Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:12

Биопаспорти бўлмаганлар хорижга чиқарилмайди


Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари хорижга фақат биометрик паспорт билангина чиқа оладилар. Бу шарт Вазирлар Маҳкамасининг 6 февралда чиқарилган ва “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган қарорида ўз аксини топган.


Бу ҳақда Ўзбекистонда фаолият юритувчи қатор сайтлар хабар қилади.

Ҳукуматнинг мазкур қарори, ҳужжатда айтилишича, “паспорт тизимини замонавий халқаро стандартлар ва талабларни ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг халқаро чегара-ўтказиш масканларида паспорт назоратидан ўтиш процедурасини осонлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш” мақсадида қабул қилинган.

Қарорда 1 июлдан бошлаб ўзбекистонликларга поезд ва самолёт чипталари ҳам биометрик паспорт асосида расмийлаштирилиши ва сотилиши қайд этилган.

Хорижга чиқиш учун ички виза олишга Ўзбекистондаги масъул идоралар биометрик паспорт талаб қилаётгани, биопаспорти бўлмаганларга бундай виза берилмагани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Ўзбекистонда кўплаб фуқаролар сўнгги пайтларда янги биометрик паспорт олиш билан боғлиқ мушкулотлар қаршисида қолишган.

Одатда 10 иш кунида берилиши керак бўлган паспорт бир ойдан ошиқроқ вақт ичида, баъзи ҳолларда ундан ҳам кўп вақтда берилади.

Паспорт столидагилар паспорт олиш учун мурожаатлар кўпайиб кетгани боис паспорт тайёрлаш жараёни чўзилиб кетаётганини айтишади.

Бу муаммо, афтидан, ҳукуматдагиларга ҳам маълум. Ҳар ҳолда, 6 февралда чиққан қарорда Вазирлар маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш маркази, Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигига хорижга чиқадиган фуқароларга ўз вақтида биометрик паспорт расмийлаштириб беришни таъминлаш топширилган.

Ҳукумат қарорига кўра, 1 июлдан бошлаб Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси фуқароларнинг хорижга янги талабларга мувофиқ равишда чиқишини назорат қилиши лозим.

Ўзбекистонда биометрик паспортга ўтиш жараёни 2011 йилнинг 1 январидан бошланган ва бу иш 2015 йилнинг декабр ойига қадар тўла якунланиши кўзда тутилган.
XS
SM
MD
LG