Линклар

logo-print
Ucell мобил оператори 2013 йилда қарийб ярим миллиард доллар соф фойда кўрди.

Швецияга қарашли TeliaSonera телеком ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси 2013 йилда кўрган соф фойда ундан аввалги йилдагидан 31,6 фоизга ошиб, 478,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилгани ҳақида Trend.az агентлиги швед ширкати ҳисоботига таяниб хабар қилмоқда.

Ўзбекистондаги энг йирик мобил оператори ҳисобланган Ucell даромади ошганига оид хабар мамлакат бўйлаб мобил алоқа сифати кескин ёмонлашган пайтга тўғри келмоқда. Айниқса, 2013 йил давомида ўзбекистонлик мобил алоқа фойдаланувчиларининг шикоятлари кучайгани кузатилди.

Айни пайтда, Ўзбекистондаги шўъба корхонасининг фойдаси ярим миллиардга ошган TeliaSonera 2013 йилда ширкатнинг умумий соф фойдаси 25 фоизга камайиб, 2,3 миллиард долларни ташкил қилганини айтмоқда. Ширкат умумий даромади ҳам уч фоизга камайиб 4 миллиард долларга тушган.

Мутахассислар Европадаги энг йирик телеком ширкатларидан бири ҳисобланган TeliaSonera кўрсаткичларининг тушиб кетганига, жумладан, айнан Ўзбекистон билан боғлиқ коррупцион айбловлар сабаб бўлган демоқда.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар миқдорида пора берганига оид иддаолар билан боғлиқ жанжал ичида қолган.

TeliaSonera ширкатининг ўзи даромаднинг тушиб кетганини қийин иқтисодий вазият билан изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG