Линклар

Медиамагнат Фирдавс Абдухолиқов ҳукумат мажлисида кўриниш берди


Ўтган йилнинг охирида Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Ўтган йилнинг охирида Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида ҳуқуқий тарғибот соҳасига ихтисослашган журналист кадрлар тайёрлашнинг истиқболлари мавзуида ўтган ҳукумат мажлисида таниқли медиамагнат Фирдавс Абдухолиқов ҳам иштирок этди. Бу ҳақда “Озодлик”ка мобиль мухбирларимиздан хабар етиб келди.


Маълум бўлишича, ҳукумат мажлисида мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, Парламент депутатлари, журналистикага ихтисослашган олий ўқув юрти педагоглари ҳамда ҳукумат вакиллари иштирок этган.

Айнан таниқли медиамагнат Фирдавс Абдухолиқов мажлисда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассосиацияси раҳбари сифатида кўринган.

Ҳолбуки, медиамагнат Абдухолиқов Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова теварагидаги можаролар туфайли сиёсий саҳнадан ғойиб бўлган, ҳатто унинг МХХ Самарқанд вилояти бошқармасининг ертўласида сўроқ бераётгани айтилганди. Унга тегишли СТВ телерадионакаллари тармоғи, бир қанча кўнгилочар газеталар ёпилганди.

“Афтидан, Фирдавс Абдухолиқов ўйинлардан омон чиққанга ўхшайди. У парламент ҳузуридаги НТТлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди раҳбари Акмал Саидов билан ўтирди. Кайфияти, кўриниши ҳам яхши эди”, дейди мажлис иштирокчиларидан бири.

Исми сир қолишини сўраган маҳаллий журналистлардан бирининг айтишича, Фирдавс Абдухолиқовни икки кун олдин Самарқандда кўришган:

- Самарқандга келиб, СТВга кирибди. Ўша ерда "мен Тошкентга кетяпман, ёпилган каналларни очиш билан шуғулланаман", деб чиқиб кетган экан, дейди журналист.

Журналистнинг фикрича, Фирдавс Абдухолиқовнинг яна катта саҳнада пайдо бўлиши томонларнинг ўзаро келишуви билан боғлиқ бўлиши мумкин:

- Фирдавс Гулнора Каримованинг асосий пиаршиги эди. Гулнора устида қора булутлар айлана бошлаганидан сўнг у ҳам ғойиб бўлган ва унга тегишли барча телеканаллар, газеталар ёпилган эди. Энди эса томонлар компромиссга келишган кўринади. Компромисс деганда, "энди Гулнорадан узоқлашасан, фақат бизнинг айтганимизни қиласан", деган шартлар қўйилган шекилли. Бу тоифадагилар энди жуда арзонга сотиладиган нарсалар, манфаат бор жойда ҳамма нарсани сотиб кетадиганлар қавмидан бўлади, дейди маҳаллий журналистлардан бири.

Эслатиб ўтамиз, Фирдавс Абдуҳолиқов ўзбекистонлик йирик медиамагнат сифатида ҳар доим матбуот диққатида турган фигуралардан бири бўлган.

У 1992-1995 йилларда Ўзбекистонда илк нодавлат телеканал ва газета очиш билан бирга 2004 йилдан буён мамлакатдаги 60дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилиб келган.

Бундан ташқари, кейинги йилларда у Ўзбекистон Президенти қизи Гулнора Каримова етакчилигидаги FondForum ташкилоти тадбирларида ҳам фаол иштирок этаётган амалдорлардан бири сифатида муттасил матбуот кўз ўнгида қолаётган эди.

Фирдавс Абдуҳолиқов Самарқанд прокуратурасига терговга чақирилгани айтилган кундан бошлаб матбуот билан мулоқот қилмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG