Линклар

logo-print
“Мен ўзимни қизболадай ҳис қиляпман деб онамга айтганимда олти ёшли бола эдим”. Бу тожикистонлик гейнинг иқрори. Унинг Озодликка айтишича, ҳозир у жамиятда ўз ўрнини тополмай, қийналиб яшамоқда. 1998 йилда жинсий озчилик вакилларини жиноий жавобгарликка тортишни кўзда тутувчи модда Тожикистон республикаси Жиноят кодексидан олиб ташлаганига қарамай, бундай шахслар тожик жамиятида муттасил равишда ижтимоий қаршиликка дуч келмоқдалар.


Комил Озодликнинг тожик хизматига видеоинтервью берар экан, унинг номини ўзгартиришларини ва юзини кўрсатмасликни илтимос қилди.

Тожикистонлик Комил ёшлигидан қизболаликка мойиллиги ҳақида онасига гапирган. Комилнинг айтишича, онаси унга бу сирни ҳеч кимга ошкор қилмасликни қаттиқ тайинлаган.

Бироқ, 25 ёшга кирган Комил йиллар ўтган сайин унга азоб бераётган кечинмаларни айтишга қарор қилди:

“Менинг ортимдан оилам азоб чекяпти, менинг ўзим ҳам азобдаман. Мен қандай жамиятда яшаётганимни яхши биламан, лекин озгина бўлса ҳам мени тушунишса, ёрдам беришса деб умид қиламан”, дейди Комил.



Ўтган йиллар давомида Комилнинг онаси уни турли йўллар билан даволашга ҳаракат қилди.

“Бизда одамлар гомосексуализмни даволаса бўлади, деб ўйлашади. Ота-онам узоқ йиллар давомида мени шифокорларга, табибларга ва муллаларга кўрсатди. Муллалар мени масжидга олиб, гўё менинг танимдан ёвуз руҳларни қувмоқчи бўлишди. Улар менга аёл жинсли жин менинг танимга ўрнашиб олгани ва шунинг учун ҳам менга эркаклар ёқишини айтар эдилар”, дейди Комил.

Душанбе шаҳрида жинсий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Елена Иброҳимованинг айтишича, ота-оналар гомосексуал фарзандларидан гетеросексуал никоҳга киришни қаттиқ талаб қиладилар. Бироқ, бундай никоҳларнинг аксарияти ажрашиш билан ниҳоясига етади.

Комилнинг ота-онаси ҳам уни бир қизга унаштириб қўйган эди. Бироқ Комил орадан кўп ўтмай бу келишувни бекор қилди.

“Мен бошқа бир кишининг ҳам ҳаётини барбод қилмоқчи эмасман”, деди Комил.

Комилнинг бу қарори унинг акалари жаҳлини чиқарди. Улар “оиласига шармандалик келтиргани” учун укаси билан гаплашмай қўйдилар.

Кўпчилик каби Комил ҳам ёлғизликдан эзилади. Елена Иброҳимованинг айтишича, Тожикистонда ҳам гомосексуаллар ва лесбиянкалар жамоатлари бор, бироқ улар ўзларининг жинсий ориентацияларини исталган йўл билан бўлсин, яширишга ҳаракат қиладилар.

Тожикистонда анъанавий психологлар жинсий озчилик вакилларини даволаш мумкинлиги ҳақида гапирадилар. Психолог Зарина Кеняеванинг айтишича, агар кучли иштиёқ бўлса гейлар ва лесбиянкаларни ҳам даволаш мумкин.

Комилнинг ота-онаси ҳозир ҳам бир кун келиб ўғлини ёвуз кучлар тарк этишидан ва унинг “ҳамма қатори” бўлишидан умидини узгани йўқ. Бироқ, Комил энди бу нарсаларга ишонмаслигини айтади.

“Бу жамият мени қабул қилмаслигини биламан, бироқ мен кабилар очиқ юрадиган бошқа мамлакатга бориб яшашга менинг имконим йўқ. Мени ўлдирманг, балки ўзим билганча яшайдиган имконият беринг!”, дейди Комил.

Тожикистон 1998 йилда гомосексуалистларни жиноий жавобгарликка тортиш моддасини Жиноят кодексидан олиб ташлаган. Бироқ, тожик жамиятида жинсий озчиликни ташкил этувчи шахслар муттасил равишда ижтимоий қаршиликка дуч келадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG