Линклар

Россиянинг Сочи шаҳрида жума куни Қишки Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиши маросими бўлаётган бир пайтда Харьков-Истанбул йўналишида учаётган самолётни Сочига буришга уриниш бўлди.

Жума оқшомида Харьков-Истанбул йўналишида учаётган самолётда украиналик йўловчи учқични Сочи томон бурдириш мақсадида учувчилар кабинасига киришга уринган.

Йўловчи ёнида бомба борлигини айтиб, самолётни портлатиб юбориш билан таҳдид қилган.

Шундан сўнг учувчилар йўловчини тинчлантириб, тревога сиренасини ишлатишган.

Туркиянинг Ф-16 қирувчи учқичлари осмонга кўтарилиб, учқични Истанбул аэропортига қўндиришган.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги учқични олиб қочишга уриниш бўлганини тасдиқлади.

Украина Хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, йўловчи маст аҳволда учувчилардан самолёт йўналишини ўзгартиришни ва Сочига учишни талаб этган.

Учувчи кабинасига киришга уринган украиналик йўловчи 45 ёшли Артём Хозлов экани айтилмоқда.

Самолёт бортида бўлган 109 йўловчининг бири, туркиялик Месут Кўч самолёт бортида рўй берган ҳодиса ҳақида қуйидагиларни айтади:

- Ёнида бомба борлигини айтиб, агар учувчилар самолётни Олимпиада бўлаётган Сочига бурмаса, уни портлатиб юборишини талаб қилди. Биз уни русча айтган гапларини кўп тушунмадик. Кейин жойига келиб ўтирди ва уч соат давомида жойидан жилмади, - дейди Месут Кўч.

Pegasus Airlines ширкатига тегишли самолёт Украинанинг Харьков шаҳридан Туркиянинг Истанбул шаҳрига учаётган бўлган.

Самолёт Истанбулнинг Сабиҳа Гўкчен халқаро аэропортига қўниши билан украиналик ҳибсга олинган.

- Самолёт Истанбулга қўнганида бизни учқични орқа тарафидан чиқаришди. Чиқишимиз билан хавфсизлик кучлари учқичнинг остидан ва олд қисмидан бостириб кириб, салонни текшира бошлади, - дейди туркиялик йўловчилардан бири Кенан.

Самолет текширилганида қурол ҳам, портлатгич ҳам топилмади. Ҳодиса пайти ҳеч кимга талафот етмади.

Сочи Олимпиадаси ташкилий қўмитаси раҳбари Дмитрий Чернишенко учқични олиб қочишга уриниш бўлгани ҳақида ўша заҳоти хабар олганликларини айтди.

- Бу ҳодиса ҳақида хабар топдик. Жиддий таҳдид йўқ эди. Бу безорилик амалини Украина ва Туркия хавсизлик идоралари устамонлик билан бартараф этишди, - деди Чернишенко.

Ўтган йили Кавказдаги чечен қуролли гуруҳлари Сочи Олимпиадаси чоғида террор хуружларини амалга ошириш билан пўписа қилган эди.

Буни ортидан Сочида хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилган.
XS
SM
MD
LG