Линклар

Шу кунларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари сўрови билан Москвада ҳибсга олинган 29 ёшли бухоролик Маҳмудов Аброржонга нисбатан экстрадиция текшируви ўтказилмоқда. Яқинларининг фикрича, Аброржон Ўзбекистон маъмурлари томонидан "намозхон бўлгани учун" таъқиб қилинмоқда.

Шу кунларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари сўрови билан Москвада ҳибсга олинган 29 ёшли бухоролик Маҳмудов Аброржонга нисбатан экстрадиция текшируви ўтказилмоқда.

Яқинларининг фикрича, Аброржон Ўзбекистон маъмурлари томонидан "намозхон бўлгани учун" таъқиб қилинмоқда.


Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан халқаро қидирувга берилган Бухоро вилояти Шофиркон тумани фуқароси 29 яшар Маҳмудов Аброржонни 2014 йилнинг 16 январида Москва вилоят полицияси 2014 йилнинг 16 январида қўлга олингани бугун маълум бўлди.

Ҳибсга олиниши тафсилотларини Озодликка гапириб берган Аброржоннинг яқинларига кўра, унинг қишлоғида Миллий хавфсизлик хизмати қочқиннинг барча қариндошларини сўроққа тутган. Унинг қатъий ишонч билан айтишича, "Аброржон намоз ўқигани учун таъқиб қилинмоқда".

Суҳбатдош Россияга келгач Аброрнинг намоз ўқиши орқасидан яхши одатларни чиқаргани, яхши йўлга кирганига гувоҳ бўлганини айтади.

- Бу ёққа келиб мен Аброр ҳеч қанақасига ёмон иш қилмай, одамларга фақат яхшилик қилаётганини кўрдим. Билмадим, менимча шунча йилдан бери яхши йўлда юрганларини фақат намознинг орқасидан, деб билдим. “Намозни қўйиб туринг”, демоқчи эдим. Бутунлай бошқача тасаввур бўлганидан кейин ҳеч нарса демадим. Намознинг ёмон жойи йўқ, ҳатто ўзимда кейинроқ намоз ўқишга ниятим пайдо бўлди.

Серпухово туман тергов изоляторида қолаётган Аброр Маҳмудов ҳимоясини Москвадаги “Фуқаровий кўмак” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази ходимлари таъминлашга киришди.

Марказ раҳбари Светлана Ганнушкина ўзбек муҳожири устидан яқин вақт ичида экстрадиция тергови бошланишини Озодликка билдирди.

- Бу ерда қатор қонунбузарликлар содир этилди. Энг асосийси, унинг яқинлари анчагача Аброрнинг қаерда эканини билишмаган. Уни Бронницада ГАИ ходимлари қўлга олган, Раменскоега олиб боришган, ҳозирда у Серпухово тергов изоляторида. Энди Ўзбекистондан ҳужжат келишини кутамиз. Аввалига унга нисбатан Ўзбекистонда қўзғатилган айбловлар бизнинг қонунчилигимизга тўғри келишини текшириб кўриш керак. Менимча, у ерда одатий 159 ва шунга ўхшаш моддалар. Биз аввал ўз судларимизда, керак бўлса Европа судининг 39 қоидасига мувофиқ уни Ўзбекистонга бериб юбормасликка ҳаракат қилиб кўрамиз, дейди Светлана Ганнушкина.


Ҳуқуқ фаоли Аброржон Маҳмудов ва унга ўхшаш ўзбекистонлик бошқа диний қочқинлар масаласи куни кеча Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгашида муҳокама этилганини хабар қилди.

У Ўзбекистон махфий хизматлари Россия ҳудудида бемалол ўз фаолиятини олиб бораётганидан, уларга эса маҳаллий хавфсизлик хизмати кўмаклашаётганидан хавотирда эканини билдирди.

- Қисқа вақт ичида Россиядан 10 киши ўғирлаб кетилди ва Россия ташқарисига олиб чиқилди. Бу даҳшатку! Улар доимо тергов остига тушишини ҳам, ўғирланганларнинг аксари Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб чиқилгани, у ерда қийноқларга солинганини ҳам биламиз. Бундай амалиётлар чегара хизматисиз амалга ошмаслиги барчага аён! Аброр масаласида – у яна ярим йил тергов якунлангунига қадар қамоқда ўтиради. Билишимча, 159 модда асосида бир йилдан кейин уни қўйиб юборишади. Лекин энг хавфлиси – бундай одамлар қўйиб юборилиши биланоқ, полиция уларни миграция қонунчилигини бузганликда айблаб ҳибс этади ва маъмурий қонунчилик асосида Россиядан чиқариб юборади, деди ҳозирча шофирконлик Аброр Маҳмудовга қўйилаётган айблар асосида сўнгги пайтларда Ўзбекистонга бирор киши бериб юборилмаганлигини таъкидлаган Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси, “Фуқаровий кўмак” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази раҳбари Светлана Ганнушкина Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик айни айбловлар билан сўнгги пайтларда Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўзбекистон сўрови билан бир қанча меҳнат муҳожири ва қочқини қўлга олиниб, экстрадиция текширувидан ўтгани тўғрисида хабар берган эди.

2014 йилнинг 24 январида Москва вилоятининг Химки шаҳрида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари сўрови билан 35 ёшли Фаррух Муродов Ўзбекистон ҳукуматига қарши Россия ҳудудида ўтказилган пикет ва норозилик тадбирларда иштирок этгани, хусусан президент Ислом Каримов режими тўғрисида танқидий мулоҳазалар билдиргани учун қўлга олинди.

2013 йилнинг 2 июлида Тюмен шаҳар аэропортида асли наманганлик, ҳозирда Россия фуқароси бўлган 45 ёшли Усмон Муҳиддинов ҳибс этилиб, у Ўзбекистон куч ишлатар идоралари томонидан очилган қатор жиноий ишлар бўйича айбланаётгани маълум қилинганди.

2012 йилнинг ноябрида Внуково аэропортида Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Москва орқали Наманганга учиб кетаётган беш ўзбекистонлик ушланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG