Линклар

Жамоат жойларида қулоққа наушник тақиб юриш тақиқланиши мумкин. “Ўзстандарт” агентлиги журналистга ахборот беришдан бош тортди. Инглизлар “cotton”ни Навоийдан ўрганган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Чкалов авиазаводига янги ном берилди”

В.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси “Тошкент механика заводи” сифатида қайта ташкил этилди (“XXI аср”, 6 феврал). Корхона акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилишида ана шу қарор қабул қилинган. Хабарга кўра, ҳар хил деталлар ва механик ускуналарни ишлаб чиқариш ва йиғишга ихтисослашадиган завод Ил-114 ва Ил-76 русумли самолётлар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш йўналишини сақлаб қолади. Айни пайтда ушбу заводда қурилиш конструкциялари, маиший истеъмол маҳсулотлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзстандарт” агентлиги журналистга маҳсулот сертификати ҳақида ахборотни беришдан бош тортди”

“Ўзстандарт” агентлиги маҳсулот сифатига доир маълумотларни беришни уч ҳафтага чўзди (“Новый век”, 6 феврал). Газета мухбири бу борада ахборот олиш учун кутиш билан бирга, агентликка бир неча марта қатнаган. Айни пайтда, агентлик тизимидаги республика сертификат маркази раҳбари А. Зокиров номаълум сабабга кўра “Новый век” мухбирига озиқ-овқат маҳсулотлари берилган мувофиқлик сертификатига доир статистикани беришдан бош тортган. Журналист Т.Ўринбоевага кўра, маҳсулот сифатига масъул бўлган мансабдорлар негадир истеъмолчилар учун муҳим саналган маълумотларни ошкор этишни унчалик хушламайди.

“7 йил олдинги мудҳиш жиноят фош қилинди: она ўз ўғлини ўлдиртирди”

Сурхондарё вилоятида бундан 7 йил аввал амалга оширилган мудҳиш жиноят фош қилинди (“Ҳуқуқ”, 6 феврал). Бу ҳақда Сурхондарё вилояти прокурори ўринбосари Улуғбек Эгамбердиев хабар беради. Исми ошкор этилмаган 80 ёшли онахон ичиб келиб ҳамиша жанжал чиқаришга одатланган ўғлини ўлдиртирган. Воқеа 2006 йилнинг октябрида рўй берган. Ўғлининг хурмача қилиқлари ва калтаклари жон-жонидан ўтиб кетган она икки ўғлига укаларини ўлдиришни буюрган. Акалар бўғиб ўлдирилган жигарларининг жасадини ҳожатхонага ташлаб юборишган. Шундан кейин хонадон эгалари жиноятни яшириш мақсадида ушбу уйни сотиб, бошқа жойга кўчиб кетишган. Укалари ҳақида эса “Россияга ишлагани кетди” деб гап тарқатишган. Уйни янги сотиб олган кишининг болалари кетма-кет касал бўлавериши ортидан бошланган суриштирувлар мудҳиш жиноятнинг очилишига сабаб бўлган. Ноқобил ўғлини ўлдиртирган она ва қўли қонга ботган акалар тегишли жазога тортилгани хабар қилинган.

“Жамоат жойларида қулоққа наушник тақиб юришни тақиқлаш таклиф қилинди”

Ўзбекистонда пиёдалар иштирокида рўй бераётган йўл транспорт ҳодисаларига уларнинг қулоғига наушник таққани туфайли транспорт сигналини эшитмай қолаётгани ҳам сабаб бўлмоқда (“Инсон ва қонун”, 4 феврал). Газетага кўра, йўлларда ва жамоат жойларда қулоққа наушник тақиб мусиқа эшитиб юриш ҳайдовчининг ҳаракат пайти телефонда гаплашиши, камар тақмаслиги, маст ҳолда автоулов бошқаришидан ҳам хавфли ҳолат. Журналист Д.Эргашева шуни инобатга олиб, жамоат жойларда, дарсларда ва йўл ҳаракати гавжум жойларда наушник тақиб юриш расман ман этилиши кераклигини таъкидлайди. Айни пайтда, муаллиф наушник тақиб юриш саломатликка зарар экани, вақт ўтиши билан у бош оғриши, қулоқ шанғиллаши ва охир-оқибат карликка олиб келишини ёзади.

