Линклар

logo-print

Ҳаво ҳарорати -5 даражага қадар илиган 10 февраль куни ҳам 50-80 сантиметрлик қор уюмлари қамалида қолаётган Тошкентда жамоат тарнспорти қатнови ҳануз сийраклигича, хусусий киракашлар хизмати эса қимматлигича қолмоқда. Пойтахтдаги маҳалла, марказий кўчалар бўйларида яшаётган аҳоли ҳамда пойтахт мактаблари жамоалари пиёда йўлаклари ва аксар кичик автомобил йўлларида йиғилган қорни ўзлари курашга мажбур қолаётганини айтмоқда.



Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида истиқомат қиладиган пенсионер Абдуманнон Холжўраев ҳаво бироз илиган 10 февраль куни шаҳар кезишга чиққани ва илк бекатдаёқ ярим соат автобус кутганини айтди.

- Мен Фарҳод бозорига яқин жойдаги бош бекат яқинида тураман, камида 20 минут автобус кутасиз. Жамоат транспорти графиги камида ярим соатга кечикканича турибди. Марказдаги баъзи катта йўлларда ҳам муз. Ҳамма ёқ муз, мен аранг бориб-келдим,- деди Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида истиқомат қиладиган пенсионер Холжўраев.

У 4 ва олти қаторлик автомобил йўлларигагина туз ва қум сепилаётгани, икки қаторли ва бир қаторли асосан аҳоли автомобиллари қатнайдиган кўчалар бўйларида эса, ҳатто 80 сантиметрга қадар қор уюлганини айтади.

- Биз катта кўча ёнида турамиз, иккинчи даражали кўчада кеча оқшом битта катта машина кўмилиб қолиб, одамлар ҳам ўтолмай қолди. У машинани тортиб кетадиган машина ҳам йўқда. Кейин қўни-қўшни шох-шабба ташлаб, йўлни ўзимиз очдик. Мен кейин ҳокимиятнинг Ободонлаштириш бўлимига телефон қилсам: "Биз нима қилайлик, бу Худонинг ҳавосику, Американиям сув босиб ётибдику!" дейди. Шунақа гапларда,- дея хафсаласи пир бўлди кекса тошкентликнинг.

Озодлик мухбири Тошкент шаҳрининг Учтепа ҳокимиятидан бу борада бирор жавоб олишга ҳозирча муваффақ бўлмади.

У 10 февраль куни Тошкент кўчаларини кезар экан, ҳокимият шаҳар кўчаларини тозалашга сафарбар қилган фаррошлар, асосан марказий ва қатнов гавжум бўлган кўчалар ёнидаги йўлакаларни тозалашга сафар бар қилинганига гувоҳ бўлганини айтади.

Марказдан чекка жойлардаги аҳоил пунктлари, ҳатто аксар мактаб ва шифохоналар теграсидаги йўллар эса ушбу муассасалар ходимлари ҳамда уларга яқин аҳоли пунктларидаги маҳалланинг кўнгилли яшовчилари томонидан очилмоқда.

Тошкентнинг Олмазор туманидаги 16-мактаб ўқтувчиси мактаб ўқитувчилари ва фаррошларга маҳалла аҳли кўнгилли равишда ёрдам бераётганини айтди.

"Биз маҳалланинг ичида жойлашганмизда, ўзимизнинг қоровуллар ва эркак ўқитувчилар қорни кураб, болалар юрадиган йўлларга туз сепиб туришибди. Кейин маҳалла комитетидан одамлар келиб ёрдам қилишаяпти. Болалар мактабда қатнаб туришибди, Худога шукр", деди Олмазор туманидаги умумий ўрта таълим мактаби ходими.

Катта йўл ёқасида жойлашган 5-мактаб ходими эса сўнгги кунлардаги қаттиқ совуқ боис, дарслар 10 дақиқага қисқартирилганини айтди.

"10 минутга қисқартирган эдик дарсларни. Қаттиқ совуқ бўлган кунларда. Мана бугундан эски режимга қайтардик. Ҳозир кун илиб қолди", деди мактаб ходими.

Пойтахтдаги 31 мактаб раҳбари эса ўта совуқ кунларда мактабни синф режими - ўқувчилар барча дарсларни битта хонада ўтириб ўқийган режимга ўтказганини айтди.

"Бизда паровой отопление яхши. Болалар совқотмасин, деб синф режими қилдик. Болалар бир хонада ўқишди. Бугундан катта синфлар яна аввалги режимга қайтишди. Бизда дарсларжа узилиш бўлгани йўқ", деди 31 мактаб раҳбари мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Тошкентда 10 февраль кунига келиб ҳам хусусий таксилар хизмати нархи тушмагани, жамоат транспорти қатновидаги узилишлар эса камаймагани кузатилмоқда.

Ўзбекистонда 2 февралдан буён қаттиқ совуқ кузатилмоқда. Тошкент шаҳрида ҳаво ҳарорати -20 даржагача, айрим вилоятларда эса -28 даражагача совуб кетгани кузатилди. Бу йилги қаҳратон қишда Ўзбекистоннинг энг иссиқ вилояти маркази бўлган Термиз шаҳрида ҳам ҳаво ҳарорати -20 даражагача тушиб кетди.

10 февралдан бошлаб эса республикада ҳаво ҳарорати яна илий бошлади. Пойхтатда ҳаво ҳарорати -5 даража, мамлакатнинг шимолий ва жанубий минтақаларида -3 дан -11 даражага қадар илиди.
XS
SM
MD
LG