Линклар

logo-print

Қирғизистонда тангричиликни дин қатори тан олиниши талаб қилинмоқда


Тангричилар "Манас" эпосини ўз китоблари қаторида кўрсатмоқдалар.

Тангричилар "Манас" эпосини ўз китоблари қаторида кўрсатмоқдалар.

Қирғизистонда бир қатор тангричилар тангричиликни дин қатори тан олиш талаби билан президент Алмазбек Атамбаевга мурожаат йўллашди. Мурожаатда айтилишича, Дин ишлари бўйича давлат комиссияси тангричиликни дин қатори расман тан олишдан бош тортиб келмоқда. Бунгача бу масала судда ҳам кўриб чиқилган эди.

Бишкекдаги “Манас Ўрда” жамоат ташкилоти раиси Анарбек Усупбаев 31 январь куни президентга йўлланган мурожаат муаллифларидан бири. Унга кўра, тангричилик дин сифатида расман тан олинмагани учун ҳам мазкур ташкилот фаоллари одамлар орасида тангричилик ғояларини даъват қила олмаётган экан.

-Диний рўйхатдан ўтмагунимизча диний даъват қилишга ҳаққимиз йўқ экан. Ҳар бир одам динни ўзи танлайди. Конституцияда ҳам бунга рухсат берилган. Бир киши қандайдир динга сиғинса, ўша одамнинг ҳурмати юзасидан ҳам бу динни рўйхатга олиш керак. Бизга фақат ислом дини вакиллари қаршилик қилиб келишмоқда, қолган дин вакиллари қаршилик қилмаяпти, -деди Анарбек Усупбаев.

Тангричилар президентга ёзган мурожаатларида Қирғизистонда ислом динининг кенг ёйилиб бораётгани мамлакатнинг дунёвий принципларига таҳдид солаётгани, шунинг учун қирғизлар ота-боболаридан қолган тангричилик динига қайтиши зарурлиги айтилади. Мурожаатга имзо чекканлар орасида Қирғизистонда таниқли бўлган жамоат арбоблари ва академик олимлар ҳам бор.

Улардан бири Қирғизистон парламентининг собиқ депутати Асланбек Малиев тангричилик қирғизларнинг урф-одатлари ва дунёқарашига асосланган дин эканини айтди:.

-Бизнинг динимиз қирғиз элининг урф-одатлари, маданиятига асосланган диндир. Шундан бошқа ҳеч нарса йўқ. “Бошқа динларинг Қуръони, Инжили ёки Тавроти бор, сизларда нима бор?” деб сўрашингиз мумкин. Қирғизларнинг “Манас”, “Семетей”, “Сейтек” каби эпослари бор. Бизнинг динимиз пойдевори мана шу эпослардир, -деди Асланбек Малиев.

Тангричиларга кўра, Дин ишлари бўйича давлат комиссияси бир йилдан бери тангричиликни дин қаторида рўйхатдан ўтказишдан бош тортиб келмоқда. Дин ишлари бўйича давлат комиссияси эса экспертлар гуруҳи тангричиликни дин қатори расмий рўйхатдан ўтказишга асос йўқ деган қарорга келганини билдирмоқда.

-Исломда Қуръон, насронийларда Инжил, яҳудийларда Таврот бор. Тангричиларнинг эса таянадиган ҳеч нарсаси йўқ. Улар “Манас” эпосига таянишмоқда. “Манас” диний китоб эмас. Шунинг учун тангричиликни дин сифатида расман рўйхатга олишдан икки марта бош тортганмиз. Шундан сўнг улар судга ҳам мурожаат қилишган, -деди Давлат дин комиссияси расмийси Жанибек Ботоев.

Расмийнинг айтишича, тангричилар суд жараёнларида иштирок этмаганлари учун мазкур жараён тўхтатилган.

Қирғизистонлик манасшунос олим Темирбек Токтогазиев қирғиз достонларидан бирортаси тангричилик учун асос бўла олмайди, деб ҳисоблайди.

-“Манас”ни тангричиликнинг китоби деб ҳисоблаш мутлақо нотўғридир. Сабаби “Манас”нинг исталган вариантини қўлга олсангиз, унда ислом динининг элементлари бор. Тангри деган сўзга келсак, бу сўз Худо, Аллоҳ Таолонинг қирғизча аталишидир. Тангри деган сўздан келиб чиқиб, тангричиликни алоҳида дин сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғри эмас. Мана шундай воқеалар ортидан “Манас” эпосини мусулмонларга қарши қўйишмоқда, -деди Темирбек Токтогазиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG