Линклар

logo-print

Жомбой ҳокими ҳар оила бошига 152 минг сўм ноқонуний солиқ солди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонликларнинг аксарияти газ йўқлигидан ўчоқда овқат пиширишга ўтганларига анча бўлди

Ўзбекистонликларнинг аксарияти газ йўқлигидан ўчоқда овқат пиширишга ўтганларига анча бўлди


Самарқанд вилояти Жомбой туман ҳокимлиги газ босимини кўтариш иддаоси билан ҳар бир хонадонга 152 минг сўмдан солиқ солди. Озодлик билан суҳбатда ҳокимият расмийси бу ялпи ўлпон аҳолидан газ учун қарзни ундириш мақсадида солинганини билдирди.

Жомбой туман ҳокимлиги маҳалла оқсоқолларига газ учун ҳар бир хонадонга 152 минг сўмдан солиқ солишни буюрди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган жомбойлик манбага кўра, аҳолининг газдан қарзи бор-йўқлигидан қатъий назар, бир чеккадан ҳар бир хонадонга шундай солиқ солинган:

- Мен ўзим Аҳмаджон Қурбонов маҳалласида яшайман. Онам туман касалхонасида ишлайди. Ҳар ойда маошидан 160 минг сўм газга, светга деб автоматический ушлаб қолишади. Маҳалламиз раиси газ идораси ходимлари билан биргаликда юриб, ҳар бир хонадон эгасини 152 минг сўмдан тўлашга мажбур қилишаяпти. Маҳалламиз раиси Роҳатой опа Рўзиеванинг айтишича, ким бу пулни тўламаса¸ газдан узиб ташланар экан, дейди жомбойлик манба.

Суҳбатдошнинг айтишича, одамларнинг ишхонадан газга пул ўтказганини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам тан олинмаяпти:

- Аслида газ идораси биздан қарздор. Газнинг ўзи деярли йўқ ҳисоби. Босим жуда паст, битта чой ярим соатда қайнайди. Лекин ҳеч ким тўланган пуллар ва ҳисоблагичдаги рақамларни солиштирмайди. Булар энди талаб қўяяптики, агар 100 фоиз аҳоли 152 минг сўмдан берса¸ газ босими кўпаяди, деб. Лекин бу ваъдаларнинг ҳаммаси ёлғон эканлигини халқ яхши билади, деди жомбойлик манба.

Озодлик бу масала юзасидан изоҳ олиш мақсадида Жомбой тумани ҳокимлиги билан боғланди. Туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Азамат Ашуров, ҳар бир хонадонга 152 минг сўмлик солиқ солинганини тасдиқлар экан, бу аҳолининг газдан қарзини қоплаш учун қилинаётганини таъкидлади:

- Кенг жамоатчилик билан маслаҳатлашган ҳолда¸ туманга олинган газнинг пулини қоплаш мақсадида¸ кўп сонли истеъмолчилар шундай масалага келишилган. Ҳозирги қиш кунларида қарзларини тўлолмаётган, кам таъминланган ва ногирон оилаларнинг газларини узиб, уларни совқоттириб қўйиш менинг вазифамга кирмайди, дейди Азамат Ашуров.

Ҳоким ўринбосарига кўра, айни пайтда туманнинг газдан қарзи 2,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Жомбой туманида истиқомат қиладиган пенсионер Холиқназар Ғаниев Озодлик билан суҳбатда ҳокимликнинг "ғамхўрлиги" остида бошқа гап борлигини айтади:

- Тўғри¸ ҳокимлик кам таъминланган оилаларнинг газини кесмай ўзини ғамхўрдай қилиб кўрсатаяпти. Аслида бу ғамхўрлик эмас,балки туманнинг газдан бўлган қарзини узиш учун ўйлаб топилган тадбир. Қарздорлик учун¸ албатта¸ ҳукуматнинг ўзи айбдор. Вақтида олсин эди қарзини. Бу бир томони. Иккинчидан халқ айтадики, Райгаз келишиб бошида катта одамлар турган иссиқхона ва бошқа кичик корхоналарга пора эвазига газни беради. Сарфланган газнинг харажатини эса халққа сочиб юборади. Бу гапда жон бор деб ҳисоблайман, дейди Холиқназар Ғаниев.

“Ўзбекнефтьгаз” миллий ҳолдинг компанияси маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда йилига 60 миллиард куб метрдан зиёд газ қазиб олинади.

Ўзбекистон газининг асосий харидорлари Россия, Хитой, Қозоғистон ВА Қирғизистондир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG