Линклар

logo-print

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Сочида Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўтган ҳафта охирида Сочида Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди.

Хабар агентликларига кўра, икки давлат раҳбарларининг учрашуви 2014 йилги Қишки Олимпия ўйинлари очилиш маросимида қатнашиш учун Сочига қилган ташрифлари доирасида бўлиб ўтган.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарида айтилишича, “самимий ва дўстона” руҳда ўтган учрашувда давлат раҳбарлари икки томонлама “муносабатларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилиб, ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлаган”.

Озодликнинг Туркия Бош вазири маъмуриятидаги манбасига кўра, учрашув ташаббуси Ўзбекистон томонидан илгари сурилган. Қисқа учрашув пайтида, манбанинг маълум қилишича, хавфсизлик ва террорчиликка қарши курашга доир масалалар ҳам кўтарилган. Икки давлат раҳбари учрашуви ҳақида турк матбуотида хабар берилгани йўқ.

Тошкент билан Анқара ўртасидаги муносабатларга кўп йиллардан бери совуқчилик тушгани боис икки мамлакат мулозимлари камдан-кам учрашади. Каримов билан Эрдўғон охирги марта 2003 йил декабрида, Туркия раҳбарининг Тошкентга сафари доирасида учрашган эди.

Таҳлилчилар фикрича Тошкент-Анқара муносабатларидаги совуқчиликка, хусусан, Ўзбекистон мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг бир неча йилдан бери Туркияда муҳожиратда истиқомат қилиши сабаб бўлган.

Каримов Сочида Туркманистон Президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан ҳам учрашиб, Тошкент раҳбарининг яқин орада Ашхободга сафарига доир масалаларни муҳокама қилган.
XS
SM
MD
LG