Линклар

Газ портлаши оқибатида Фарғонада бир оиланинг беш аъзоси куйди


Ўзбекистоннинг совет замонида табиий газ таъминотига уланган аксар шаҳар ва қишлоқлари¸ 2014 йил қишига келиб¸ газдан узиб қўйилди.

Ўзбекистоннинг совет замонида табиий газ таъминотига уланган аксар шаҳар ва қишлоқлари¸ 2014 йил қишига келиб¸ газдан узиб қўйилди.

Фарғона вилоят Қўштепа тумани Ғиштмон фуқаролар йиғинида яшовчи Қодировлар уйида 2 февралга ўтар кечаси содир бўлган портлаш оқибатида бу хонадондагиларнинг ҳаммаси турли даража куйиш билан вилоят касалхонасига ëтқизилди. Куйганлар орасида икки яшар қизалоқ ҳам бор.

Озодликнинг Фарғона вилояти расмий идораларидаги манбаларига кўра¸ портлаш 2 февралга ўтар кечаси тунда содир бўлган.

Портлаш оқибатида 34 яшар Дилноза Қодирова 35 фоизлик куйиш билан¸ унинг тўрт фарзанди эса¸ 15-25 фоизлик куйиш билан Фарғона шошилинч тиббий ëрдам илмий марказига олиб келинган.

Озодлик манбаларидан олинган маълумотга кўра¸ 14 яшар Саидкамолов Хўжахон¸ 10 яшар Барнохон ва 2 яшар Робияхонлар 15 фоизлик¸ 8 яшар Саидумархон эса¸ 20 фоизлик куйиш билан касалхонада даволанмоқда.

Куйганларга тиббий ëрдам кўрсатаëтган врачлар куйишнинг танадаги барча аъзоларда борлиги¸ энг кўп ва энг чуқур куйишлар асосан қўлда эканини билдиришди.

Озодлик суҳбатлашган фарғоналик мутахассислар¸ Қодировлар оиласи¸ хуссуан болалар баданидаги жароҳатларнинг 5-10 кун ичида битиши мумкинлиги¸ аммо кучли портлаш оқибатида туғилган қаттиқ қўрқиш ва эмоционал босим узоқ давом этиши ва оила саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлашди.

Портлаш пайтида оила бошлиғи Аълохон Қодиров Россияда меҳнат муҳожиратида бўлган¸ аммо қишлоқдошларининг айтишича¸ портлаш хабарини олиши ҳамон етиб келган.

Портлаш сабаби на газ ва на электр йўқлигида

Вилоят расмий идораларидан олинган маълумотга кўра¸ Қодировлар уйидаги портлашга газ босими ўта паст бўлган қувурдан газ сўриб оладиган қўлбола насос сабаб бўлган.

Ғиштмон қишлоқ фуқаролар йиғини фаолларидан бирининг айтишича¸ қиш бошланганидан бери бу ҳудуд газга уланганига қарамай¸ табиий газ таъминотидан узиб қўйилган. Айниқса¸ ҳаво совуб кетганидан сўнг қувурлардан газ келиш деярли тўхтаб қолган ва қишга ўтин-кўмир ғамламаган хонадонлар қўлбола насослар воситасида қувурдан газ тортиб уйини иситишга ўтган.

“Милиция¸ газ ва ўт ўчириш хизмати ходимлари уйма-уй юриб¸ аҳолини бундай ноқонуний газ тортиш оқибатларидан огоҳлантирган бўлса ҳам¸ кўпга келган тўйга қаноат қилмаган оилалар¸ моторчик ишлатиб¸ газ тортишмоқда. Маҳалла текширувчилари уйма-уй юриб¸ бундай насосларни ўчиртиради¸ лекин улар чиқиб кетиши билан насосни яна қўшишади”¸ дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ғиштмонлик фаол.

Айтилишича¸ тўрт фарзанди билан ëлғиз қишлаëтган Дилноза Қодирова ҳам ана шундай насос ишлатган ва электр қуввати билан ишлайдиган бу насос¸ тунда ток келгач¸ кучли босим оқибатида портлаб кетган.

Айб насосдами?

Мустақиллик йилларида газ мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистон газ қазиб чиқариш бўйича дунëдаги энг йирик ўнлик сафига киради ва постсовет ҳудудида Россия ва Туркманистондан кейин учинчи ўринни эгаллайди.

“Ўзбекнефтгаз” ширкати раҳбари Шокир Файзуллаев 2013 йил майида қилган баëнотга кўра, мамлакат четга сотадиган газ ҳажми 12¸5 миллиард куб метрни ташкил этади.

Газ қазиб олиш ¸ шунингдек газ экспорти ҳажми ошаëтгани айтилаëтган айни пайтда¸ мамлакатнинг аксар ҳудудлари 2014 йилга келиб¸ табиий газ таъминотидан узилди.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати тунда -20 даражадан пастроқни ташкил қилаëтган айни кунларда аксар аҳоли газ ва электр қуввати йўқ бир шароитда қишдан омон чиқишга уринмоқда.

Бундай вазиятда Қодировлар оиласи каби қўлбола насослар воситасида газ тортишга мажбур қолаëтган хонадонларда ëнғин ва портлаш ҳолатлари ошиши тахмин этилмоқда.

Жойлардан олинган хабарларга кўра¸ тузилган махсус комиссиялар уйма-уй юриб аҳолини бундай оқибатлардан огоҳлантирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG