Линклар

UCell даромади ошгандан ошмоқда¸ хизмат сифати эса¸ аксинча


UCell танқидчилари швед-фин ширкатининг МТС синдирилганидан сўнг ўзига ўтган миллионлаб мижозларга рисоладагидай хизмат кўрсатишга муваффақ бўла олмаëтганини таъкидлайди.

UCell танқидчилари швед-фин ширкатининг МТС синдирилганидан сўнг ўзига ўтган миллионлаб мижозларга рисоладагидай хизмат кўрсатишга муваффақ бўла олмаëтганини таъкидлайди.

Аксар акциялари Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли TeliaSonera телеком ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси UCell 2013 йилда кўрган соф фойда аввалги йилга нисбатан 31,6 фоизга ошиб, 478,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. Айни пайтда UCell мизожлари бундай ошиш ширкат кўрсатаëтган хизмат сифатида кўринмаëтгани¸ сифатнинг аксинча пасайиб кетаëтганидан шикоят қилмоқда.

TeliaSonera ширкатининг Евроосиë шўъбалари бўйича матбуот котиби Alexandra Akkirman билан суҳбатни Озодлик мухбири UCell мижозларининг асосий эътирози – хизмат сифатининг ëмонлиги¸ телефон алоқасининг тез-тез ўчиб¸ Интернет қамровининг чекланганига оид шикоятларидан бошлади.

- Ўтган йил МТС Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатганидан сўнг¸ Ucellга мижозлар ëпирилиб ўта бошлади. Ўзбекистондаги мавжуд инфратузилмамиз бунча кўп сонли мижозга хизмат кўрсатишга тайëр бўлмагани боис¸ албатта¸ хизмат сифати ва даражасига кучли босим тушди. Аммо биз бу муаммони бартафар этиш учун дарҳол чоралар кўришга киришдик¸ дейди TeliaSonera матбуот котиби Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан қатор жиддий иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ лицензиядан маҳрум қилинган МТС 2012 йил ëзида ëпилгунга қадар мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа оператори эди ва унинг 10 миллиондан ошиқ мижози бор эди.

Шунча мижоз ўзбек телеком бозорида қолган Beeline ва Ucellга ўтганидан сўнг кескин пасайиб кетган алоқа сифати¸ 2014 йил февралига келиб ҳам¸ мижозларнинг айтишича¸ ўнгланмади.

Ucellнинг Тошкентдаги мижози Баҳодир гапиради:

- Умуман яхшиланиш йўқ. Хизмат умуман сифатли эмас. 3G бор жойда Интернети ишлайди¸ лекин 3G ҳам тез-тез ўчиб қолади. Майли биз Тошкентдамиз¸ яхшими-ëмонми ишлаб турибди. Аммо антеннаси электр токига боғлиқ жойларда¸ свет ўчса UCell умуман ишламай қолади¸ умуман алоқасиз қоласиз¸ дейди МТС синдирилганидан бери Beeline ва UCell ширкатлари хизматидан фойдаланиб келаëтган Баҳодир.

"Бундай шикоятларга қандай жавоб берасиз¸ 2013 йилда ўзбек бозорида 31 фоизга ошиб¸ ярим миллиард долларга етган даромадингизнинг қанча фоизини хизмат сифатини яхшилаш учун шу бозорга қайта ëтқиздингиз?"¸ деган Озодлик саволига TeliaSonera матбуот котиби:

- 2013 йил давомида UCell техник инфратузилмани яхшилаш учун 300 миллиард ўзбек сўми (расмий курс бўйича 135 миллион АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.) миқдорида сармоя ëтқизди ва бу жараëн 2014 йилда ҳам давом этади. Ўзбекистондаги маҳаллий ҳокимиятлар бизнинг электр қувватига бўлган эҳтиëжимиздан хабардор ва UCell бу масалада мулоқони давом эттирмоқда. Айни пайтда биз станцияларимиз ишини узлуксиз таъминлаш учун генераторлар ва дизел ëнилғиси сотиб олишни кўпайтираяпмиз¸ дейди Alexandra Akkirman.

UCell хизмат сифатининг¸ мижозлар таъкидлаëтган каби¸ ëмонлигига қарамай¸ ўз фойдасини оширганига муносабат билдирган ўзбекистонлик мутахассислар¸ бунинг асосий сабаби Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг бир неча шахс назоратидаги ëпиқ монополия бўлиб қолаëтгани ва мижозда танлаш имкони мутлақ йўқлигида эканини таъкидламоқда.

TeliaSonera ширкати Швецияда Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 320 миллион доллар миқдорида пора берганликда айбланмоқда. Швециянинг машҳур прокурори Гуннар Стетлер олиб бораëтган тергов жараëнининг 2014 йилда маҳкамага оширилиши кутилмоқда.

Коррупция жанжали ичида қолган TeliaSonera ўз бошқаруви таркибида қатор ўзгаришлар қилди¸ аммо швед журналистлари томонидан ҳозирланган давомли ҳужжатли фильмлар ва тергов жараëни ширкат имижига зиëн еткизмай қолмади.

Ўзбекистондаги шўъба корхонаси фойдаси ярим миллиардга етганини эълон қилган TeliaSonera 2013 йилда ширкатнинг умумий соф фойдаси 25 фоизга камайиб, 2,3 миллиард долларни ташкил қилганини айтмоқда. Ширкат умумий даромади ҳам 3 фоизга камайиб¸ 4 миллиард долларга тушган.

Мутахассислар Европадаги энг йирик телеком ширкатларидан бири ҳисобланган TeliaSonera кўрсаткичларининг тушиб кетганига¸ айнан Ўзбекистон билан боғлиқ коррупцион айбловлар сабаб бўлганини тахмин қилмоқда.

TeliaSonera ширкати эса умум даромадининг тушиб кетганини қийин иқтисодий вазият билан изоҳламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG