Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:34

Украина мухолифати Киевда яна йирик намойиш ўтказди


9 февраль куни Украинада ҳукуматга қарши яна йирик норозилик намойиш уюштирилди. Киевнинг Мустақиллик майдонидаги тадбир диний уламолар ибодати билан бошланди. Намойишда мухолифатнинг ўн минглаб тарафдори иштирок этди.

Украина Президенти Виктор Янукович Сочида Россия Президенти Владимир Путин билан музокара ўтказиб, ватанига қайтгани ортидан мухолифат Киевнинг Мустақиллик майдонида ҳукуматга қарши йирик намойиш уюштирди.

Тадбирда мухолифат лидерлари Арсений Яценюк, Виталий Кличко ва Олег Тягнибок ҳамда жамоатчи фаоллар чиқиш қилдилар.

Кличко Рейтерс агентлиги мухбири билан суҳбатда намойишдан кўзланган мақсад мамлакат раҳбарига босимни кучайтиришдан иборат эканини айтди.

- Мен бу намойиш тинч ўтиши учун бор имкониятни ишга соламан. Майдон фақат Украина пойтахтида эмас. Майдон ҳар бир кичик шаҳарда бор. Агар одамлар: “Биз бундай қоидалар асосида яшашни истамаймиз”, дейишса, ҳокимиятни ўзгартиришнинг ягона йўли президентга босимни кучайтиришдир, - деди Виталий Кличко.

Якшанба кунги намойишда қатнашган Ольга Ярошевска Украинада юзага келган сиёсий бўҳрон тинч йўл билан ҳал этилишига ишончи комил эмаслигини айтди.

- Тўғрисини айтсам, мен муаммо тинч ҳал бўлишига ишонмайман. Чунки намойишчилар анча вақтдан бери бу ерда тинч туришибди. Лекин Янукович бунга эътибор бермаяпти, - дейди Ольга Ярошевска.

Украина мухолифатига кўра, якшанба куни Мустақиллик майдонидаги намойишга 50 минг одам келган.

Украина ва Россия президентлари ўртасида Сочи Олимпиадасининг тантанали очилиш маросимидан ташқари бўлиб ўтган учрашув Украинада конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ва муддатидан олдин сайловлар ўтказиш борасида мухолифатнинг Януковичга босими кучаяётган пайтга тўғри келди.

Украина ва Россия президентлари ўртасидаги музокарада қандай масалалар муҳокама этилгани ошкор қилинмади.

Учрашувда Россия Украинага ваъда қилган 15 миллиард долларлик ёрдам масаласининг муҳокама этилиши тахмин қилинаётган эди.

Россия Украинада янги ҳукумат тузилмагунча, ёрдам кўрсатилишини вақтинча тўхтатган.

Украинада ҳукуматга қарши оммавий норозиликлар ўтган йилнинг ноябрь ойида президент Янукович Европа Иттифоқи билан ассоциацияга киришиш битимини имзолашдан бош тортиб, Россия билан яқинлашишга қарор қилганидан кейин бошланган эди.
XS
SM
MD
LG