Линклар

Ўзбекистондаги украин диаспораси Киевдаги "евромайдончилар"ни қўллаб Тошкентда пикет ўтказган саккиз фаол ҳатти-ҳаракатларини қоралаб чиқди. Францияда яшовчи украиналиклар эса ўзбекистонлик "евромайдончилар"ни қўллаб намойишга чиқди.



Ўзбекистон Байналмилал маданият марказида пайшанба куни ўтказилган украин ва қрим-татар диаспораси вакилларининг йиғинида унинг қатнашчилари Тошкентдаги Украина элчихонаси ҳамда Тарас Шевченко ҳайкали олдида Киевдаги “евромайдончилар”ни қўллаб пикет ўтказган 8 ўзбекистонлик фаолларнинг ҳатти-ҳаракатларини қоралашди.

Йиғинда нутқ сўзлаган Тошкентдаги “Славутич” деб аталувчи Украина маданият маркази раҳбари Владимир Бойко ўзбекистонлик фаолларнинг ҳатти-ҳаракатларини провокация деб атаган.

Ўзбекистон ҳукумати назоратидаги UzDaily.uz нашри жаноб Бойконинг “Бу аферистлар ноқонуний ҳаркатлари учун лойиқ жазони олишади, деб умид қиламиз. Уларнинг ҳатти-ҳаракати Ўзбекистондаги украин диаспораси фикрини акс эттирмайди”,- деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Украина маданият маркази раҳбари Владимир Бойко Озодлик билан суҳбатда бу ҳақда гапиришни истамади.

- Сайтда ўқинг, ҳаммаси бор. Бу учрашувга журналистларни ҳам таклиф этган эдик. Телефонда бу ҳақда гапирмоқчи эмасман,- деб гапни қисқа қилди Бойко.

Ўтган ҳафтада Украинадаги намойишчиларни қўллаб Тошкентдаги Украина элчихонаси олдида пикет ўтказган 8 фаол тезкор маҳкама қарори билан 15 кунлик қамоққа ва турли жарималарга ҳукм этилган эдилар.

Жумладан, Тошкентдаги “Британия кенгаши” ўқитувчиси Алексе Улько, “Оригами қанотлари” рок гуруҳи лидери Ашот Даниэлян ва акциянинг яна бир иштирокчиси Артем Люднийлар 15 кунга қамоққа ташланди.

Таниқли фотограф ва кинодокументалист Умида Ахмедова, унинг ўғли Тимур Карпов ва бошқа фаоллар эса 20-30 минимал ойлик миқдорида жаримага тортилди.

Фаолларга рухсат этилмаган митинг ўтказиш айблари қўйилган.

Умида Аҳмедова Озодлик билан суҳбатда уларнинг ҳаракати ҳеч қандай сиёсий акция ёки намойиш бўлмаганини айтган.

- Украиналик дўстлариб билан бирга эдим ўша куни. Ўзи украиналик, уйланиб бу ерда қолиб кетган Артём, таржимон Алексе Улько, музикант Ашот Данэлянлар. Улар айтишдики ҳеч кимда айб йўқ. Бу бизни туйғумиз, Украина бизни ватанимиз, деб айтишди. Шунинг учун уларни 15 суткага қамаб қўйди, - дейди Аҳмедова.

Францияда яшовчи украина диаспораси вакиллари эса чорашанба куни Парижда ўзбекистонлик саккиз “евромайдончи” фаолнинг жазоланишига қарши норозилик намойиши ўтказди.

Парижнинг Place Chassaigne Goyon майдонида улар ҳимоясига ўтказилган намойишда ўнлаб журналистлар ва ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари қатнашди.

Намойишчилар қўлларида “Янукович - диктатор”, “Каримов – диктатор”деган ёзувлар битилган плакатларни кўтариб турдилар. Олдинига ушбу акция Ўзбекистон элчихонаси олдида ўтказилиши керак эди. Лекин, полиция бунга руҳсат бермаган.

Намойиш қатнашчиларидан бири Франциядаги Ўт юраклар клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева: “Ўзбекистонда фуқаролар ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқларидан маҳрум. Улар ўз фикрини ифода тишнинг ҳар қандай усули жиноятга тенглаштирилади. Шу муаммога европаликлар эътиборини қаратиш учун биз бу намойишни ўтказдик”, - дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли.

Тожибоева фикрича, Украина маданият маркази раҳбарининг баёнотлари Ўзбекистондаги украина диаспораси вакилларининг фикрини акс эттирмайди.
-Ўзбекистондаги Украина маданият маркази ходимлари аҳволини тушиниш мумкин. Ўзбекистонда вазият ҳаммага маълум, у ерда яшовчи бошқа диаспора вакиллари ҳам ҳукуматни истаган фикрини сайраб гапириб бериши мумкин, - дейди Тожибоева.

Шундоқ ҳам араб инқилобларидан қаттиқ хавотирга тушган Ўзбекистон ҳукумати ҳозир мамлакат бўйлаб чеклов ва текширувларга кучайтирмоқда.
Украинада кечаётган сиёсий жараёнлар Ўзбекистон раҳбариятини янада кўпроқ хавотирга солмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG