Линклар

logo-print

Хавфсизлик кенгаши Сурия кимёвий қуролларини зарарсизлантириш ишлари кечикаётганидан хавотирда


БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурия ўз арсеналидаги энг хавфли кимёвий қуролларни мамлакатдан олиб чиқиш жараёнини тезлаштириши кераклигини билдирди.

Шу билан бирга, кенгаш Сурияда кимёвий қуролсизлантириш ишлари белгиланган муддатлардан кечикаётгани туфайли “чуқур ташвишда” эканини маълум қилди.

Дастлабки келишувларга кўра, Дамашқ ўз арсеналидаги энг заҳарли кимёвий қуролларни 31 декабргача, бутун кимёвий арсенанили эса 5 февралгача мамлакатдан чиқариб юбориши керак эди.

Россиянинг билдиришича, Сурия ҳукумати кимёвий арсеналини бутунлай йўқ қилиши учун 30 июнга белгиланган муддатни узайтирмоқчи.

Сурия президенти Башар Ассадга кўра, кимёвий қуролларни зарарлантириш ишлари хавфсизлик масалалари ва технологиялар етишмаслиги туфайли кечикмоқда.

Бироқ БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва мутаҳассислар бунинг учун Сурияда етарлича материал ва технологиялар борлигини айтмоқда.

Ўтган йилнинг август ойида Дамашқ яқинида уюштирилган кимёвий ҳужум натижасида юзлаб киши ҳалок бўлган эди.

Халқаро босим ва АҚШнинг ҳужум бошлаш ҳақидаги таҳдидларидан сўнг Сурия ўз арсеналидаги кимёвий қуролларни мамлакат ташқарисида йўқ қилинишига рози бўлган эди.
XS
SM
MD
LG