Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:07

3 февраль, соат 16.00 да Наманган аэропорти очилган, Фарғонаники ёпиқ эди


Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб, қор кўп ёққани мамлакатдаги баъзи аэропортлар фаолиятига ҳам таъсир қилди.

Озодлик қўлга киритган маълумотларга қараганда, Термиз, Наманган, Фарғона ва Андижон аэропортлари ишида узилиш содир бўлди.

Масалан, Фарғона аэропорти 3 февраль, соат 16.00 да ҳам ёпиқ қолаётган, ҳаво майдонининг қачон очилиши маълум эмас эди.


Халқаро Тошкент аэропорти маълумот хизматидан 3 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 15у 45 да олинган маълумотга қараганда, Тошкент ҳаво майдони парвоз ва қўниш учун очиқ эди. Бироқ Термиз ва Наманган аэропортлари ўша дақиқада ёпиқ эди.

Орадан бир неча дақиқа ўтказиб Наманган аэропорти билан боғландик ва унинг очилганини билдик.

- Эрталаб соат 10.30 да очилдик. Шу соатгача 4 та рейс қабул қилдик. Яна битта рейс қолди, қабул қиламиз, деди Наманган аэропорти расмийси.

Унинг айтишича, "Андижон ва Фарғона аэропортлари учиш-қўниш йўли қордан тозаланаётгани сабабли ёпиқ".

Фарғона аэропорти ходимларидан бирининг айтишича, бу ҳаво майдони 2 февраль куни биттагина рейсни қабул қилиб олган. 3 февраль куни эса, (ҳар ҳолда маҳаллий вақт билан соат 16.30 гача) Фарғонадан парвоз амалга оширилмади, учоқ қабул қилинмади.

Андижон ва Термиз аэропортлари билан боғланиб бўлмади. Лекин Термиз аэропортидаги вазиятни шу шаҳардаги таксопарк ходими айтган гапдан тасаввур қилиш мумкин.

- Қорнинг қалинлиги белгача, ҳозир ҳам ёғаяпти.

“Йўлларни кимнинг вақти бўлса, ўша тозалаяпти”

Термиз таксопарки вакилидан йўллар аҳволини сўрадик:

- Йўллар қордан тозаланаяптими?

- Когда как.

- “Когда как”и қанақа?

- Кимнинг вақти бўлса, ўша тозалаяпти.

- Шаҳар ҳокимияти кўчаларни тозалаш учун махсус машиналар чиқаргани йўқми?

- Йўқ.


Об-ҳаво давлат чегарасини тан олмайди

Қор қалин ёққани оқибатида Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг айрим минтақаларига камида 15 одам нобуд бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистондан маълумот йўқ.

Тожикистоннинг Душанбе, Кўлоб ва Қўрғон-Тепа шаҳарларидаги аэропортлар ёпилди.

Тожикистоннинг айрим ҳудудларига бир неча соат ичида 80 сантиметргача қалинликда қор ёққани айтилмоқда.

Тожикистонда болалар боғчалари, мактаблар ва олийгоҳлар 10 февралгача ёпилди.

Қирғизистонда беш киши қор кўчкиси остида қолиб нобуд бўлди. Ўш аэропорти 2 февраль куни ишламади. Жалолобод шаҳри аэропорти ёпилди.

Қамчиқда нима гап?

Ангрен – Тошкентни Фарғона водийси билан улайдиган стратегик йўлдаги Қамчиқ довонининг Тошкент томонидаги остонаси. Шу шаҳарлик бульдозерчи Абдуқаҳҳорнинг айтишича, аввалига ёққан ёмғир қорга айланган ва мана 2 кундан бери ёғмоқда, лекин шаҳарда транспорт қатновида узилиш бўлгани сезилмаяпти.

Бульдозерчи Абдуқаҳҳордан довон очиқми-йўқми, деб сўрадик.

- Довонда техника кўп, тозалаб турибди, йўл очиқ, деди ангренлик тингловчимиз.

Афтидан, бульдозерчи 2 февралгача бўлган маълумот билан ўртоқлашди.

Чунки наманганлик бир манбанинг айтишича, довон 2 февраль куни очиқ эди (“Ўғлим кеча Қашқадарёга кетди”) лекин 3 февраль куни ёпиқ эди (“Тошкентга кетаётган дўстим қайтиб келди”).

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги навбатчиси маҳаллий вақт билан соат 17.50 да “Қамчиқ довони очиқ”, деди.
XS
SM
MD
LG