахтдаги гаражларнинг 60 фоиздан ортиғи 2013 йил давомида бузиб ташлангани¸ аммо қолганларини бузиш 2014 йилга қолгани англашилади.

Шаҳар ҳокими аввалги қарорини бекор қилиш ҳақидаги янги қарорини яна ўзи бекор қилмагунича¸ бузилмай қолган бу гараж эгалари нафас ростлаб туришлари мумкин¸ дейди Тошкент ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган расмийси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG