Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:31

Саратондан йилига 8 миллиондан ортиқ одам нобуд бўлмоқда


Тамаки чекиш саратон сабабчиларининг асосийсидир, демоқда мутахассислар.
Тамаки чекиш саратон сабабчиларининг асосийсидир, демоқда мутахассислар.

Саратон касаллиги жаҳон бўйлаб беморлар орасидаги ўлим ҳолатларининг асосий сабабчисига айланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 4 феврал Саратонга қарши кураш халқаро куни муносабати билан эълон қилган ҳисоботда шундай хулоса берилган. БМТ қошидаги ташкилот ҳисоботига кўра, ҳар йили саратонга чалинаётган миллионлаб хасталарнинг 60 фоизи Африка, Осиё ҳамда Жанубий ва Шимолий Америка минтақаларига тўғри келади. Онкологик касалликлар Ўзбекистон учун ҳам долзарб муаммодир, бу мамлакатда йилига 10 мингга яқин одам саратондан нобуд бўлади.



Саратонга қарши кураш халқаро кунида эълон қилинган маълумотларга кўра, бу хасталик кўлами йил сайин ошиб бормоқда ва биргина 2012 йилда жаҳон бўйлаб саратондан 8,2 миллион одам нобуд бўлган. Яъни саратон беморларни ўлдираётган асосий хасталикка айланган.

Саратонни тадқиқ қилиш халқаро агентлиги хулосаларига кўра, кейинги бир неча йил давомида саратонга чалиниш ҳолатлари 11 фоизга ошиб, 2012 йилда 14,1 миллион янги ҳолат қайд этилган. Қиёс учун бу Ҳиндистоннинг энг йирик шаҳри Мумбай аҳолисига ёки Ўзбекистон жами аҳолисининг қарийб ярмига тенг.

Халқаро ташкилотнинг прогноз қилишича, келаси 20 йил ичида саратон касаллиги кўпайиш суръати 75 фоизга ошади ва йилига 25 миллионта янги ҳолат қайд этилади.

Жаҳон бўйлаб саратонга оид вазият бўйича 2014 йилги ҳисоботда турли давлатлар ўртасида саратонни назорат қилиш борасида тафовут борлиги хулоса қилинган. Хусусан, қашшоқ мамлакатлар орасида касалликдан нобуд бўлаётган беморлар сони башорат қилинганидан кўра, юқорироқ суръатларда ошиб бораётгани айтилади ҳисоботда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг саратонни назорат қилиш бўйича бош мутахассиси Андреас Улрих Озодлик билан суҳбатда вазият ёмонлашиб бораётгани омиллари ҳақида гапириб берди.

- Саратоннинг кўпайиб бораётгани ва яқин келажакда янада кўпайиши башорат қилинаётганига бир нечта омил ҳисса қўшмоқда. Асосийларидан бири аҳоли ёши қариб бораётганида, яъни қариялар сони ошиб бормоқда. Лекин яна бир омил ривожланаётган мамлакатларга ғарб турмуш тарзининг кириб бораётганидир. Хусусан, тамаки чекиш кўлами ошиб бормоқда ва саратоннинг кўплаб кўринишлари бевосита тамаки истеъмоли билан боғлиқдир. Баъзи мамлакатлар аҳолиларининг 50 фоизигача тамаки истеъмол қилади. Бу мамлакатларда чекувчилар орасида саратонга чалиниш кўрсаткичлари юқоридир. Шунга қарамай тамаки рекламаси бундай мамлакатларда агрессив тус олган. Бошқа омиллардан носоғлом овқатланиш, семизлик ва алкогол истеъмоли ҳам саратонга боғлиқдир, дейди профессор Улрих.

Тараққий этган давлатлардан фарқли ўлароқ, ривожланаётган мамлакатларда саратонга чалиниш ҳолатларининг катта қисми инфекциялардан келиб чиқади. Хусусан, аёлларда бачадон саратони ҳолатларининг 100 фоизи одам папиллома вируси инфекциясидан келиб чиқади. Бу вирусни эса эмлаш орқали тўла бартараф қилиш мумкин, дея қўшимча қилади ЖССТ мутахассиси.

Саратон касаллиги Ўзбекистон учун ҳам кўп йиллардан бери долзарб муаммо бўлиб келади. Ўзбекистон ҳукумати 2012-2015 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 70 миллион АҚШ долларига тенг онкология хизмати соҳасини ривожлантириш ва моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш дастурини қабул қилган. Расмийлар бу маблағлар ҳисобидан янги ускуналар харид қилиш, муассасаларга грантлар ва имтиёзли кредитлар берилиши кўзда тутилганини айтиб келади. Лекин дастурга оид маълумотлар ошкор қилинганича йўқ.

Онкологик касалликлар Ўзбекистонда ҳам беморлар орасидаги ўлимларнинг асосий сабабчиларидан бири ҳисобланади ва ижтимоий касалликлар рўйхатига киритилган.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 100 мингга яқин одам саратонга чалинган. Йилига саратоннинг турли кўринишларидан 10 мингга яқин одам нобуд бўлади.

Саратон касалликлари Ўзбекистондаги ўлимлар сабабчилари орасида юрак ва ишимик касалликлардан кейин учинчи ўринни эгаллайди. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бевақт ўлимлар умумий сонининг камида 12 фоизига айнан саратон сабабчидир.

Ижтимоий касаллик саналган саратон беморларига муолажа ва даволашда ишлатиладиган дори-дармонларнинг аксари бепул тақдим этилиши белгиланган.

Лекин кўп ҳолларда беморлар ва уларнинг яқинлари муолажалар ҳаражатини ўз ҳисобидан кўтаришларига тўғри келишидан шикоят қилишади.

Ўзбекистонда саратон касалликларининг энг кўп учрайдиган турлари кўкрак бези, ошқозон-ичак, бачадон ва ўпка саратони кабилардир.

ЖССТ саратонни назорат қилиш бўйича бош мутахассиси Андреас Улрих ҳукуматлар муаммонинг жиддийлигини эътироф этиб, унга қарши жиддий чора кўриш эҳтиёжи борлигини тан олсагина, вазиятдан чиқиш йўли топилади, дейди.

- Шарқий Европа, жумаладан Марказий Осиё мамлакатларида вазият бир-бирига ўхшашдир. Саратон касаллиги соғлиқни сақлаш соҳасидаги асосий муаммолардан биридир. Эркаклар орасида ўпка саратони, аёллар орасида кўкрак саратони ўлимларнинг асосий сабабчисидир. Демак ҳукуматлар тамаки назоратига доир сиёсат, вақтида ташҳис қўйиш каби муаммони ҳал қилишга қаратилган муҳим стратегияларни ишлаб чиқишлари керак, дейди ЖССТ мутахассиси.
XS
SM
MD
LG