Линклар

Владимир вилоятида газ баллони портлаши натижасида нобуд бўлган беш нафар меҳнат муҳожирини Ўзбекистонга жўнатишга тайёргарлик кўрилмоқда. Шифохонада қолаётган яна икки ўзбекистонликнинг аҳволи ўртача оғирликда экани хабар қилинди.



Владимир вилояти бўйича Россия Тергов қўмитаси Мелехово қишлоғидаги портлаш оқибатида беш нафар ўзбекистонликнинг ҳалок бўлгани ва яна икки нафари жароҳат олгани юзасидан дастлабки тафтиш натижаларини очиқлади.

Владимир вилояти Тергов қўмитаси матбуот хизмати раҳбари, адлия полковниги Ирина Минина, Озодлик билан суҳбатда, Ковров туманидаги “Россельхозхимия” корхонасидаги портлашда жароҳатланган ўзбеклар Россияда яшашга рухсатномаси бўлгани, бироқ бу корхонада меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлмаганини айтади.

- Ҳодиса жойида топилган портлаб кетган иккита газ баллони ва икки комфоркали плиткадан фойдаланилган маиший хизмат хонасида ишчилар яшаб келгани маълум бўлди. Улар бу ерда овқат тайёрлаган, яшаган, ишлаб чиқариш қўшни бинода бўлган. Улар ойна ювиш суюқлигини идишларга қуйиш билан шуғулланган. Россияда улар легал ҳолатда яшаб келган, аммо корхонада ишлашга рухсати бўлмаган. Ўзбекистон фуқароси бўлган 7 нафар ишчи 2013 йилдан буён Россияда яшаб келган, биттаси ҳодисадан бир кун олдин Ўзбекистондан келган, дея маълумот берди Ирина Минина.

Тергов қўмитаси вакиласи ҳозирда “Россельхозхимия” кимё корхонасида текширув ишлари олиб борилаётгани ва хавфсизлик қоидаларини қўпол бузган раҳбариятни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи кўрилаётганини қўшимча қилди.

Ирина Минина ўзбекистонлик мигрантлардан соғ-омон қолган бир киши миграция қонунчилигини бузгани учун жавобгарликка, яъни 2 минг рубл жаримага тортилгани, шифохонада қолаётган иккита қонунбузар муҳожир масаласи уларнинг соғайиб кетганидан кейин ҳал этилишини билдирди.

Айни пайтда, Ўзбекистондан Владимирга қурбон бўлган ўзбек муҳожирларининг яқинлари етиб келгани маълум бўлди. Жабрланганлар масаласи билан шуғулланаётган Владимир шаҳридаги “Дўстлик” Ўзбеклар жамияти раиси ўринбосари Тўхтасин Дайдиев вазиятни бундай тасвирлайди:

- Ҳозир бевосита ҳужжат расмийлаштирилаяпти, жабрланганларнинг қариндошлари келган. Кимнингдир опаси, кимнингдир акаси, амакиси келган... Иш берувчи ҳам қўлидан келган ёрдамни кўрсатди. Болницада икки киши қолмоқда. Ўтган куни бориб кўрганимда, врачлар билан гаплашганимда, уларнинг аҳволи ўртача оғирликда – ёмон ҳам эмас, яхши ҳам эмаслигини кўрдим. Юзи, бели куйган,- дейди Тўхтасин Дайдиев.

Владимир вилояти Ўзбеклар жамиятида Озодликка Владимир вилояти Ковров тумани Мелехово қишлоғидаги “Россельхозхимия” корхонаси ҳудудида пропан газ баллони портлаши натижасида жабрланган ва нобуд бўлган ўзбекистонликлар рўйхатини тақдим этишди.


Ўлганлар:
Бобожонов Санъатбек Оллоёрович - Оилали, битта қизи бор.
Жуманиёзов Шермат Сатимович - Оилали, бир уғил ва бир қизи бор.
Қобулов Баҳодир Раҳимович - Оилали, бир уғил ва иккита қизи бор.
Худойшукуров Искандар Ибодуллоевич - Оилали, уч уғил ва бир қизи бор.
Мирзаев Дилмурод Холмуродович - Оилали, бир уғил ва бир қизи бор.

Жароҳат олганлар:
Матчонов Усмонбек Исломбек ўғли - оиласиз.
Тўраев Камолбек – оилали.

Портлаш содир бўлишидан бир неча дақиқа олдин ташқарига чиқиб, тирик қолган Курязов Хошимжон ҳам оилали – икки ўғил ва икки қизнинг отаси.

Жабрланган ва нобуд бўлган фуқаролар Ўзбекистоннинг Хоразм ва Навоий вилоятларидан экани маълум.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг 2 февраль куни кечки соат 10 атрофида Владимир вилояти Ковров тумани Мелехово қишлоғидаги “Россельхозхимия” корхонаси ҳудудида пропан газ баллони портлаши натижасида юз берган ёнғинда икки қаватли бино қулаб тушди.

Келиб чиққан ёнғин оқибатида 4 ўзбекистонлик ҳодиса жойида куйиб ўлди, 3 киши оғир жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилди.

Куйган меҳнат муҳожирларидан бирининг жони шифохонада узилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG