Линклар

logo-print

Тошкент милицияси “открывашкалар” изига тушди


"Калиши ечирилган" машиналар.

"Калиши ечирилган" машиналар.

Ўзбекистон пойтахтида автомобиль юкхонасидан ашёларни ўғирлаб қочаётган бир неча гуруҳ қўлга олиниб, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасида тергов қилинмоқда. Бу каби ўғирлик кўп содир бўлаётган Чилонзор туманидан уч кишилик гуруҳ ушланган.


Бу ҳақда Озодликка Чилонзор туман ички ишлар бошқармасининг исмини очиқламаётганимиз масъул ходими маълум қилди.

- Гуруҳ ушланган. Анча жиноятлар очилган уже. Шаҳарда катта группа тушган ҳозир, [Тошкент шаҳар] ички ишлар бош бошқармасида тергов олиб борилаяпти. Бизнинг район жителлари ҳам бор қўлга тушган болалар орасида. Улар шаҳарда машиналардан ўғирликлар қилишган, - деган тошкентлик милиция зобити бу ишлар бўйича жиноят ишлари очилиб, тергов ишлари давом этаётганини қўшимча қилди.

Тошкентда автомобил юкхонасидан нарса олиб қочиш кўпайгани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилганди. Ўша пайтда Озодлик суҳбатлашган жиноят оламидаги воқеалардан яхши хабардор ва ўзи ҳам қамоқда жазо муддати ўтаб чиққан Ботир бу каби жиноят ўғрилар тилида “открывашка” дейилишини айтганди ва бундай жиноят нима учун кўпайганига қуйидагича изоҳ берганди:

- Бунинг кўпайгани сабаби ушлаш жуда қийин. Ўша заҳоти қўлидан ушлаш керакда. Қўлидан ушламасангиз жиноятини исбот қилиб бўйнига қўйиш қийин бўлади. “Открывашка”ни қиладиганлар шундай очадида, олиб қочади. Ëш болалар қилади уни кўпинча, - деганди тошкентлик собиқ маҳбус Ботир.

Тошкентда “открывашка” кўпайгани шу кунда ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда. Facebook тармоғига фойдаланувчи Сардор Умаров томонидан юкланган видеода камида 4 кишилик гуруҳ йўл четида турган Нексия юкхонасини 11 сония ичида “тозалаб”, давлат рақами бўлмаган бошқа бир Нексияда воқеа жойидан ғойиб бўлгани акс этган. Бу видеога изоҳ ёзган фойдаланувчиларнинг айримлари уни “ёш ўғрилар учун қўлланма” деб атаса, бошқалар бунақаларга нисбатан радикал чоралар кўришни таклиф қилади, яна бири эса “милиция қаёққа қараяпти?” деб ёзғиради.

Аввалроқ бу каби ҳодисалар ҳақида ёзган Fergananews нашри “тошкентликлар гаражларнинг оммавий равишда бузиб ташлангани, амнистия ва милиция ходимларининг лоқайдлиги бундай жиноятлар кўпайишига сабаб, деган фикрда” дея баён этганди.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилнинг 8 апрелида Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтдаги хусусий гаражларни бузиш ҳақида 314-сонли қарорни қабул қилганди. Бироқ бу қарор Тошкент шаҳар ҳокимининг шу йил 13 январида қабул қилинган 46-сонли қарори билан бекор қилинган.

Ўтган ҳафта Озодлик билан суҳбатлашган Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийси эндиликда 46-қарор бекор қилинмагунича пойтахтдаги омон қолган гаражлар бузилмаслигини қайд этганди.
XS
SM
MD
LG