“Иш пайти ногирон бўлиб қолган фуқаро Навоий кон металлургия комбинатидан товон пули ундиролмаётир”

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Карнаб қишлоғида яшовчи Азизбек Илиев иш пайти тан жароҳати олган ва майиб бўлгани сабабли 50 фоизга иш қобилиятини йўқотган (“Адолат кўзгуси”, 6 феврал). Тиббий комиссия Илиевни III гуруҳ ногирони деб хулоса берган. Қонунчиликка кўра, Азизбек Илиевга у ишлаган муассаса – Навоий кон металлургия комбинати бир йиллик иш ҳақи миқдорида товон пули тўлаши лозим. Аммо Илиевга ҳозирча товон пули берилмаган. Самарқанд вилояти меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси ушбу мажбуриятни бажариш бўйича комбинатдан ваъда олинганини маълум қилган.

Ёнғин қоидасини бузган 10 мингдан ошиқ мансабдор жазоланган”

2013 йилда Ўзбекистонда рўй берган ёнғинларнинг 72,4 фоизи аҳоли тураржойларига тўғри келган (“Ўзбекистон овози”, 5 феврал). Ички ишлар вазирлиги расмийси Анвар Худойқуловга кўра, ёнғинларнинг 39 фоизи оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 28,5 фоизи электр жиҳозларининг носозлиги, 17,4 фоизи иситиш печларидан нотўғри фойдаланиш ва 10,8 фоизи болаларнинг олов билан ўйнаши оқибатида содир бўлган. Текширувлардан кейин ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 10170 нафар раҳбар ва жавобгар шахс 354 миллион сўмдан ортиқ миқдорда маъмурий жавобгарликка тортилган. Ёнғин эҳтимоли мавжуд бўлган 3823 та бино ва иншоотларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилган.

“Ўзбекистон аэропортларида қўл юки орасида суюқлик олиб ўтиш ман қилинди”

Жорий йил 1 февралдан Ўзбекистон аэропортларидан учиб ўтадиган йўловчиларга ҳаво кемаси саҳнида қўл юки таркибида барча турдаги суюқликлар, аэрозоллар ва гелларни олиб кетиш тақиқланди (“Оила даврасида”, 6 феврал). Суюқликлар йўловчиларнинг рўйхатдан ўтказилган багажига жойлаштирилиши лозим. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниясига кўра, истисно тариқасида болалар овқати ва парвоз вақтида мунтазам талаб этиладиган дори воситалари олиб кетишга рухсат этилади. Болалар овқати ва дори воситалари шаффоф, зич ёпиладиган, ҳажми 1 литрдан кўп бўлмаган пластик пакетларга жойлаштирилган бўлиши керак.

“Инглизлар “cotton” – пахта сўзини Навоийдан ўрганган”

Инглиз тилидаги “сotton” – пахта сўзи Алишер Навоий ишлатган катон (канопдан тўқилган кийимлик маъносида) сўзидан олинган (“Диёнат”, 6 феврал). “Бинобарин, даласига пахта экмаган инглизларнинг тилида уни ифодаловчи сўз аслида бўлмаган... Инглизлар пахта тилларида номлаш учун канопни билдирувчи cotton сўзини ола қолишган ва Навоий асарларидан аёнки, у бизнинг сўздир” деб ёзади муаллиф Р.Умматов. “Адмирал, алгебра, утюг, кирпич, карандаш деган аллақанча сўзларимиздан европаликлар фойдаланмоқда.... Француз фантасти Жюл Верн “Клодиус Бомбарнак” романида паранжи, қушбеги, девон каби ўзбек сўзларини қўллайди. Сипай кимлиги ҳар бир инглизга аён – аскар, жангчи дегани, у биздаги сипоҳ, сипоҳий сўзининг бузилган шаклидир” деб ҳисоблайди муаллиф.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG