Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:26

БМТ Бош котиби Қишки Олимпиада арафасида гомосексуалларни ёқлаб чиқди


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.
БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Халқаро Олимпия қўмитаси олдида қилган чиқишида гомосексуалларнинг камситилиши ва уларга қарши ҳужумларни қоралади. Россия Презденти Владимир Путин Сочи олимпиадаси пайтида гейлар ҳуқуқлари камситилмаслигини ваъда қилган бўлса-да, ҳукумат мулозимлари 6 феврал куни бошланадиган Қишки Олимпиадада қатнашадиган спортчи ва меҳмонларни гомосексуализмани тарғибот қилишга қарши қонунни бузмалсикдан огоҳлантирмоқда.



Бан бу фикрни пайшанба куни Россиянинг Сочи шаҳрида, 2014 йилги Қишки Олимпия ўйинлари очилиши арафасида баён қилди.

Унинг баёноти Россияда “гей тарғиботига” қарши деб аталувчи қонуннинг қабул қилингани халқаро миқёсда қораланаётган пайтга тўғри келмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ғарб давлатлари 2013 йилнинг июнида қабул қилинган қонунни гейларни камситиш воситаси ўлароқ танқид остига олган. Танқидчилар қонун гейлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳар қандай фаолиятни тақиқлашидан хавотир билдириб келади.

Бан ўз нутқида Россияни алоҳида тилга олмади, лекин жинсий озчилик вакилларига нисбатан таъқиб номақбул эканини таъкидлади.

- Биз лесбианлар, гейлар, бисексуаллар, транссексуаллар ёки хунасаларга нисбатан ҳужумларга қарши баландроқ овоз билан туришимиз керак. Улар юзма-юз келаётган ҳибсга олиш, қамоққа ташлаш ва бошқа турдаги камситиш ҳолларига қарши туришимиз керак, деди БМТ раҳбари.

Бан Ки Мун Олимпия ҳаракати одамларни ирқи, дини ёки жинсий ориентацияси кўра ажратиш эмас, уларни бирлаштиришга қаратилган деган ғояни ёқлаб, бундай деди.

- Олимпия ўйинлари одамларни ёши, ирқи ва синфи, дини, иқтидори, жинси, жинсий ориентацияси ёки ўзини қайси жинсга мансуб деб билишидан қатъий назар спортнинг одамларни бирлаштира олиш қудратини кўрсатади. Олимпия ўйинлари ҳар бир одамнинг кўриниши, келиб чиқиши ёки улар нима учун севишларидан қатъий назар бир ҳил шарт-шароитда беллаша олиш имконини олқишлаш фурсатини беради, деди БМТ бош котиби.

Россия Презиенти Владимир Путин мусобақа пайтида гейларга қарши камситиш ҳолатлари бўлмаслигига халқаро ҳамжамиятни ишонтиришга уриниб келмоқда.

Лекин айни пайтда, Путин ҳукумати мулозими Сочига келаётган спортчи ва меҳмонларни Россиянинг “гей тарғиботига” қарши қонунни бузмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Бош вазир ўринбосари Дмитирий Козак гомосексуаллар “ўз тарғиботини катталар орасида олиб бориши мумкинлиги, лекин болаларни тинч қўйишлари керак”, дея таъкидлади.

- Биз одамларни жинсий ориентацияси, дини ёки миллатига қараб ажратмаймиз. Бу масалада ҳеч нарса бўлмайди. Аввал ҳам айтганимдек, катталар ўз шахсий ҳаётларида қандай ҳатти-ҳаракат қилишларини ўзлари ҳал қилишга ҳақлидир. Улар ўз жинсий ориентацияси ҳақида катталар орасида тарғибот олиб боришга ҳақли, лекин улар болаларни тинч қўйишлари керак, деди Козак.

Январ ойида президент Владимир Путин гомосексуаллар Сочида бемалол юришлари мумкинлигини ваъда қилган, лекин у ҳам “болаларни тинч қўйиш” ҳақида огоҳлантирган эди.

Пайшанба кунги чиқишида Козак спортчиларни “гей тарғиботи” масаласини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқишдан огоҳлантирди. Олимпия Низоми ва Россия қонунларига кўра, спорот мусобақалари пайтида сиёсий тарғибот олиб бориш тақиқланганини эслатди мулозим.

Халқаро Олимпия қўмитаси “Олимпия ўйинлари ўтказиладиган иншоотларда сиёсий, диний ёки ирқий тарғиботга қаратилган ҳар қандай намойиш ўтказиш тақиқланганини” айтиб келади.

Лекин, ўтган ҳафта Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Баҳ спортчилар Олимпиада пайтида ўтказиладиган матбуот анжуманларида “сиёсий баёнот беришлари” мумкин, дея билдирди.

Сочи Олимпия ўйинлари пайтида террорчилик ҳуружлари эҳтимолига оид ташвишлар масаласига тўхталган Козак ҳукумат мусобақалар пайтида хавфсизликни таъминлаш чораларини ишлаб чиқишда турли давлатлар билан ҳамкорлик қилганини таъкидлади.

Террорчилик хавфи ҳар қандай йирик тадбирда бўлади деган Козак, Сочидаги хавфсизлик чоралари Қўшма Штатлар ёки Британиядаги йирик шаҳарларда кўриладиган чоралардан қолишмайди, дея таъкидлади.

- Яна бир марта айтаман Сочи шаҳридаги хавфсизлик даражаси Нью Йорк, Лондон, Вашингтон ёки Бостондагидан қолишмайди, деди Россия мулозим.

Козакнинг бу баёнотидан бир кун аввал, АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Россияга парвозлар амалга оширадиган авиаширкатларини террорчилар тиш пастаси тюбикларида портловчи моддаларни самолёт бортига олиб ўтишлари мумкинлигидан огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG