Линклар

Ўзбекистон Конституциявий суди ҳуқуқ ҳимоячилари аризасини илк бор қабул қилди


Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўтган ҳафта охирида Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси вакилларининг аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилди.

Альянс вакили Елена Урлаевадан олинган бу хабарни Конституциявий суд Девони ходими тасдиқлади.

Шу пайтгача Конституциявий суд инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари шикоятини кўриб чиқиш учун қабул қилгани тўғрисида маълумот пайдо бўлган эмас.


Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси вакили Елена Урлаеванинг Озодликка хабар қилишича, улар Конституциявий судга Тошкент шаҳар милицияси ходимларининг 2013 йил, 13 май кунги ҳаракатлари устидан шикоят аризаси киритган.

Қарийб 9 ойдан бери суддан судга кўчган шикоят

Урлаева аъзоси бўлган ташкилот фаоллари ўша куни Андижон фожеаси қурбонларини хотирлаш учун Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий кўчаси ва Шароф Рашидов шоҳкўчалари чорраҳасида жойлашган “Жасорат” ёдгорлиги олдида йиғилган, фаоллар ўз акцияларини бошлашга улгурмасданоқ уларни милиция ходимлари қўлга олган эди.

- Ҳибсга олинганимиздан кейиноқ юристимиз милиция ходимларининг ғайриқонуний ҳаракатлари юзасидан шикоят аризаси киритмоқчи бўлган, лекин Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди аризамизни кўриб чиқишни рад этган эди, дейди Елена Урлаева.

Унинг айтишича, Альянс туман судининг рад жавобидан кейин қонунда белгилаб қўйилган тартибга риоя қилиб, барча юқори инстанцияларга, жумладан Олий судга ҳам арз қилган ва биронта инстанциядан ҳам ўзларини қониқтирадиган жавоб ололмагач, Конституциявий судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Урлаеванинг айтишича, Альянс юристи Аделаида Кимни 29 январь куни Конституциявий суд судьяси "Ҳусанова (Фотима Усмоновна – Конституциявий суд расмий сайти маълумоти – таҳр.) қабул қилди ва шикоятни кўриб чиқажаги ҳамда шикоят юзасидан эксперт хулосаси ва жавоб беражагини айтди".

Жавоб қачон берилажагини Елена Урлаева айта олмади. Альянснинг Конституциявий судга шикоят аризаси киритган юристи Аделадиа Ким билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Лекин Озодлик Конституциявий суд Девони билан боғланди.

Девон ходимининг айтишича, “судья Ҳусанова ўтган ҳафта охирида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашган, уларнинг аризаси кўриб чиқиш учун қабул қилинган”.


Елена Урлаеванинг айтишича, Конституциявий суд январнинг охирида кўриб чиқиш учун қабул қилган шикоят аризаси у аъзоси бўлган Инсон ҳуқуқлари альянсининг мазкур суд кўриб чиқиш учун қабул қилган биринчи аризасидир.

Конституциявий суд ҳуқуқ ҳимоячиларининг аризасини илк бор қабул қилди

- Бундан бир неча йил олдин Президент сайлови кампанияси пайтида Ахтам Шаймарданов, Абдулла Тожибой ўғли каби ҳуқуқ ҳимоячилари Конституциявий судга мурожаат қилган, лекин уларнинг аризаларини қабул қилишмаган, деди Елена Урлаева.

Шу пайтгача оммавий ахборот воситаларида ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг Конституциявий судга мурожаат қилиб, масала ҳал қилганлари тўғрисида хабар пайдо бўлган эмас.

Конституциявий суд мавзуи OzodNazarда тилга олинган эди

Ўзбекистонликлар мамлакатда Конститциявий суд борлигини биладими? Бу саволни мухбиримиз OzodNazar эшиттиришида сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга берган эди.


Конституциявий суднинг ваколатлари нималардан иборат?

Бу савол жавоби сифатида Конституциявий суднинг расмий сайтидан олинган мана бу матнни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз:

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўрадиган суд ҳокимияти органи ҳисобланади.

Конституциявий суд:

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мослигини аниқлайди;

Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг нормаларига шарҳ беради;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан ўзининг ваколатлари доирасига киритилган бошқа ишларни кўриб чиқади.

Конституциявий суд фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.

Конституциявий суднинг қарорлари матбуотда эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради. Улар қатъий ва улар устидан шикоят қилиш мумкин эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG